Эзгу мақсад – юксак натижалар пойдевори

5 Январь, 19:35 • БПТ, Навоий вилояти, Янгиликлар • 68 марта кўрилди • Комментариев к записи Эзгу мақсад – юксак натижалар пойдевори нет

2017 йилнинг 23-24 ноябрь кунлари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Навоий вилоятида ташкил этилган “Маҳаллий Кенгашларда партия позицияси ва электорат манфаатларини ифода этишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги республика ўқув-семинари иштирокчилари тадбир доирасида Кармана туманидаги “GRAND FARM KARMANA” хусусий корхонасидаги бошланғич партия ташкилоти фаолияти билан ҳам танишган эдилар. Бу ерда амалга оширилаётган ишлар, корхона раҳбари ва бошланғич партия ташкилоти раиси Соҳиба Каландарованинг ҳам тадбиркор ҳам БПТ етакчиси сифатидаги самарали фаолияти тадбир қатнашчиларида яхши таассурот қолдирганди.

— Бундай билимдон ва интилувчан, сиёсий жиҳатдан етук, энг асосийси, ташкилотчилик ва етакчилик салоҳиятига эга ёшларни қўллаб-қувватлашимиз, тажрибасини оммалаштиришимиз зарур, — деганди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. – Бугун ҳаммамиз ёш фаолимиз партиямизнинг ғоя ва дастурий мақсадларини юртдошларимиз онгига етказиш, партиявий фаолиятини соғликни сақлаш тизимидаги амалий ишлари билан мустаҳкамлаб бораётганлигининг гувоҳи бўлдик. Корхонада дастлаб етти кишидан иборат бўлган бошланғич партия ташкилоти аъзолари сони қисқа давр ичида “Арғун” маҳалласида яшовчи аҳолини жалб этган ҳолда қарийб эллик нафарга етганлиги ҳам таҳсинга сазовордир. Чунки, партия аъзолари сафини энг муносиб замондошларимиз ҳисобига доимий равишда кенгайтириб бориш БПТлар ва уларнинг раҳбарлари олдида турган масъулиятли вазифалардан биридир.

Соҳиба ўқимишли, меҳнатсевар ва оқил оилада туғилиб ўсди. Олдин умумтаълим ўрта мактабини аъло баҳоларга, кейин Навоий давлат педагогика институтини имтиёзли диплом билан тугаллади. Зарур билимларни эгаллаш билан бир қаторда устозлар панду насиҳатларини онгу шуурига жо этди. Меҳнат фаолиятини “Гранд Фарм Авицена” масъулияти чекланган жамиятида иш юритувчи вазифасидан бошлади. Кейинчалик, турмуш ўртоғи, Москвадаги Плеханов номли иқтисодиёт академияси битирувчиси Санжар Каландаров билан “Алоқабанк”нинг 500 миллион сўмлик кредити кўмагида ўзининг хусусий корхонасини ташкил этди.

Айни пайтда ёш “адолат”чи С. Каландарова раҳбарлик қилаётган тадбиркорлик субъекти нафақат туманда, балки вилоятда энг намунали дорихоналардан бирига айланган десак, муболаға эмас. Бунда, шубҳасиз, Санжар Каландаров, Холмурод Жўраев, Гулзода Арзиқулова, Гулзода Адизова, Гулёра Олимова, Феруза Тоғаева сингари мутахассис ходимлар, бошланғич партия ташкилоти фаолларининг ўз вазифаларига катта масъулият ва билимдонлик билан ёндошаётганлиги қўл келаяпти.

  • Дорихонамизда мингга яқин турдаги, асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори-дармонлар мавжуд, — дейди Соҳиба Каландарова. – Аҳолига сифатли ва замонавий хизмат кўрсатиш шиоримизга айланган. Харидорлар учун барча қулайликлар яратилган бўлиб, савдо жараёнларининг шаффофлиги таъминланган. Ишни Президентимиз ва ҳукуматимизнинг дорихоналар фаолиятини тартибга солиш ва такомиллаштиришга қаратилган фармон ва қарорлари асосида ташкил этганмиз.

Айни пайтда бутун эътиборни маҳалладошларимизга Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги мамлакатимиз Парламентига Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтириш, тарғибот қилишга қаратганмиз, — дейди БПТ етакчиси. — Шу мақсадда Мурожаатномада белгиланган устувор вазифаларни онгли равишда уддалашга руҳлантириш юзасидан қатор тадбирлар, учрашув ва суҳбатлар уюштираяпмиз. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан қўйлган вазифалар партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларимизга ҳамоҳанг эканлиги ҳам алоҳида таъкидланмоқда.

Ҳа, қахрамонимизнинг ҳаёт ва меҳнат фаолияти ҳақиқатдан ҳам кўпчилик учун ибратли. У моҳир тадбиркор, сиёсий партия фаоли бўлиш билан бир пайтда намунали оила бекаси, уч нафар шириндан-ширин фарзандларининг меҳрибон онаси ҳамдир. Унинг асосий мақсади — мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлидаги бунёдкорликларда фаол иштирок этиш, бу борада бутун куч-ғайрати, ёшлик шижоати, тажриба ва маҳоратини сарфлашдир.

Олим ХЎЖАЕВ,

“Адолат” мухбири

 

Эзгу мақсад – юксак натижалар пойдевори was last modified: Январь 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »