Фаолиятимизга баҳо амалий ишларимизга қараб берилади

19 Январь, 18:36 • Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 48 марта кўрилди • Комментариев к записи Фаолиятимизга баҳо амалий ишларимизга қараб берилади нет

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётида туб бурилиш ясаган, инсон манфаатлари ва халқ фаровонлиги йўлида улкан ислоҳотлар амалга оширилган 2017 йил сиёсий партиялар фаолиятида ҳам ўзига хос сифат ўзгаришлари ясагани билан тарихда қолди.

Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси маҳаллий ва ҳудудий кенгашлари ўтган йил давомида сайловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш, Сайловолди дастуримизда илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида одатдаги қуруқ тадбирлар ўтказишдан чекинган ҳолда аҳолини қийнаётган ижтимоий муаммоларни ўрганиш ва уларнинг қонуний ечимини топишга эътибор қаратдилар. Якунланган йилда жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ҳамда ислоҳ қилиш жараёнларида сиёсий партияларнинг, хусусан, депутатлар ва сенаторларнинг ўрни ва масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилгани муҳим аҳамият касб этди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳолининг кенг қатлами, хусусан, партиямиз аъзолари, хайрихоҳларимиз ва электоратимиз билан бевосита мулоқотлар ўрнатиш, уларни қизиқтираётган саволларга жавоб қайтариш, мавжуд муаммоларга eчим топиш, Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси амалиётга жорий этилди. Лойиҳа доирасида партия фаоллари, барча даражадаги депутатлик гуруҳлари, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликларининг ҳудудий бошқармалари вакиллари ҳамда Давлат санитария эпидемиология назорат маркази (ДСЭНМ) масъул ходимлари билан ҳамкорликда жойлардаги мактабгача таълим муассасалари (МТМ) тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, мавжуд тиббий хизматнинг аҳволи, дори-дармонлар билан таъминланганлиги, манту синамасининг ўтказилиши ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари ўрганилди.

Республика бўйича мавжуд МТМлардан 851 тасида ҳамда умумтаълим мактабларидан 1647 тасида ишчи гуруҳлари билан биргаликда жамоатчилик назорати тартибида ўрганишлар олиб борилди.

Ушбу умумтаълим мактабларидан 418 таси (25 фоиз) ва МТМлардан 35 тасида (4 фоиз) тиббиёт хоналари мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, 811 та (49 фоиз) умумтаълим мактабидаги ва 56 та (6 фоиз) МТМдаги тиббиёт хоналарида дори воситалари, 916 та (56 фоиз) умумтаълим мактабида ва 583 та (68 фоиз) МТМда тиббиёт асбоб-анжомлари мавжуд эмаслиги, 546 та (33 фоиз) умумтаълим мактабида ўқувчилар сони, 602 та (71 фоиз) МТМларда тарбияланувчилар сони санитария-гигиена талаблари меъёридан ошганлиги ҳолатлари аниқланди.

Болаларда сил касаллигини эрта аниқлаш мақсадида ўтказиладиган манту синамаси республика бўйича 2012 йилдан буён тўхтатилиб, ҳозирги кунгача фақатгина, оғир беморлар учун 2 минг дона етказиб берилган.

Ўрганишлар жойлардаги 364 та (22 фоиз) умумтаълим мактаблари ва 118 та (14 фоиз) МТМлар тоза ичимлик суви билан таъминланмаганини кўрсатди. Айрим умумтаълим мактабларида ювиниш, овқатланиш ва сув ичиш учун етарли шароит яратилмаганлигини ҳам афсус билан қайд этиш лозим.

Шунингдек, ўрганишлар давомида ойдинлашган муаммолардан яна бири умумтаълим мактабларига доимий асосда фаолият юритувчи тиббиёт ходими ажратилмаганлигидир. Бу эса, ўз навбатида, болаларнинг кунлик тиббий назорати йўлга қўйилмаганлигини кўрсатади. Айрим жойларда, айниқса, қишлоқ жойларида ҳудудий поликлиникалар ёки ҚВПлар билан таълим муассасалари ўртасидаги масофа ўртача 6-10 километрни ташкил қилади. Масофа узоқ бўлганлиги учун бириктирилган тиббиёт ходими мактабларга фақатгина тиббий кўриклар ўтказиш чоғида келаётгани аниқланди. Ваҳоланки, мактабда ўқувчилар ўртасида фавқулодда содир бўладиган кўнгилсиз ҳолатлар(синиш, пай чўзилиши, ёрилиш, қон кетиш ва бошқа оғир ҳолатлар)да бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида олдиндан ҳеч қандай чоралар кўрилмаган. Бу каби муаммоларни бартараф этиш учун умумтаълим мактаблари штатлар жадвалига тиббиёт ходими штатини киритиш ва уни молиялаштириш масаласини ҳам ҳал этиш муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилган бўлар эди.

Ушбу ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари Навоий, Наманган вилояти Кенгашлари ҳамда халқ депутатлари Зарафшон, Навоий, Термиз, Қувасой, Урганч шаҳар ва Учқудуқ, Конимех, Қизилтепа, Хатирчи, Кармана, Навбаҳор, Нурота, Томди, Пахтаобод, Олтинсой, Жарқўрғон, Узун, Нишон, Деҳқонобод, Қарши, Миришкор, Муборак, Ўрта Чирчиқ, Жомбой, Тайлоқ, Дўстлик, Қанликўл, Қораўзак, Шовот, Хива, Хонқа, Янгиариқ, Урганч (жами 33 та) туман Кенгашларининг сессиялари муҳокамасига масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Қарорлар ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.

Натижада республика бўйича 115 та умумтаълим мактаби ва 22 та мактабгача таълим муассасаси доимий ичимлик суви ҳамда 97 та мактаб ва 39 та боғчада мавжуд тиббиёт хоналари бирламчи дори-дармон воситалари билан таъминланди. Шунингдек, 80 та умумтаълим мактабида тиббиёт хоналари ташкил этилиб, 110 та мактаб ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминланди.

Биргина мисол, Навоий вилоятининг Кармана туманида 2017 йилнинг 8 июль куни бўлиб ўтган халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида тумандаги 1,4,5,7, 8,15,12,13,21-умумий ўрта таълим мактабларига бир нафардан, 2-сонли мактабга икки нафар мактаб ҳамширалари, тумандаги мавжуд барча мактабгача таълим муассасаларига бир нафардан ҳамширалар бириктириш лозимлиги бўйича қарор қабул қилинди. 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб тумандаги барча умумтаълим мактабларини қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрларга мувофиқ тоза ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан таклифлар ўрганиб чиқилиб, туман халқ таълими бўлими ва туман ДСЭНМ билан келишган ҳолда барча мактабларда қайнатилган тоза ичимлик суви ташкил этилди. Шу билан бирга, умумий ўрта таълим мактабларида ва мактабгача таълим муассасаларида зарур ҳолларда фойдаланиш учун 20 хилдаги дори-дармон воситаларининг сақланишига эришиш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Кўрсатмаларнинг берилгани, мавжуд муаммоларнинг бартараф этилгани яхши, албатта. Аммо шу ўринда ҳақли савол туғилади, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги дори-дармон воситалари қайси маблағлар ҳисобидан олинади? Маҳаллий молия бўлимлари томонидан ҳар ойда умумтаълим мактаблари учун белгиланган мажбурий дори-дармонлар воситалари сотиб олишга ажратиладиган маблағлар миқдорини қайта кўриб чиқиш, уларни етарли даражада молиялаштириш чораларини кўриш муаммонинг бартараф этилишида асосий роль ўйнамайдими? Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорликда таълим муассасаларини зарур тиббий жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан марказлаштирилган ҳолда таъминлаш чораларини кўриши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Партия лойиҳаси доирасида аниқланган муаммо ва камчиликларга эътибор қаратган ҳолда, айрим масалаларни марказлашган тарзда ҳал этиш зарурлиги кўзга ташланмоқда. Юқоридаги каби муаммоларни бартараф этиш учун, энг аввало, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида тиббий хизматни ташкил этиш ва мавжудларини такомиллаштириш юзасидан Ҳукумат даражасида қарорлар қабул қилинишига ҳамда МТМлардаги тарбияланувчилар, мактаб ўқувчиларининг оптимал сонидан келиб чиқиб, ушбу муассасалар учун қўшимча янги бинолар қуриш бўйича Давлат дастурини қабул қилишга эришишимиз лозим бўлади. Ушбу мақсадлар партиямизнинг истиқболга мўлжалланган режа ва дастурларида устувор ўринга эга бўлади, албатта.

Хулоса ўрнида айтганда, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида ўтган йилда муайян амалий натижаларга эришилди. Аммо бугун олдимизга қўйилган мақсадларга барча ҳудудларда ҳам бирдек эришаяпмиз, бу жараёнда партиямизнинг барча депутатлари ва фаоллари ҳам бирдек жонбозлик кўрсатаяпти, дея олмаймиз. Шу боис Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларидан дастурий мақсадларимиз ижросида ташаббускорлик, янгича ёндашувлар ҳамда фидойилик талаб этилади.

Даврон МАНСУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати етакчи мутахассиси

 

Фаолиятимизга баҳо амалий ишларимизга қараб берилади was last modified: Январь 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »