Фаоллик — асосий мезон

20 Январь, 11:00 • Ёш адолатчилар, Наманган вилояти, Янгиликлар • 55 марта кўрилди • Комментариев к записи Фаоллик — асосий мезон нет

Мен “Адолат” СДП фаолиятига анчадан бери қизиқиб, унинг ғоя ва дастурларини чуқурроқ ўрганишга, партия аъзолари олиб бораётган ишлардан хабардор бўлишга интилардим. Коллежга ўқишга кирганимдан кейин бу борада янги имкониятлар юзага келди. Чунки ўқиш ва жамоатчилик ишларида қатнашиш асносида кўплаб “адолатчи”лар билан танишдим, БПТ аъзолари қатори турли тадбирларда қатнаша бошладим. Ўзим ҳам улар сафидан ўрин олдим. Айниқса, ўтган йили “Адолат билимдони” кўрик-танловида қатнашиш жараёнида партия ҳаёти, фаолиятидан янада кенгроқ хабардор бўлдим. Туман ва вилоят босқичларида ғолиб чиқиб, мамлакат миқёсида учинчи ўринга лойиқ топилдим.

Албатта, шундай натижага эришганимдан ўзим ҳам, бирга ўқийдиган дугоналарим, ҳамма яқинларим ҳам қувондик. Лекин гап бунда эмас. Мазкур кўрик-танловнинг ўтказилиши жараёнида янада кўпроқ нарсани билиб олдим, партия ташкилотлари фаолиятини жонлантириш бўйича жуда кўп имкониятлар борлигини ҳис этдим. Уларни ишга солиш орқали юқори натижадорликка эришсак, “Адолат” СДПнинг жамиятдаги мавқеи янада юксалиши турган гап. Бунда биринчи ўринга партия аъзосининг фаоллиги масаласини қўйган бўлардим.

Биргина мана шу кўрик-танлов масаласини олайлик. Ундан кўзланган мақсад жуда яхши, албатта. Бироқ ҳамма жойда ҳам уни ташкил этиш ва ўтказишда барча партиядошларимиз етарли даражада фаоллик кўрсатдилар, деб бўлмайди. Туман босқичида олти нафар тенгдошларимиз қатнашди. Болалар мусиқа мактабининг ҳашаматли зали, чиройли саҳна, микрофонлар. Томошабинлар кўп, бироқ зал бундан-да гавжум бўлиши лозим эди, чунки бўш ўриндиқлар ҳам бор эди. Ҳолбуки, Чортоқда мингга яқин “Адолат” СДП аъзоси бор. Қолаверса, бундай кўрик-танловлар фақат ўзаро баҳсда иштирок этадиган саккиз-ўн нафар кишининг эмас, балки уни томошабин ёки мухлис сифатида кузатадиган кишиларнинг ҳам ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялашга кўмаклашади. Фақат бугина эмас, шу каби тадбирларда қатнашиш биз сингари ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, атрофдагиларга намуна кўрсатаётган йигит-қизларни рағбатлантириш орқали ёш “адолатчи”лар сафини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.

Менга туман босқичининг ғолиби сифатида вилоятга йўлланма беришди. Бошқа ҳудудлардаги ёш “адолатчи”лар билан баҳслашадиган кунни орзиқиб кутдим. Чунки улар билан яқиндан танишишни, партиядошларимиз олиб бораётган ишлардан хабардор бўлишни орзу қилардим. Бир жиҳатдан бунга эришдим ҳам. Косонсой, Поп, Норин туманлари вакиллари ўзларининг топқирликлари ва зукколиклари билан кўпчиликни қойил қолдирдилар. Айни пайтда баъзи танлов қатнашчиларининг тайёргарлик даражаси жуда паст эканлиги ҳам билиниб қолди. Демак, бу масалада масъул партия ходимлари етарли даражада фаоллик кўрсатишмаган, дейиш мумкин.

Шунинг учун ҳар бир тадбирни ўтказишга тайёрланар эканмиз, унинг ҳар жиҳатдан юқори даражада ўтишини таъминлаш ҳақида қайғуриш керак, деб ҳисоблайман. Биринчи навбатда, фаолликни асосий мезон сифатида белгилаб олиш даркор. У фақат тадбир иштирокчиларига эмас, балки томошабинларга ҳам дахлдор кўрсаткич сифатида белгиланиши лозим. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, туман босқичида зал тўла томошабин бўлганида, вилоятда ҳам рақобат даражаси баландроқ бўлганида янада кўпроқ ёшлар партиямиз, у олиб бораётган сиёсат, ғоя ва мақсадлари ҳақида тасаввурга эга бўлмасмиди?

Эҳтимол, юқорида баён этилган фикрлар кимгадир арзимас бўлиб туюлар. Аммо томчилардан уммонлар пайдо бўлади дейилганидай, кичик бир нарсани ҳам назардан четда қолдирмаслигимиз керак, деб ўйлайман. Бу эзгу ишларга биз, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари ҳам камарбаста бўлишимиз даркор.

Муштарий ЙЎЛДОШЕВА,

Чортоқ туман кенгаши

“Ёш адолатчи”лар қаноти аъзоси

 

Фаоллик — асосий мезон was last modified: Январь 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »