Фракцияси олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди

24 Январь, 18:07 • Фракция, Янгиликлар • 113 марта кўрилди • Комментариев к записи Фракцияси олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди нет

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини таъминлашда партия депутатлик корпуси олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Эътироф этилганидек, 2018 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси илк маротаба кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида халқимизнинг фикри, таклифлари билан такомиллаштирилгани ҳамда унда Давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган тарихий Мурожаатномасида илгари сурилган долзарб муаммоларни ҳал этишнинг аниқ йўллари ва механизмлари белгилаб берилгани билан аҳамиятлидир.

Фракция аъзолари ушбу дастурий ҳужжатни қўллаб-қувватлаган ҳолда, унинг ҳар бир банди ва йўналиши ижросини таъминлашда парламент ва сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юкланишини таъкидладилар. Айниқса, Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилиши белгиланган 37 та қонун лойиҳаси, жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди мақсадларига мос равишда «Инновацион фаолият тўғрисида», «Фан тўғрисида», «Давлат хизмати тўғрисида», “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда партия фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди. Ушбу жараёнда аҳолининг кенг қатлами, мутахассислар, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокида муҳокамалар ўтказиб, уларнинг таклифлари асосида қонун лойиҳаларини такомилаштириш лозимлиги белгиланди.

Шунингдек, депутатлар Давлат дастурида ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Муҳокамалар жараёнида, айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқаролар соғлиғини сақлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ижтимоий дорихоналарнинг ривожланган тармоғини яратиш, аҳоли бандлиги ва фуқароларнинг реал даромадларини оширишга доир вазифалар ижроси партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик корпуси ва фаолларидан янгича ёндашув, ташаббускорликни талаб қилиши таъкидланди.

Ушбу йўналишда белгиланган вазифалар доирасида тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттириш, соғлиқни сақлаш соҳасига «ақлли тиббиёт» тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш, аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш кўзда тутилаётгани партия дастурий мақсадлари рўёбига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Давлат дастурининг иқтисодиёт йўналишида белгиланган вазифалар ҳам партия дастурий мақсадларига тўла ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди.

Жумладан, 2023 йилнинг 1 январига қадар венчур фондлар, юқори технологик стартап-лойиҳалар, илмий-тадқиқот муассасалари, инновация марказлари ва лойиҳа-конструкторлик бюроларига ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотиш (фойдаланиш учун тақдим этиш)дан тушган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этиш ҳамда иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида илғор ғоялар, «смарт» технологиялар ва ноу-хауларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш, шунингдек, иқтисодиётга инновациялар ва янги технологиялар жорий этишни рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш кўзда тутилаётгани бир неча йилдан буён инновацион иқтисодиётга ўтиш ғоясини илгари суриб келаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсадлари ҳаётийлигининг исботи эканлиги эътироф этилди.

Депутатлар ҳар ойда сайлов округларида ўтказиладиган учрашувларда Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилиш ҳамда унда белгиланган устувор вазифаларнинг жойларда самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлигини таъкидладилар.

Йиғилиш якунида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Фракцияси олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди was last modified: Январь 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »