Фуқаро фаол бўлса депутатнинг фаолияти ҳам жонланади

6 Январь, 11:40 • Андижон вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 158 марта кўрилди • Комментариев к записи Фуқаро фаол бўлса депутатнинг фаолияти ҳам жонланади нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга Мурожаатномасида одамларни ўйлантириб келаётган, тараққиётимизга ғов бўлаётган кўпдан кўп муаммолар рўйи рост тилга олинди. У баландпарвоз гаплардан, юзаки иборалардан ҳоли, ҳаётий мисолларга бой, сохта рақамлар эмас, аччиқ бўлса-да, ҳақиқий кўрсаткичлар баён этиб берилгани билан қалбимиздан чуқур жой олди.

Юртбошимиз Мурожаатномада “Барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак: қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” дея қатъий таъкидлади. Бу айни пайтда биз, оддий фуқароларнинг ҳам бефарқ бўлмаслигимиз, масъулликни  тушунишимиз ва жамиятда ўз фаоллигимизни намоён этишимиз заруратини ифодалайди. Ҳар бир қонун ҳужжати инсон учун, унинг бахт саодати учун хизмат қилади. Шундай экан, унинг мантиқийлиги, ҳаётбахшлиги, амалда татбиқ этилиши таг замини фуқароларга бориб тақалади.

Ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қилиш баробарида, конституциявий мажбуриятларимизни ҳам унутмаслигимиз лозим. Фуқародан ўзга зўр мониторинг йўқ. Ҳаётий муаммоларимиз ҳал этилишига янги ишлаб чиқилаётган ёки амалга татбиқ этилган қонунлар мос келиш-келмаслигини биз айтиб турамиз. Қайси қонунларимиз қандай қулайлик беради, қайсиниси бизга керак ёки нокерак. Чунки, қонунларнинг “истеъмолчиси» бизмиз. Бунда жамоат бирлашмалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар эса ҳукумат билан ўртамиздаги воситачи бўлади.

Шу ўринда Мурожаатномада халқ вакиллари бўлган депутатлар фаолиятини жонлантиришга эътибор қаратиш зарур бўлган долзарб вазифалардан бири сифатида тилга олинди. Чиндан ҳам аччиқ бўлса ҳам айтиш жоизки, бизнинг эрку иродамизни ифодалай олмаган, дадил таклиф киритиб, жонини фидо қила олмаётган депутатимиз билан юзма-юз мулоқот қила олмаяпмиз.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлар айнан биз фуқаролар томонидан киритилган таклиф, қонун ижодкорлиги йўналишидаги фикр-мулоҳаза, талабларимизни таҳлил этади. Мана шунинг ўзи конституциявий ҳуқуқларимизнинг муқаддас саналишидир. Шунинг ўзи ҳаётимизнинг мазмун-моҳияти. Ҳар бир фуқаро ана шу моҳиятни англаб, фаол яшаши зарур. Биз фуқаролар қанчалик фаол бўлсак, халқ вакилларининг фаолиятида ҳам жонланиш бўлади.

Манзурахон АҲМЕДОВА,

халқ депутатлари

Андижон туман Кенгаши депутати

Фуқаро фаол бўлса депутатнинг фаолияти ҳам жонланади was last modified: Январь 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »