Халқимизга хос бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси

11 Январь, 17:34 • Муносабат, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 162 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқимизга хос бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси нет

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида Президентимиз томонидан 2 минг 700 нафар маҳкумни авф этиш тўғрисидаги Фармон имзоланди.

Ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга ўз оиласига ва жамиятга қайтиш, ижтимоий мослашиш имкониятининг берилиши ўзбек халқининг кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг  амалдаги ёрқин ифодасидир.

Ушбу фармонга асосан Сурхондарё вилоятидан жазо муддати тугамасдан авф этилганлар ўз оиласи бағрига қайтиб келди. Шу хусусда авф этилганларнинг оиласидан хабар олиш ва уларни меҳнатга жалб қилиш учун мутасадди ташкилот вакиллари билан биргаликда партия ва унинг депутатлик гуруҳлари томонидан жойларда бир қанча тадбирлар амалга ошириляпти. Жумладан, фуқаролар билан суҳбатлар олиб борилиб, фойдали меҳнатга тортиш юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.

Хусусан, Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати Асқарали Абдуллаев “Эзгулик” маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи, Дониёр Улуғназаров ҳамда туманнинг “Озод” маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи, Даврон Улуғназаровлар уйларига бориб учрашиб,  келгуси режалари ҳақида суҳбат ўтказди. Фуқаролар хато ишга қўл урганлиги, бундан пушаймонлиги, муддатидан олдин авф этилганлиги учун  мамлакатимиз Президентидан миннатдор эканликларини билдиришди.

Денов туман Кенгаши депутати Алишер Саидов ташаббуси билан “Янгиобод” МФЙда яшовчи муддатидан олдин авф этилган фуқаро Иброҳим Шодмонов “Янгиобод” МФЙга жамоатчилик ишлари бўйича ишга қабул қилинди. Шунингдек, Денов тумани Кенгаши депутати Алишер Йўлдошев томонидан ҳам “Гулистон” МФЙда яшовчи фуқаролар яқинда авф этилган Мадинахон Зоирова ва Хуршиджон Равшановларнинг оилавий шароити ўрганилиб Хуршиджон Равшановни Денов туманидаги Хазарбоғ қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежига ўқишига қайта тикланишига амалий кўмак берди. Мадинахон Зоирова депутат аралашуви асосида “Гулистон” МФЙга жамоатчилик ишлари бўйича ишга қабул қилинди. Айни пайтда депутатимиз томонидан ўз сайланган округида фуқароларга Президентимизнинг ушбу фармони юзасидан тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, Халқ депутатлари Вилоят Кенгаши депутати Ўрол Тошбоевга Жарқўрғон тумани “Меҳнат роҳат” маҳалласида яшовчи авф этилган фуқаро Искандар Хамзаев мурожаат этиб, ўз мурожаатида туман ижтимоий кўниктириш марказидан ҳаётга ижтимоий мослашиб кетиш учун бериладиган бир марталик моддий ёрдамни ололмаётганлиги ҳақида маълум қилган эди. Депутатимиз аралашуви билан моддий ёрдам пули вилоят молия бошқармаси томонидан молиялаштирилиб, И.Хамзаевга 1 033 260 сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари олиб берилиши таъминланди.

Бир сўз билан айтганда депутатларимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг асосий мазмуни ва мақсади инсон манфаатларини таъминлашга, халқ фаровонлигини янада ошириш ҳамда ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишга қаратилмоқда.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

 Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Халқимизга хос бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси was last modified: Январь 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »