Хонадонлардаги муаммолар ечимини топди

11 Январь, 10:07 • Андижон вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 45 марта кўрилди • Комментариев к записи Хонадонлардаги муаммолар ечимини топди нет

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ечимини топишда уларга кўмаклашиш Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолиятида кенг ўрин эгаллайди. Партиямизнинг «Адолат -конун устуворлигида» лойиҳаси доирасида якунланган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида олиб борилган ишлар юртдошларимизда “адолатчилар”га бўлган ишончни янада оширди. Айниқса ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари билан  хонадонма хонадон юриб,  юзма юз мулоқот килингани эътиборли.

Жорий йилда ҳам шахрихонлик сафдошларимиз томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан,  Бешариқ маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган давра суҳбатида қонунчилигимизга киритилган ўзгартишлар маҳалла аҳлига етказилди. Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш янада долзарб аҳамият касб этишлиги тушунтирилди.

Ўз навбатида партиядошларимиз шу куни маҳалладаги 16 та хонадонга кириб бордилар. Мулоқотлар чоғида  аҳолининг муаммолари ўрганилди.  Ҳар бир мурожаатга эътибор қаратилиб, масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этилди.

 Фуқаролар Т.Солижонов ва Д.Мирзайўлдошевалар оиласи кам таъминланган. Шу сабаб уларни қиш фаслида яшаш хонадонини иситишда ёқилғи масаласи қийнаётганди. Партиядошларимиз аралашуви билан бу муаммо шу куннинг ўзида ечимини топди. Ҳар икки оила  500 кг дан кўмир ёқилғиси билан таъминланди.

Фуқаро Эркиной Тошматова бир неча йилдан буён ногиронлиги сабаб жамиятдан ажралиб қолаётганидан ташвишда эди.  Ногиронлик аравачаси унинг орзуси. Суҳбат давомида фуқаро чиндан ҳам бунга муҳтожлиги маълум бўлди.

-Айни шу масалада тумандаги масъул ташкилотларга мурожаат қилдик, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Шахрихон туман кенгаши раиси Аъзамжон Холиқов. — Таклифимиз мақулланди. Тез кунда Э.Тошматовага ногиронлар аравачаси бериладиган бўлди.

Бешариқ маҳалласида яшовчилар шу куни жамиятимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун туриши, қонунларимиз ҳам уларга хизмат қилишига амин бўлдилар. Адолатчиларнинг ана шундай эзгу ҳаракати давом этмоқда.

                                       Акбаржон НАЗАРОВ,

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилоят Кенгаши матбуот котиби

Хонадонлардаги муаммолар ечимини топди was last modified: Январь 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »