Жойлардаги ўрганиш ва суҳбатларда мавжуд камчилик ва муаммолар ҳал этилмоқда

18 Январь, 15:18 • Депутатлик гуруҳи, Навоий вилояти, Фракция, Янгиликлар • 55 марта кўрилди • Комментариев к записи Жойлардаги ўрганиш ва суҳбатларда мавжуд камчилик ва муаммолар ҳал этилмоқда нет

Томди Навоий вилоятининг ҳудудий жиҳатдан энг йирик тумани ҳисобланади. Бепоён Қизилқум саҳросининг марказий қисмида жойлашган туман аҳолиси азал-азалдан чорвачилик билан шуғулланиб келган. Айни пайтда ҳам бу ердаги 194 та фермер хўжаликларида қўйчилик, қорамолчилик, йилқичилик ва туячилик жадал суръатларда ривожлантирилаяпти. Қахратон қишнинг аёзларию саратон жазирамалари, доимий чўл шамоллари йил-ўн икки ой давомида томдиликларнинг бардош ва матонатини синовдан ўтказади, десак муболаға эмас. Хуллас, бундай  шароитларда нафақат меҳнат қилиш, балки табиат мураккабликларини мардонавор енгиб, у билан басма-басига яшашнинг ўзини  жасоратга қиёёслаш мумкин.

Мамлакатимиз мустақиллиги йилларида томдиликлар ҳаётида ҳам кўплаб ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Туманнинг янги замонавий маъмурий маркази бунёд этилиб, қатор муҳим ижтимоий инфратузилма объектлари ишга туширилди. Энг асосийси, одамлар онгу тафаккури ўзгарди. Бугунги кунда туманда яшаётган 14 минг нафар аҳоли мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, халқимиз турмуши фаровонлиги  йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этишаяпти. Бунда Президентимиз ва ҳукуматимизнинг олис чўл ҳудудлари, жумладан, Томди туманида аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш мақсадида қўшимча шарт-шароит, қулайлик ва имкониятлар яратиш борасидаги фармон ва қарорлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори овулларга замонавий инфратузилма олиб кириш, ҳудуд аҳолиси учун муносиб турмуш шароитини яратишга хизмат қилмоқда. Президентимизнинг ушбу қарори асосида амалга оширилаётган хайрли ишлар томдиликлар қалбида эртанги кунга ишонч ҳиссини мустаҳкамламоқда. Шулар билан бир қаторда тумандаги мавжуд муаммолардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Буларнинг барчаси жорий йилнинг 15 январидан туманда ўз фаолиятини бошлаган навоийлик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат таҳлилий ишчи гуруҳи эътиборидан четда қолмаяпти.

Тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда аҳоли хонадонларидаги мулоқотларда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси муҳокама қилинаяпти. Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги мамлакатимиз Парламентига Мурожаатномасида белгиланган вазифалар хусусида ўзаро фикр алмашилмоқда. Мавжуд муаммоларга оид мулоҳаза ва таклифлар ўрганилиб, умумлаштирилмоқда. Бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилаяпти.

-Гуруҳимиз аъзоларининг туманнинг вилоят марказидан 250-300 километр олисда жойлашган тиббиёт ва таълим муассасалари ва аҳоли хонадонларидаги  ўрганиш ва суҳбатларида мавжуд камчилик ва муаммолар ҳам тилга олинди, — дейди Олий Мажлис Сенати ҳамда халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Гулчеҳра Сатторова. – “Қизилқудуқ” овулида яшовчи Нуржан Карабаев ҳамда Медет Миртиевлар ишсизлик муаммосини ечишда кўмак беришимизни сўрашди. Ишчи гуруҳи таркибидаги Меҳнат вазирлигининг жамоат ишлари жамғармаси ижрочи директори Салоҳиддин Саматов иштирокида муаммо жойида ҳал этилди. Ўрганиш жараёнида Жабай Балимонов овулидаги 6-сонли умумтаълим мактаби қозонхонаси таъмирталаблиги сабабли иссиқлик билан етарли даражада таъминланмаётганлиги аниқланиб, уни созлашнинг тезкор чоралари кўрилди. 1-сонли мактабгача таълим муассасасининг шу овулдаги филиалида тарбияланувчилар учун шароитлар етарли эмаслигининг гувоҳи бўлдик. Қиш фасли бўлишига қарамасдан болажонларга линолеум пол устида мусиқа машғулотлари ва ўйинлар ўтказилар экан. Мутасадди ташкилотлар раҳбарлари жалб этилган ҳолда хоналарга гиламлар тўшалди. Мусиқа машғулотлари хонасига печка ўрнатилиб, иситиш йўлга қўйилди. Қўшимча равишда ўйинчоқлар, ёритиш мосламалари билан таъминлаш ташкил этилди.

“Қизилқудуқ” овулидаги 4-сонли мактабда таълим 1-синфдан 5-синфгача олиб борилар экан. Ўқувчиларнинг ота-оналари фарзандларининг 6-синфдан бошлаб, туман маркази, шунингдек, юзлаб километр олисдаги Навоий ва Зарафшон шаҳарларидаги қариндошлариникида яшаб ёки ижарада туриб ўқишга мажбур бўлишаётганидан норози эканликларини билдирдилар. Мактаб ўқитувчиси Жупар Қанатова, пенсионер Турсун Мамаханова ва бошқалар бу ўткир муаммони туман марказидаги касб-ҳунар коллежи негизида умумтаълим мактаб-интернати барпо этиш йўли билан ҳал қилиш таклифини билдиришди. Уларга муаммо тегишли тартибда ўрганилиб, кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Шуниси эътиборга сазоворки, биз қаерда бўлмайлик, ким билан суҳбатлашмайлик, томдиликлар мамлакатимизда Президентимизнинг бевосита ташаббускорлиги ва раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичидан, тараққиёт ва янгиланишларнинг жадал суръатларидан мамнунликларини изҳор этишди.

Ишчи гуруҳи фаолиятини давом эттирмоқда. Унинг натижалари умумлаштирилиб, халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида кўриб чиқилади.

Олим ХЎЖАЕВ,

“Адолат” мухбири

Жойлардаги ўрганиш ва суҳбатларда мавжуд камчилик ва муаммолар ҳал этилмоқда was last modified: Январь 18th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »