Имкониятлари улкан воҳа

31 Январь, 14:38 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 37 марта кўрилди • Комментариев к записи Имкониятлари улкан воҳа нет

Мустақил Ўзбекистонимизнинг равнақига улкан ҳисса қўшадиган, эл-юртимизнинг ризқ-рўзини, дастурхонини тўкин қиладиган, одамларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган, миришкор деҳқонларимиз фидокорона меҳнатининг натижаси бўлмиш нафақат пахта, айни чоғда ғалла хирмонларининг ҳам йилдан-йилга юксалиб бораётганида воҳа аҳлининг муносиб ҳиссаси борлиги биз Қашқадарёликларга бирдек ғурур ифтихор бағишлайди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Чироқчи тумани ҳокимлиги тадбиргоҳида вилоят фаоллари билан ўтказган видеоселектор мулоқотда алоҳида таъкидлаб ўтганларидек, воҳамизнинг иқтисодий салоҳияти улкан. Мамлакатимизда қазиб чиқарилаётган табиий газнинг 70 фоизи, нефтнинг қарийб 78 фоизи, газ конденсатининг 80 фоизи, ғалланинг 13 фоиздан ортиғи, пахтанинг 14 фоиздан зиёди вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади.

Иқтисодий салоҳиятига кўра бетакрор “Шўртаннефть-газ“, ”Муборакнефт-газ” корхоналари, “Шўртангаз-кимё” мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Таллимаржон иссиқлик электр станцияси, “Ҳисор нефт-газ” каби улкан ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз саноатининг локомотивлари ҳисобланади. Яна шуни ҳам айтиш керакки, истиқлол йилларида вилоятимиз мамлакатимизнинг  том маънодаги ёқилғи-энергетика базасига айланди.

Вилоятимизда иқтисодий салоҳиятни юксалтиришга қаратилган бу каби кўламдор ҳамда изчил саъи-ҳаракатлар, хеч шубҳасиз, ҳудудимиздаги шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод этиш ҳамда аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратишдек эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилаётгани билан ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Эътироф этиш керакки, кейинги вақтда воҳамизнинг барча шаҳар ва қишлоқлари тубдан чирой очиб, гуллаб яшнамоқда. Халқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган ана шундай ислоҳотлар натижасида кейинги 5 йил давомида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 баробар ошди, ҳудудий экспорт ҳажми 100 миллион долларга етган ва 2011 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпайган. Албатта, бундай ўсиш суръатлари аҳолининг турмуш шароитида, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида намоён бўлмоқда. Дунё цивилизациясининг бешиклари ҳамда жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган ва  қўшаётган шаҳарлар сифатида Қарши ва Шахрисабзда амалга оширилган улкан ободончилик, бунёдкорлик ишлари бу икки қадимий шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Кўҳна Насафнинг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга, Шахрисабз шаҳрининг ҳудуди 3 минг 300 гектардан 4 минг 900 гектарга кенгайтирилди.

Бундай ютуқ ва марралар ўз ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Ҳалқимизнинг меҳнаткашлиги ва катта куч-ғайрати эвазига турмушимиз фаровон, юртимиз обод бўлиб бормоқда.

Видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан айтилган ҳар бир сўз барчани янада шижоатли ва фидоий, ғайратли бўлишга чорлади. Ушбу мулоқотда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси сифатида иштирок этдим. Мени энг кўп қувонтирган нарса шу бўлдики, ҳар бир тумандаги аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳам юртбошимизнинг эътиборидан четда қолмади.

Маълумки, тоғли ҳудуд ҳисобланган Деҳқонобод тумани аҳолиси учун тоза ичимлик суви таъминоти асрлар оша орзу бўлиб қолаётган эди. Бундан ташқари, Қамаши, Миришкор туманлари ҳалқини иш билан таъминлаш, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун янги бинолар барпо этиш, қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантириш, истиқболли лойиҳалар асосида ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш ҳам бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Мулоқот давомида Чироқчи тумани халқи Президентимиздан темир йўл қурилишига амалий ёрдам сўрашган бўлса, Муборакликлар эса тоза ичимлик суви масаласидаги муаммони бартараф этишда эътибор қаратишини илтимос қилишди. Мамлакатимиз раҳбари, бу муаммоларни биринчи навбатда ҳал этиш учун иқтисодий замин яратиш лозимлиги, акс ҳолда  қуруқ даъватлар билан одамларни улуғ ишларга сафарбар этиб бўлмаслиги юзасидан аниқ таклиф ҳамда тавсияларини илгари сурди.

Республика вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят фаоллари иштирокида ўтган очиқдан-очиқ мулоқот йиғилишида ижтимоий масалаларни ўрганиш, ҳал этиш, иқтисодиётни янги босқичга кўтариш учун истиқболли лойиҳалар ва инновацион ғоялардан мақсадли фойдаланиш, инфратузилмани ривожлантириш, мухандислик тармоқларини яхшилаш, одамларнинг турмуш даражасини янада ошириш масалаларига жиддий аҳамият қаратилди.

Энг асосийси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошқариб борган йиғилишда 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, иннновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастуридаги мақсад вазифалар ҳам ўз ифодасини топди.

Видеоселектор тартибидаги мулоқотда кўтарилган кўпгина муаммоларни бартараф этиш юзасидан Республика Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинадиган бўлди.

Хуллас, Президентимиз иштирокида ўтган йиғилишда одамлар тақдири, мамлакат истиқболи, юрт фаровонлиги ва ҳар бир хонадон осойишталиги ҳамда қут баракаси ҳақида ҳам сўз борди.

Рўйиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

раиси вазифасини бажарувчи

Имкониятлари улкан воҳа was last modified: Январь 31st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »