Инновацион фаолият — тараққиёт гарови

19 Январь, 18:02 • Ёш адолатчилар, Муносабат, Янгиликлар • 182 марта кўрилди • Комментариев к записи Инновацион фаолият — тараққиёт гарови нет

Мамлакатимизда инновацион фикрлайдиган фаол ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида давлат сиёсати даражасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Ушбу йўналишда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган дастурий вазифалардан кўзланган мақсадлар ҳам инновацион бозор иқтисодиётига ўтиш, инновацион фикрлайдиган янги авлодни тарбиялашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

2017 йил бизнинг Нукус ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи жамоаси учун ютуқларга бой йил бўлди, дейиш мумкин.

Жумладан, ўтган йили Тошкент шаҳрида касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Энг яхши инновацион фикрлаш” танловида коллежимиз ўкувчилари жамоаси 14 та гуруҳ ичидан 1-ўринни эгаллади.

Шу ўринда айтиш жоизки, ушбу танлов 2006 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Ўрта махсус касбий таълим маркази ва Ўзбекистондаги Британия Кенгаши томонидан ўтказилиб келинмоқда.

Танловда коллежимиз жамоаси олиб чиққан инновацион ғоя “Менинг Ватаним — менинг фахрим” шиори остида яратилган бўлиб, “ЭКООБОЙ” деб номланган. Мен сардорлик қилган гуруҳимиз аъзоларининг барчаси инновацион фикрлайдиган ёшлардир. Хусусан, иқтидорли ўқувчилардан Азиз Нодирбаев, Фарида Жалиева, Гўзал Салабаева, Нурмуҳаммад Бердиханов танловда гуруҳимиз инновация ғоясининг мазмуни, амалий аҳамияти, иқтисодий, экологик жиҳатларини намоён этишди.

Мазкур янги лойиҳамизда кераксиз бўлиб қолган кийим-кечаклардан экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришнинг илмий-амалий асослари ўз ифодасини топган ва муҳими, фойдали ғоямиз бугун амалда ўз самарасини бермоқда. Яъни Нукус шаҳрида инновация ғоямизга асосланган лойиҳага мувофиқ ташкил этилган “Айдин келешек” МЧЖ томонидан айни кунда суюлтирилган обой ишлаб чиқарилмоқда ва Нукус шаҳридаги қурилиш моллари дўконларига етказилиб берилмоқда.

2018 йил Президентимиз ташаббуси билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланганлиги барча юртдошларимиз қатори коллежимиз жамоаси ва ўқувчиларимизни ҳам руҳлантириб юборди. Демак, инновацион фикрлайдиган ўқувчилар учун ҳам яна янги имкониятлар яратилади.

Биз мамлакатимизда инновацион ривожланиш йўлида бир қатор лойиҳаларни амалиётга йўналтираётган партиямизнинг мақсад-вазифаларини рўёбга чиқаришда фаоллик кўрсатиш, инновацион фикрлайдиган ёшларни рағбатлантириш, янги инновацион ғоялар устида ишлашни мақсад қилганмиз.

Байрамгул ЖУМАНОВА,

Нукус ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар

коллежи ўқитувчиси,

Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси

 

 

Инновацион фаолият — тараққиёт гарови was last modified: Январь 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »