Инновацион технологиялар – барқарор ривожланиш гарови

4 Январь, 11:52 • Жиззах вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 76 марта кўрилди • Комментариев к записи Инновацион технологиялар – барқарор ривожланиш гарови нет

Юртимизда фаол, илғор фикрли, кенг дунёқарашга эга ёшларга яратилаётган юксак даражадаги имкониятлар бугун улар эришаётган ютуқларда яққол намаён бўлмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши ташаббуси билан Жиззах давлат педагогика институтида партиянинг “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида “Рақобатбардош илмий изланиш ва ишланмалар” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда ҳам бир қатор ёшлар ўз иқтидор ва қобилиятларини намойиш қилишди.

Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгаши депутатлари, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари, Жиззах политехника институти ва Жиззах давлат педагогика институтининг ўқитувчилари, ёш олимлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси О.Шукуров очиб берар экан, ёш авлод камолотига қаратилаётган алоҳида эътибор уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари, истеъдод ва салоҳиятини намоён этишда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

– Бугунги тезкор ривожланиш даврида инновацион ғоя ва лойиҳалар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кенгайтириш, сарф-ҳаражатларни камайтириш, техник жараёнларни автоматлаштириш, экологик тоза технологияларни жорий этишга хизмат қилмоқда, – деди халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати, Жиззах давлат педагогика институти ректори А.Холбеков. – Мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида инновацияга асосланган ривожланиш йўлига ўтиш ишлари жадал суръатларда олиб борилаётганини, ушбу жараёнда изчил саъй-ҳаракатлар самарасида саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг турли йўналишларига мўлжалланган кўплаб замонавий ишланмалар яратилиб амалиётга татбиқ этилаётганини, юртимиз олимларининг ушбу йўналишда юксак интеллектуал салоҳиятга эга экани, Ўзбекистон учун муҳим бўлган илмий-техник дастурларни ривожлантириш, фундаментал илмий тадқиқотлар ўтказиш борасидаги тажрибаси бугун хорижлик мутахассислар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Жиззах давлат педагогика институти ўқитувчиси Шерзод Жабборов кейинги йилларда инновацион ёндашув асосида таълим тизимининг индивидуал компонентларини ривожлантириш бўйича турли илмий-тадқиқотлар олиб бориш, ўқув жараёнларини инновацион бошқариш, инновацион фаолият учун ўқитувчилар тайёрлаш зарурати мавжудлигини айтиб ўтди.

Тадбирда ўзининг инновацион лойиҳалари билан иштирок этган Жиззах давлат педагогика институти қошидаги Сайилжой академик лицейи талабаси Элёр Суннатов давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари илм-фан фаолиятини ривожлантириш, инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишни рағбатлантириш, илмий ходимлар меҳнатини қўллаб-қувватлашда янги истиқболларни очиб берганини таъкидлади.

Бу каби тадбирлар инновацион фикрлашни шакллантириш, олимлар, саноатчилар, тадбиркорлар ва ёшларнинг инновацион технологик ривожланиш борасидаги ишларини фаоллаштириш, мамлакатимиз илм-фани ютуқларини кенг намойиш этиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 Достон ЗОКИРОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Инновацион технологиялар – барқарор ривожланиш гарови was last modified: Январь 4th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »