Ислом Каримов – Мустақил давлат асосчиси

31 Январь, 10:32 • Муносабат, Навоий вилояти, Янгиликлар • 39 марта кўрилди • Комментариев к записи Ислом Каримов – Мустақил давлат асосчиси нет

Ҳар бир халқнинг ўз қаҳрамонлари, буюклари бўлади. Бизнинг аждодларимиз орасида ҳам кўплаб шундай улуғ инсонлар, саркардалар яшаб ўтишган. Улар ўз билим ва ижодлари, қаҳрамонликлари, бунёдкорликлари билан жаҳон тамаддунига ҳисса қўшиб, бутун дунё аҳлини лол қолдиришган. Шу боис, биз ўтмиши улуғ, келажаги буюк давлатнинг фуқаролари эканлигимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Халқимизнинг буюк шахсларидан бири, шубҳасиз, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовдир. Негаки, мустақиллигимиз меъмори бўлган бу инсоннинг ўз халқи учун қилган ишлари, давлат раҳбари сифатида иш бошлаган пайтлардаги жасорати, юртга садоқати тарихимиздаги қаҳрамонликлардан кам эмас.

Ислом Каримов қаерда, қандай лавозимда ишламасин, аввало халқни ўйлаган, элпарвар бўлган. Биргина 1989 йилги Фарғона воқеаларини олайлик, нималар бўлмаган ўшанда?! Қанчадан-қанча хунрезликлар содир этилди: кўчалар ёқилган, машинаю автобуслар пачоқланган, майдонлар ижтимоий муаммолар ва қийинчиликлардан чорасиз қолган оломонга тўлган. Ислом Каримовнинг давлат раҳбари сифатида иккинчи иш куни эди ўшанда. У ҳеч иккиланмай, жасорат билан воқеа жойига бориб, халқни тинчлантиради, яхши гаплар билан элнинг дардига дармон бўлади. Қийин давр бўлган ўша йилларда. Аҳолининг турмуш тарзи жуда оғир эди. Дўконларнинг расталари хувуллаган, аҳоли учун зарур бўлган энг муҳим халқ истеъмоли товарлари етишмайди: совун топсангиз пайпоқ йўқ, пайпоқ топсангиз совун. «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китобида Ислом Каримов ўша ўта оғир кунларнинг ижтимоий-сиёсий манзарасига шундай баҳо беради: «Шу нарса шак-шубҳасиз ва очиқ-ойдиндирки, республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирида турибди.” Биз бу рақамларни илгари ҳам неча марталаб айтганмиз, аммо бугун уларни яна бир бор идрок этмоқ керак.

Биринчи Президентимиз учун мустақилликка эришилган илк кунлар ҳам осон кечмаганлиги аниқ: бир томондан собиқ тузумни сақлаб қолишга интилаётган кучларнинг таҳдиди хавф солса, иккинчи томондан ёш давлатнинг саноқли кунларгагина етадиган ғалласи қолганлиги, бу қийинчиликдан чиқиб кетиш йўллари ўйлантирган. Шунча муаммолар гирдобида ҳам мавжуд ҳолатга оқилона баҳо бериб, ўз донишмандлиги, сиёсий билимдонлиги билан тўғри ечим топа олганлигини халқимиз бугун қувонч билан, ифтихор билан ёдга олади.

Андижонда илк ўзбек автомобили чиққан 1996 йилни эслайлик: халқнинг орзу-ҳавасларидан бири ушалган кун! Тўғри, ушбу даврда мустақилликка эришганимизга эндигина беш йил тўлган, иқтисодий муаммолар ҳали тўлалигича ҳал этилмаган, аҳолининг турмуш фаровонлиги аста-секинлик билан яхшилана бошлаган эди. Шундай бўлишига қарамай Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари, узоқни кўзлаб олиб борган оқи­лона сиёсати туфайли мамлакатимизда кун сайин ижобий ўзгаришлар кўзга ташланар, янги ишлаб чиқариш тармоқлари ишга тушириларди. Буларнинг мевасини, мана, бугунги кунда кўриб турибмиз: кўчаларимизда қатнаб турган, хорижникидан асло кам бўлмаган ўз автомобилларимизни кўриб, кўзимиз қувнайди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда шахсий автомобили йўқ бўлган оила камдан-кам топилади. Бу ҳам Ислом Каримовнинг қаҳрамонликларидан бири эмасми?! Спорт соҳасини олайлик: олдинлари Осиё ёки жаҳон чемпиони билан кўришиш, у билан ёнма-ён туриб суҳбатлашиш ушалмайдиган орзу эди. Халқаро спорт мусобақаларига камдан-кам ҳолларда мамлакатимиздан спортчи олинарди. Шу сабабли ҳам кучли спортчиларимиз маҳаллий мусобақалардан нарига ўтолмай юраверишди. Бугун эса ҳар бир маҳаллада ўнлаб чемпионлар бор, улар билан истаганча кўришиш, суҳбатлашиш мумкин. Сўнгги Олимпиада ўйинларини эсга олайлик, қандай натижаларни қўлга киритишмади, кимларни лол қолдиришмади халқимиз фарзандлари?! Булар ҳам Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қаҳрамонликларидан бири, дейишга ҳақлимиз.

Умуман олганда, бугунги фаровон ва тўкин ҳаётимиз, тинчлигимиз, эришаётган ютуқларимизнинг барча-барчаси аввало Истиқлол билан боғлиқ. Мустақиллик эса Биринчи Президентимизнинг жасорати туфайли қўлга киритилган энг буюк неъматдир. Шунинг учун, Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси, эзгу ишлари, ўз Ватанига бўлган юксак садоқати ҳар бир юртдошимизнинг қалбида мангу яшайди.

Садоқат ШАМСИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Ислом Каримов – Мустақил давлат асосчиси was last modified: Январь 31st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »