Касалликнинг олдини олиш – соғлом турмуш тарзининг дебочасидир

23 Январь, 14:06 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 167 марта кўрилди • Комментариев к записи Касалликнинг олдини олиш – соғлом турмуш тарзининг дебочасидир нет

Инсон саломатлиги юрт келажагини белгилайди. Дарҳақиқат, мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, тиббий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ихтисослаштирилган тиббиёт масканлари, тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникаларнинг кенг тармоғи яратилди, улар замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Ҳар бир фуқаро, айниқса, оналар ва болаларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти кенгайди. Аммо шундай бўлса-да, соҳада бир қатор камчиликларни кузатиш мумкин. Эрта ўлим, болаларнинг носоғлом туғилиши, патронаж хизматини янада шакллантириш, “Она ва бола” скрининг марказларининг моддий-техник базасини жаҳон амалиётига мувофиқ таъминлаш талаб этилади. Соҳада бу сингари қатор муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 25 декабрь санасида “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори имзоланди. Ушбу қарор билан танишар эканмиз, албатта, унда оналар ва болалар соғлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, турли туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаши учун зарур шароитларни яратиш, ҳомиладор аёлларда мавжуд касалликларнинг олдини олиш, “Она ва бола скрининг” марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Мамлакатимизда бу борада жуда кўп амалий ишлар бажариб келинмоқда. Биргина оилавий поликлиника мисолида оладиган бўлсак, мутахассислар ҳомиладор аёллар соғлигини, туғилган янги чақалоқлар саломатлигини назорат остига олиб, кўрикдан ўтказиб келишмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу қарорда белгиланган ҳар бир вазифалар соҳани янада тараққий эттириш ҳамда касалликнинг олдини олишга хизмат қилади. Шу билан бирга асосий устувор йўналишлари ҳам белгиланар экан, албатта, “Она ва бола скрининг” марказларини юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, зарур жиҳозлар орқали моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ирсий касалликларнинг олдини олинишида ва оналар, болалар ўлимининг камайишига олиб келади.

Фуқароларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш аввало, уларнинг тиббий билимининг бойитилиши билан боғлиқдир. Бунда эса жойларда ташкил этиб келинадиган тарғибот тадбирлари, тушунтириш ва профилактика ишларини мунтазам олиб бориш талаб этилади. Президент томонидан имзоланган мазкур қарорда ҳам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда яшаш жойларида, маҳаллаларда ва таълим муассасаларида туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш, соғлом оилани шакллантириш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш масалалари бўйича тушунтириш ва профилактика ишларини мунтазам ўтказиб борилиши лозимлиги қайд этилган. Айни мана шундай ўтказилган ҳар бир тадбир албатта фуқароларнинг тиббий саводхонлигини шакллантиради, уларни ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом шахс бўлиб яшашида кўмаклашади.

Соғлом яшаш ҳар биримизнинг энг муҳим ҳаёт тарзимиз бўлмоғи керак. Айниқса, оналар ва болалар саломатлигига бўлган эътибор юқори даражада ташкил этилмоғи шарт. Мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу қарор ҳам оналар ва болалар соғлигини янада мустаҳкамлаш, ирсий ва туғма касалликарнинг олдини олинишига хизмат қилар экан, биз шифокорлар фаолиятимиз давомида бу билан боғлиқ ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратишимиз даркор. Зеро, касалликнинг олди олинса соғлом ва бақувват келажак бунёдкорлари дунёга келади.

Қурбон ТЕМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жондор туман Кенгаши депутати

Касалликнинг олдини олиш – соғлом турмуш тарзининг дебочасидир was last modified: Январь 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »