Келажакнинг ишончли ворислари

5 Январь, 19:26 • Ёш адолатчилар, Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 72 марта кўрилди • Комментариев к записи Келажакнинг ишончли ворислари нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти, шаклланиши бевосита кенг қамровли ислоҳотларнинг моҳиятини ва жаҳонда юз бераётган воқеаларни идрок этувчи, инновацион ғояларни ҳаётга кенг татбиқ этувчи эртанги кун эгаларини тарбиялаш жараёни билан боғлиқлигини таъкидлади.

Юртимизда 2018 йил Президентимиз томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Ҳақиқатдан ҳам, бугун ҳаётимизга, ишлаб чиқаришга инновацион ғоялар ва технологияларни, албатта, ёшлар киритади. Янги фикр, янги ғоя барча янги йўналишлар энг аввало ёшлар онгида пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам давлатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, Ўзбекистоннинг дунё айвонидаги обрў-эътиборини ошириш биз ёшларга кўп жиҳатдан боғлиқ.

Бугун юртимизда ёшлар учун барча имкониятлар эшиги кенг очилган. Ташаббускор, интилувчан навқирон ёшларимиз турли давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига тайинланаётгани келажакка ишончни оширмоқда. Бундан ташқари, ёшларни қўллаб-қувватловчи турли грантлар, уларнинг иқтидорларини намойиш этишга кўмаклашувчи дастурлар, имтиёзли стипендиялар ва мукофотлар ҳам таъсис этилган.

Юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларда фаол иштирок этаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкилотлари ва унинг ажралмас бўғини ҳисобланмиш “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан Президентимиз ўз Мурожаатномасида кўндаланг қўйган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада юксалтириш, ҳалол, фидойи йигит-қизларни муносиб равишда тарбиялаш ҳамда давлат, хўжалик бошқаруви органларининг масъул лавозимларига тавсия этиш борасида жиддий ишлар қилинмоқда.

Дарвоқе, шу кеча-кундузда вилоятда 15 минг нафардан ортиқ партия аъзолари 302 та БПТларга бирлашиб фаолият олиб бораётган бўлса, шуларнинг 60 фоизини ёшлар ташкил этади.

Партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан ёшлар таълим-тарбия олаётган муассасаларга, маҳаллаларга тез-тез ташриф буюриб, уюшмаган ёшлар билан алоҳида иш олиб борилмоқда. Энг аввало, бундай ёшларни таълим муассасаларига жойлаштириб, айримларини эса бандлик марказлари билан ҳамкорликда муқим иш билан таъминлашга эришилмоқда. Биргина ўтган декабрь ойининг ўзида Китоб, Шаҳрисабз, Ғузор ва бошқа туманлардан 30 нафар ёшларни турли ўқув муассасаларига ва ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этишга муваффақ бўлдик. Бундан ташқари, “Ёш адолатчилар қаноти” фаоллари томонидан ёшлар ўртасида одам савдоси, интернет тизимидаги аҳлоқсиз сайтлар, экстремизм ва бошқа бузғунчи ғояларнинг ёвуз мақсадлари, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари каби иллатларни бартараф этиш мавзуларида мутахассислар иштирокида юзма-юз мулоқот, семинар, давра суҳбатлари ташкил этилаяпти. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Қарши давлат университети, Косон педагогика-иқтисодиёт ва Ғузор молия-иқтисодиёт коллежларида ҳамда вилоятимизнинг 30 дан ортиқ маҳаллаларида уюштирилган жонли мулоқотлар ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишга хизмат қилаётир.

Юртбошимиз Мурожаатномада эътироф этганларидек, ҳар бир инсон ҳаёти давомида илмга таяниб иш тутиши керак. Бахтли яшамоқ учун эса одам боласининг қалбида улуғ мақсад бўлиши лозим. Ана шу олий мақсадга эришиш ҳисси инсонни доимо олдинга интилиш, изланиш ва ҳаракатга ундаб туради.

Ҳусниддин БЕРДИМУРОДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

“Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси

Келажакнинг ишончли ворислари was last modified: Январь 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »