Коррупция – давлат ва жамият кушандаси

29 Январь, 14:13 • Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 99 марта кўрилди • Комментариев к записи Коррупция – давлат ва жамият кушандаси нет

Инсонда ижтимоий онг шаклланганидан бошлабоқ, ҳар бир шахс бахтли яшайдиган — тўкин-сочин, тинч ва фаровон ҳаётни орзу қилади. Бундай жамиятни барпо этиш учун ҳаётга онгли муносабатда бўлишнинг бир қанча босқичларини босиб ўтдик.

Яъни, жамиятни ва давлатни бошқаришнинг ҳозирга қадар учта тартиботи — тоталитар, авторитар, демократик талаблари ҳаёт синовларидан ўтди ва давом этмоқда.

Бу тартиботлар ичида демократик тартибот бугунги кунда бутун дунёда тан олинган, адолатли, инсонпарвар тартибот сифатида эътироф этилган. Бироқ фаровон жамиятни барпо этиш, унда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш йўлида олиб борилаётган давлатлараро, мамлакат ичида ўтказилаётган ички ва ташқи ислоҳотлар муҳим аҳамиятга эгадир. Бу йўлда демократик жамият, мўл-кўлчилик ва фаровонликни таъминлаш учун фақатгина ватанпарварлик, фидокорлик сингари инсоний фазилатлар ва уларни амалга ошириш йўлидаги ҳаракатларнинг ўзи кифоя эмас. Зеро, бу ҳаракатларни амалга ошириш учун киришар эканмиз, йўлимизда бир қатор ижтимоий, хавф­ли муаммолар ҳам пайдо бўлади. Улардан бири — коррупция.

Мустақилликнинг чорак асрдан зиёд даврини босиб ўтган мамлакатимизда кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари, деган тамо­йилга амал қилиб келинмоқда. Афсуски, жаҳон ҳамжамиятини чирмовуқдек ўраб олишга интилаётган коррупция балоси бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Оддий кўча-кўйдаги муомаладан тортиб то давлат муассасаларидаги муносабатларгача баъзан ана шу чиркин, ижтимоий муаммога дуч келасиз. Негаки, демократия ҳурлик, эркинлик, тенглик тамойилига асосланган экан, буни айрим “уддабуронлар” ўз манфаатлари йўлига буришга ҳаракат қилишмоқда.

Мамлакатимизда чинакам халқ эркинлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида қизғин кураш борар экан, бу борадаги муаммоларни зудлик билан ҳал этиш талаб этилади. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятининг дастлабки давриданоқ жамият ва давлат тараққиётининг душмани бўлган коррупцияга қарши курашга отланганлиги ва бу ҳаракатга барчамизни жалб этишга чақирганлиги ҳам бежиз эмас. 2017 йилнинг 4 январида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Тўғри, бу ижтимоий иллатга қарши кураш анча илгари бошланган эди. Лекин коррупция жамиятнинг барча соҳаларига ўз таъсирини ўтказиб бўлганлиги унга қарши курашнинг ҳуқуқий тамойилларини яратиш вазифасини олдимизга қўйди. Юқоридаги қонун ҳуқуқий тамойилларни мустаҳкамлабгина қолмасдан, балки бу иллатга қарши барча фуқароларнинг фаол кураши ва иштирокини таъминлашни тақозо этади.

Коррупция йўқ жойдан пайдо бўлиб қолмайди. Аввало, фуқароларнинг билимсизлиги, ижтимоий нофаоллиги, сиёсий ва иқтисодий талаблар моҳиятини тушунмаслиги, энг асосийси, қонунлардан бехабарлиги, шунингдек, бепарволик, эътиборсизлик иллатлари коррупция тегирмонига сув қуяди. Истайсизми-йўқми, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида катта-кичик коррупция аломатларига дуч келасиз. Порахўрлик — коррупциянинг асоси. Онгимизда: “Бирон-бир ташкилот раҳбарига мурожаат этиб, муаммони порасиз ҳал этиш мумкин эмас”, деган тушунча ҳамон яшаб келмоқда. Тўғриси, ҳеч бир амалдор тўғридан-тўғри: “Фалон сўм берасан”, деб сизга талаб қўйиши даргумон. Аввало, бирон-бир мансабдор ҳузурига отланар экансиз, онгу шуурингизни: “Қанча талаб этаркан?”, деган ташвиш эгаллаб олади. Табиийки, “ундириш”нинг устаси фаранг бўлиб кетган порахўр сизнинг руҳий ҳолатингизни дарҳол пайқайди-ю мақсадга ўта қолади. Уёғи ўзингизга маълум.

Давлат ҳам, жамият ҳам ўз функциясини тўлақонли бажариши учун кучли бўлиши, аниқроғи, кучлар нисбати тенг бўлиши ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг бош талабидир. Адолат тамойили бу талаб ижросининг муҳим шарти ҳисобланади. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида инсоннинг бахти учун барча шароитни яратишга эътибор қаратилди. Бахтли бўлишнинг уч асосий талаби — мустақиллик, тинчлик ва адолат қарор топган муҳит. Агар улардан бири бўлмаса, инсонни бахтли, деб бўлмайди. Адолат қарор топган муҳитни шакллантиришнинг асосий тўсиғи ҳам коррупциядир. Коррупцияни келтириб чиқарган шароит ва сабаблар чуқур ўрганилиб, бартараф этилиши унга қарши курашнинг самарали усулидир. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун бу борадаги ислоҳотлар янада изчил тус олишига шароит яратмоқда, халқимизда катта умид, эртанги кунига ишонч уйғотмоқда. Шу сабабдан ҳам биз сиёсий куч фаоллари Коррупцияни келтириб чиқарган шароит қонун бузилишига имкон яратишини ҳисобга олиб, унинг олдини олиш чоралари кўрилишида жамоатчилик назоратини янада оширишимиз лозим.

Фарҳод НАБИЕВ,

“Адолат” СДП фаоли

Коррупция – давлат ва жамият кушандаси was last modified: Январь 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »