Кўзлаган барча марраларимизга, албатта, етамиз

9 Январь, 17:09 • Андижон вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 122 марта кўрилди • Комментариев к записи Кўзлаган барча марраларимизга, албатта, етамиз нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида одамларни ўйлантириб келаётган, тараққиётимизга ғов бўлаётган кўпдан кўп муаммолар рўйи рост тилга олинди.

У баландпарвоз гаплардан, юзаки иборалардан ҳоли, ҳаётий мисолларга бой, сохта рақамлар эмас, аччиқ бўлса-да, ҳақиқий кўрсаткичлар баён этиб берилгани билан қалбимиздан чуқур жой олди.

Давлатимиз раҳбари қаерда, қандай мақомдаги йиғилиш ёки учрашувда бўлмасин, ҳар доим элу-юрт манфаатини ўйлаб яшаш ҳамда бунинг учун фидойилик билан меҳнат қилиш зарурлигини бот-бот таъкидлайди.

Кўп қиррали, барча соҳани ислоҳ қилиш бўйича янги ёндашувлар, таклифлар айтилган Мурожаатномада депутатлар корпуси ва Сенаторлар олдига марказлашувга барҳам бериш, бу борада қабул қилинадиган қарорларга жавобгар кишиларнинг масъулиятини оширишдек катта вазифалар қўйилди. Юртбошимиз биз, депутатлар зиммасига юкланадиган мажбуриятлар моҳиятини теран тушунтириб берди. Шундай экан изчил ислоҳотлар жараёнида депутатларнинг томошабин бўлиб четда туришга ҳаққи йўқ.

Демак, депутат холисона фикрлардан келиб чиқиб, парламент ва депутатлик сўрови, тегишли давлат идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш каби ваколатларидан кенг фойдаланиши ҳаётий заруратдир. Бинобарин, Давлатимиз раҳбарининг «Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол, пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга, албатта, етамиз. Бу борада мен, аввало, кўп синовлардан ёруғ юз билан ўтган олижаноб халқимизнинг мустаҳкам иродаси ва бунёдкорлик салоҳиятига ишонаман», деган сўзлари Ватанимиз тақдири ҳамда келажаги, ёшларнинг бахту иқболи учун ҳақиқий фидойи бўлишга ундайди.

Биз депутатлардан мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, одамларимизнинг турмуш тарзида, дунёқарашида рўй берган ўзгаришларни истисно этмаган ҳолда, ҳозирги шиддатли замонга мос равишда ҳушёр бўлишимиз зарурлигини, бепарволик, ҳафсаласизлик оқибатида кичик масалалар ҳам ижтимоий, иқтисодий таназзулларга йўл очиши мумкинлигини зинҳор унутмаслик талаб этиляпти.

2018 йилнинг мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб номланишини назарда тутган ҳолда Юртбошимизнинг маърузаси том маънода инновацион нутқ бўлди, десак адашмаймиз.

Шу ўринда дилимдан ўтган бир мулоҳазани таъкидлашни ўринли деб ҳисоблайман. Халқимизнинг мамлакат ичида эркин ҳаракат қилиши учун вилоятлар, ҳатто туманлар ўртасидаги постларни олиб ташлаш ҳақида билдирган таклифлари Президентимиз томонидан ғоятда сезгирлик билан эътиборга олинди. Мана шундан келиб чиқиб, давлат бошқаруви, иқтисодиёт, божхона тизими, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда ҳам мана шундай, таъбир жоиз бўлса, «пост» ҳамда «тўсиқ» ларни олиб ташлаш бўйича топшириқлар берилди. Қонунларимизни тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат сифатида қабул қилиш, халқимизнинг фикр ҳамда таклифлари асосида қонун ишлаб чиқишни йўлга қўйиш зарурлиги уқтирилди.

Вилоятимизда халқ билан бевосита мулоқот қилишнинг янги тизими – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ташкил этилганидан буён йиллар мобайнида ҳал этилмасдан фуқароларимизни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш чораларини белгилаш жуда катта самара бериши тажрибамиздан ўтди. Мурожаатларга муносабат тубдан ўзгаргани натижасида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фуқаролар ва жамият олдида масъул эканликларини аҳоли яққол ҳис қила бошлади. «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон ва унинг манфаатлари учун» деган тамойил ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллади.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очган Мурожаатномаси мамлакатимиз аҳлининг барча қатлами кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этишига хизмат қилади, деган руҳ билан суғорилган. Одамларнинг хоҳиш-иродасига бўлган тарихий эътиборнинг ёрқин тасдиғи – халқ билан мулоқот анъанаси бардавом бўлиб қолаверади. Биз бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, меҳримиз ва садоқатимизни элу-юртга сафарбар қилишимиз шарт.

Мамазойир ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

халқ депутатлари Андижон вилояти

Кенгаши депутати

Кўзлаган барча марраларимизга, албатта, етамиз was last modified: Январь 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »