Масофавий уланиш қурилмалари фермер ва деҳқонларга кўмак беради

19 Январь, 18:09 • Ёш адолатчилар, Янгиликлар • 164 марта кўрилди • Комментариев к записи Масофавий уланиш қурилмалари фермер ва деҳқонларга кўмак беради нет

Партиямизнинг “Ёш адолатчилар” қаноти сафларида фаол фуқаролик позициясига эга, ўз интеллектуал салоҳияти билан юртимиз равнақи йўлида хизмат қилишга астойдил ҳаракат қилаётган, замон билан ҳамнафас фикрлайдиган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Улар барча соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларга ўзини дахлдор билиб, янги фикр ва таклифларни илгари суришда ҳам фаоллик кўрсатишга интилмоқда. Қуйида партиядошимиз, ёш олим Акбаршоҳ Тешабоевнинг ана шундай фикр ва таклифлари билан танишасиз.

Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш электрон тижорат тармоқларини замон талаблари даражасида такомиллаштирни тақозо этмоқда. Ривожланган давлатлар тажрибасига назар ташласак, тижорат соҳаси тўлиқ тартибда электрон тарзда шаклланганлигини кўриш мумкин. Хусусан, АҚШ, Германия, Япония ва Малайзия каби давлатларда тижорий ярмаркалар электрон шаклда ўтказилади.

Мамлакатимизда олди-сотди шартномасига доир шартномавий-иқтисодий муносабатларни электрон шаклда юритиш мақсадида 2004 йилда “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Шу билан бирга, ижтимоий муносабатлар ривожлангани сари ҳуқуқий нормаларни ҳам ушбу муносабатларга мувофиқ тарзда такомиллаштириб бориш зарур ҳисобланади. Мазкур қонун электрон тарзда олди-сотди шартномаларини тузиш ва бу борадаги жавобгарлик масалаларини қамраб олган. Аммо электрон тижорат шартномаларини бажариш ва тарафлар ўртасидаги яна бир қатор масалалар қонунда назарда тутилмаганлиги туфайли амалиётда электрон тижорий муносабатларда кўплаб муаммоли ҳолатлар юзага келмоқда.

Бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бошқа соҳалар қатори тадбиркорлик фаолияти ҳам тубдан ривожланиб бормоқда. Ушбу ислоҳотлардан кўзланган устувор мақсадлардан бири барча ишлаб чиқарувчиларга демократик бозор муҳитида тенг имкониятлар яратиб бериш, чекловларни бартараф этишга қаратилганлиги эътиборга молик.

Шу ўринда мени ўйлантириб келаётган айрим таклифларни билдиришни лозим топдим. Маълумки, Тошкент шаҳрида жойлашган “Ўзэкспомарказ” савдо павильонларида бир қатор халқаро ярмаркалар ўтказилади. Мазкур халқаро ярмаркаларда масофавий уланиш қурилмалари орқали чекка жойларда фаолият юритаётган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иштирок этишини таъминлаш айни муддао бўлар эди. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар марказларида махсус жойларни ташкил этиб, у ерда ҳудуддаги фермер ва деҳқонлар етиштирган маҳсулотлар ярмаркасини ўтказиб, бир вақтнинг ўзида “Ўзэкспомарказ”даги асосий ярмарка электрон тизимига уланиш орқали ушбу маҳсулотларни намойиш қилиш лозим, деб ўйлаймиз. Бундай тартиб орқали вилоятдан тавсия қилинадиган ишлаб чиқарувчилар қаторида бошқа ишлаб чиқарувчиларга ҳам ўз маҳсулотларини сотиш учун муайян имкониятлар пайдо бўлади.

Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурида белгиланган устувор вазифалардан бири бу – мижозларга банк хизматларини кўрсатишда қулайликлар яратиш ва мижозлар билан яқин ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишдир. Шу маънода фуқароларнинг банк пластик карточкаларидан фойдаланишида қулайлик яратишга оид яна бир таклиф хусусида тўхталиб ўтсак. Маълумки, бир вақтда бир нечта давлат идораси ёки ташкилотларда фаолият юритадиган фуқаролар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Эътибор қилсангиз, иш жойи сонидан келиб чиқиб, улар бир нечта пластик карточкаларга эга. Бу эса мазкур фуқароларга тўловларни амалга ошириш жараёнида айрим ноқулайликларни пайдо қилади. Шуни назарда тутиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мувофиқлаштируви асосида юртимиздаги банкларнинг пластик карточкаларга хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича “ҳисоб рақамга маблағ ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш” ишлари олиб борилиши мақсадга мувофиқ, деган фикрдамиз.

Ўйлаймизки, бундай қулайлик яратилиши юртимиздаги молия муассасалари томонидан кўрсатиладиган банк хизматлари жозибадорлигини оширишга ҳам ижобий таъсир қилади.

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси,

“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли

Масофавий уланиш қурилмалари фермер ва деҳқонларга кўмак беради was last modified: Январь 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »