Муаммолар ечимининг ишончли йўли

22 Январь, 16:28 • Андижон вилояти, Депутатлик гуруҳи, Янгиликлар • 175 марта кўрилди • Комментариев к записи Муаммолар ечимининг ишончли йўли нет

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари ҳудудларда бўлиб, фуқаролар билан юзма юз очиқ мулоқотда бўлмоқдалар. Ўтган ҳафтада вилоятимиздан сайланган парламентдаги халқ вакиллари Хонобод шаҳрида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш баробарида мавжуд муаммоларни ўргандилар, уларнинг ечимини топишга эътибор қаратилди.

Халқ депутатлари Хонобод шаҳар кенгашининг навбатдаги сессияси шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишда амалий кўмак кўрсатиш юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларига бағишланди. Унда маҳаллий кенгаш депутатлари, шаҳар фаоллари,  ўзини ўзи бошқариш органларининг раислари билан бирга ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этдилар.

Сессия қатнашчилари дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ишчи гуруҳ раиси Тўлқинжон Каримовнинг ахбороти билан танишдилар. Ўрганишлар давомида 251 та хонадон, 27 та ижтимоий соҳа объектлари, 14 та маҳалла фуқаролар йиғинларига кириб борилди. 168 нафар тадбиркорлар билан суҳбатлашилди. Билдирилган 166 та муаммо ва масалаларнинг 50 таси ўз жойида ечимини топди. 94 тасини ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди. 10 та вилоят ва 12 та республика даражасида ҳал этиладиган масала юзасидан депутатлик ва сенаторлик сўровлари тайёрланди.

Давлатимиз томонидан фуқароларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш ва китоб мутолаасига алоҳида эътибор қаратилаётган бир вақтда шаҳарда биронта ҳам китоб дўконининг йўқлиги, айтарли ахборот ресурс маркази фаолият юритмаётгани ачинарли. Тиббиёт соҳасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Айниқса, касаллиги сабаб ногиронлиги қайд этилиши лозим бўлган беморларга эътибор қаратилмаётганини қандай баҳолаш мумкин. Тозалиги ва гўзал табиати билан танилган Хонободда чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси ва аҳолига кўмир етказиб берувчи корхонанинг шоҳобчасини очиш зарур. Буларнинг барчаси  сира кечиктириб бўлмайдиган бугуннинг вазифалари.

“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида амалга оширилаётган мазкур тадбирлар Парламент вакилларининг жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўрганиш ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларини эшитган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Депутатлар иштирокидаги мулоқотлар халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий механизими сифатида намоён бўляпти. Унинг ижроси “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойилни амалда қарор топтиради.

— Депутатларнинг жамоатчилик орасига бундайин кириб бориши жойлардаги муаммолар ечимига йўл топиш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтирмоқда,- дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Хонобод шаҳар кенгаши раиси Зилола Жунаедуллаева. — Партия фаоллари ҳам бу тадбирда фаол иштирок этдик. Энг муҳими, халқимизнинг бугунги ҳаёти, уларнинг муаммоларидан бохабар бўлдик.

Айтиш лозимки, кейинги йилларда парламент вакилларининг  қуйига, очиқроқ қилиб айтганда халқимиз орасига кириб бораётгани маҳаллий кенгаш вакилларининг ҳам масъулиятини оширмоқда. Шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари бугунги кун талабларидан келиб чиқиб иш юритмоқда. Бу ўз ўзидан муаммоларнинг жойида ечимини топиши ва фуқароларнинг давлат идоралари ва маҳаллий кенгашларга бўлган ишончини оширмоқда.

 Танқидий руҳда ўтган сессия якунида  аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди, олдинда турган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан қарор қабул қилинди.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Муаммолар ечимининг ишончли йўли was last modified: Январь 22nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »