Муаммолар кечиктирилмасдан ҳал этилиши белгиланди

19 Январь, 17:57 • Депутат минбари, Қашқадарё вилояти, Фракция, Янгиликлар • 56 марта кўрилди • Комментариев к записи Муаммолар кечиктирилмасдан ҳал этилиши белгиланди нет

Миришкор туман ҳокимлиги мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман Кенгаши депутатлари, Сенат аъзолари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Ҳар бир одам фаровон турмуш кечириш ва бахтли яшашга ҳақли. Шундай экан сессияда давлат бошқаруви идоралари томонидан жамият ривожини таъминлаш, ҳар бир инсоннинг ўз турмушидан рози бўлиб яшаши учун кўмаклашиш мақсадлари йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Сессияда “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умиров маъруза қилди.

-Тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ўргандик,- деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. — Тўғри ижтимоий йўналишда, масалан, тиббиёт соҳасидаги баъзи муаммоларни вилоят, республика миқёсида ҳал қилиш мумкин. Эътибор қиладиган бўлсак, туманда пахта етиштириш бўйича етарли тажриба тўпланган. Бироқ, одамларни иш билан банд этиш учун ишлаб чиқариш корхоналари, кичик корхоналар, тадбиркорлик шаҳобчалари етарли эмас. Мана биргина мисол Миришкорда ҳар йили вилоят туманлари орасида энг юқори дон ҳосили етиштирилади. Аммо уни шу ернинг ўзида қайта ишлаб, ун, нон ва нон маҳсулотлари тайёрлашнинг нега иложи йўқ. Албатта булар туман, вилоят миқёсида ҳал қилса бўладиган масалалар.

Анжуманда ишчи гуруҳининг ўрганиш натижалари бўйича ҳисоботи тингланди. Қайд этилишича, депутатлар ва сенаторлар 819 та хонадонга ташриф буюриб, жами 4093 нафардан ортиқ фуқаролар билан мулоқот олиб бордилар. Хонадонлардаги ташрифларидаги мулоқотларда улардаги ижтимоий-иқтисодий маънавий муҳит билан яқиндан танишдилар. Фуқаролар томонидан 186 та масалалар кўтарилди. Ишчи гуруҳи томонидан 40 нафар фуқаролар ўзларининг муаммолари юзасидан қабул қилинди. 4 та ёзма мурожаатлар кўриб чиқилди.

Парламент аъзолари томонидан жойлардаги мулоқотлар жараёнида аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар юзасидан фикрлар эшитилди ва жойида ҳал этилиши мумкин бўлган бир қатор масалалар ўз вақтида ечимини топди. Хусусан, 12 та кам таъминланган хонадонга газ баллонлари, ва  мактаб синф хоналарига 5 дона синф доскаси етказилди. Шунингдек, 5 нафар имконияти чекланган шахсларга тиббий хулоса бериш юзасидан кўрсатма берилди. Бундан ташқари 5 нафар фуқаро  турли соҳаларга ишга жойлаштирилди.

Сессияда туман халқ хўжалигининг баъзи жабҳаларида салмоқли ўзгаришлар қўлга киритилаётганига қарамай, айрим тармоқларда муаммолар мавжудлиги ҳам афсус билан тилга олинди.

Аҳолига тиббий санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳам хисоботлари эшитилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом ва етук авлодни вояга етказишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда юртимиз тиббиёт муассасаларида зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда тиббий хизмат сифатини янада ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Тумандаги барча тез ёрдам бўлим ва шаҳобчаларига шу кеча кундузда 8 та дамас ва битта Ниссан русумли тез ёрдам автомашиналари ажратилган. Аммо, аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда яна иккита тез ёрдам машинасига эҳтиёж мавжуд. Ҳозирги кунда, марказий шифохона, юқумли касалликлар бўлими ва маъмурий бино капитал таъмирга муҳтож. Тумандаги айрим янги ташкил этилган қишлоқ оилавий поликлиникалари тиббий жиҳоз билан таъминланиши лозим. Энг ачинарлиси, Миришкорда баъзи тиббиёт муассасаларида ҳалигача ичимлик суви ташиб келтирилади. Шу туфайли ҳам бу муаммо оилавий поликлиникаларда санитария-гигиеник ҳолатни сақлашда салбий таъсир кўрсатмоқда.

Оналар ва болалар ўлими бўйича олинган статистик маълумотлар бу борада тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади. Ўрганишлар жараёнида айрим ҳудудларда патронаж хизмати етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги кузатилди. Шу билан бирга туман тиббиёт бирлашмасига қарашли даволаш профилактика муассасаларида 67 нафар шифокор етишмайди.

Тиббиёт муассасаларининг моддий техник базасини янада кучайтириш, мутахассисларни зарур компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда улар томонидан юритиладиган ҳужжатларни мақбуллаштириш ва соддалаштириш, Президентимизнинг фармон ва қарорларида, ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларни тегишли дастурларни ўз вақтида сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, бу ишлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш чораларини кўриш белгиланди.

Туман аҳолисини суюлтирилган газ баллонлари, тоза ичимлик суви, ички йўлларнинг носозлиги, ўқувчи ёшларнинг касб-ҳунар коллежларига қатнаши учун автотранспортларнинг йўқлиги  ҳам беҳад қийнамоқда.

Сессияда депутат ва сенаторлар томонидан ўрганилган барча масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди ва галдаги бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Анжуман ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди ва фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш лозимлиги юзасидан қисқача мулоҳаза юритди.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилояти Кенгаши матбуот хизмати

Муаммолар кечиктирилмасдан ҳал этилиши белгиланди was last modified: Январь 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »