Мулоқотлар муаммоларнинг амалий ечимини топишда кўмаклашмоқда

16 Январь, 14:39 • Бухоро вилояти, Депутат минбари, Фракция, Янгиликлар • 118 марта кўрилди • Комментариев к записи Мулоқотлар муаммоларнинг амалий ечимини топишда кўмаклашмоқда нет

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудудларда бўлиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг олиб борилаётганлиги билан яқиндан танишиб боришмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев ҳам Бухоро вилоятининг Ромитан туманида бўлиб, фуқаролар билан олиб борган самимий мулоқоти жараёнида уларнинг ютуқлари, баъзи мавжуд муаммолари билан ўртоқлашди.

Ўрганишларнинг илк кунларида Қодир Жўраев тумандаги уй-жой коммунал соҳа ходимлари билан учрашиб, мавжуд муаммоларнинг борлиги, уларни бартараф этишда таклиф ва тавсиялари тўғрисида аниқ маълумотлар бериб боришларини айтиб ўтди.

Депутат Ромитан туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Илҳом Тўраев ва Ромитан туман Давлат солиқ инспекцияси ходими Отабек Жумаевлар ҳамроҳлигида “Боғитуркон” ҚФЙнинг “Марзиё” қишлоғида бўлишганида фуқароларга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури мазмун-моҳияти хусусида тушунча бериб ўтди. Ушбу ҳудудда яшовчи “Деҳқон Зебинисо” МЧЖ раҳбари, фуқаро Амрилло Бахшиллоев оилавий тикувчилик цехини очганлиги ҳамда қишлоқ аҳолисига тикув маҳсулотлари етказиб беришда жонбозлик кўрсатаёганлигининг гувоҳи бўлишди.

— “Мамлакатимизда тадбиркорликка жуда катта эътибор қаратилмоқда. Имкониятлар яратилмоқда. Ана шу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда биз ҳам кичик бўлса-да, тадбиркорлик фаолиятимизни бошладик. Тикувчилик билан шуғулланиб, қишлоқдошларимизга ҳунар сирларидан ҳам сабоқ бериб келяпмиз. Бугунги кунда ўз цехимизни янада кенгайтириш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз”, — дейди Амрилло Бахшилоев.

Депутат ҳудуддаги қишлоқ врачлик пуктларининг фаолияти билан танишиш чоғида аҳолининг яратилган шароитлардан миннатдор эканлигига гувоҳ бўлди.

Шунингдек, “Ўтабек” қишлоғидаги қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам бўлиб, у ердаги аҳволни ўрганди. Бош врач Муҳаббат Жўраева патронаж сумкаларининг етишмаслиги, иситиш тизимининг носоз эканлиги, жарроҳлик амалиёти хонасининг замон талабига жавоб бермаслигини айтиб ўтди. Бу эса депутат томонидан батафсил ўрганиб чиқилди.

Ёшлар – мамлакат келажаги. Улар юрт ифтихори экан, ҳар томонлама соғлом ва бақувват қилиб тарбиялаш эса олдимизда турган энг муҳим вазифадир. Бугунги кунда айни мана шу масалага жуда катта эътибор қаратилар экан, депутат Қодир Жўраев ҳам тумандаги “Шўрчи” ҚФЙдаги “Темирхўжа” қишлоғида жойлашган 15-мактабгача таълим муассасасида бўлиб, болалар учун яратилган шароитлар билан танишди. 140 ўринга мўлжалланган ушбу муассасада тарбиячилар фаолияти, омборхона, шунингдек, ошпазлар фаолиятларини ҳам бирма-бир кўриб чиқди. Мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти томонидан канализация қувурининг йўқлиги, атрофи девор билан чегараланмаганлиги, яна 65 та болага эҳтиёж борлиги айтилди.

16-умумтаълим мактабининг ижтимоий аҳволи ўрганилганида ҳам бир қанча камчиликларнинг мавжудлигига гувоҳ бўлишди. Хусусан, замон талабига жавоб берадиган даражада таъмирлаш, жиҳозлаш, фаоллар хонаси, спорт майдончаларини янгилаш, кўргазмали қуролларни янада кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Ҳар бир хона ҳамда ўқитувчи фаолияти билан депутат танишиб бора экан, таълим самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини айтиб ўтди. Бугунги кунда ёшлар учун яратилаётган ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланиш энг муҳим вазифалардан эканлиги хусусида тўхталди.

“Шўрча” МФЙдаги “Шўрча” ҚФЙда жойлашган 18-умумтаълим мактабининг ижтимоий аҳволи билан ҳам танишди. 844 та ўринга мўлжалланган ушбу таълим даргоҳида қатор муаммоларнинг борлиги албатта ёшларга жуда катта салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтар экан, бу каби камчиликларнинг олди олинишида барчамиз масъул эканлигимизни эътироф этди.

Олиб борилган учрашувлар давомида мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилар экан, депутат ҳар бир фуқаронинг мурожаати эътибордан четда қолмаслигини алоҳида қайд этди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Мулоқотлар муаммоларнинг амалий ечимини топишда кўмаклашмоқда was last modified: Январь 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »