Муносиб ҳисса қўшамиз

5 Январь, 19:20 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 190 марта кўрилди • Комментариев к записи Муносиб ҳисса қўшамиз нет

Одатдагидай, душанба куни эрталаб партия вилоят кенгашининг барча ходимлари ўтган ҳафтадаги иш якунларини чиқариш ва навбатдаги вазифаларни белгилаб олиш учун йиғилишга тўпландик. Мен биринчи навбатда давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасидан олган таассуротимни сўзладим. Бу тадбир мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаёти тарихида илк бор ўтказилганига қарамай ҳаммада катта таассурот қолдирганини айтдим.

Чиндан ҳам Президентимиз Мурожаатномада жамиятимиздаги энг муҳим муаммоларга тўхталди, уларнинг пайдо бўлиш сабабларини таҳлил этди ва айни вақтда вазиятни ўнглаш учун зарур чора-тадбирлар тўғрисида фикр юритди. Энг аввало, давлат бошқаруви органлари ишини замонавий талаблар асосида қайта қуришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда иқтисодиёт тармоқларига маъмурий аралашувни қисқартириш, бозор иқтисодиёти имкониятларидан кенг фойдаланиш назарда тутилади.

Шунингдек, Мурожаатномада таъкидланганидай, давлат органлари фаолиятини режалаштириш, самарадорлигини ошириш ҳамон долзарб масала бўлиб турибди. Бугун бирорта идоранинг ўтган даврдаги фаолиятини ҳолисона баҳолаш имконини берадиган аниқ мезон, йўқ, деди Президентимиз. Шунинг учун ҳам давлат органлари тузилмаси ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда.

Мурожаатномада сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини янада кучайтиришга доир фикрлар ҳам билдирилди. Бу эса уларнинг нуфузини, халқ ўртасидаги обрў-эътиборини оширмай қўймайди. Айниқса, барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чораларни ишлаб чиқишда фаол қатнашиши зарурлиги қайд этилди. Бу эса ўз навбатида Қонунчилик палатасидаги депутатларимизнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ва ҳудудий партия ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашни тақозо этади.

Бундан ташқари, навбатдаги сайлов кампанияси тобора яқинлашиб келаётганлигини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак. Унда партиялараро рақобат янад кучаяди. Чунки энди Экологик ҳаракат вакиллари учун алоҳида ўрин ажратилмайди, улар ҳам сиёсий куч сифатида майдонга чиқиб, сайловларда қатнашадилар.

Бизни сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилиши ҳам мамнун қилди. Ҳақиқатан, мазкур соҳада олтита қонун ва қатор қонуности ҳужжатлари мавжудлигига қарамай, улар яхлит ҳолатда эмас. Ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мана шу камчиликка барҳам беради. Ўйлаймизки, партиямиз янада юқори ошкоралик даражаси таъминланадиган, илғор амалиётлар қўлланиладиган навбатдаги сайловларга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўради. Бу ишга наманганлик “адолат”чилар ҳам муносиб ҳисса қўшадилар.

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят

Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи

 

 

Муносиб ҳисса қўшамиз was last modified: Январь 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »