Қонун ижодкорлиги ва коррупция келиб чиқишининг олдини олиш

20 Январь, 13:28 • Адолат газетаси, Жамият, Янгиликлар • 165 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонун ижодкорлиги ва коррупция келиб чиқишининг олдини олиш нет

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари юксак даражада таъминланадиган, демократия ва қонун устуворлиги ҳукмронлик қиладиган демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишни ўзининг пировард мақсади сифатида белгилаб олди. Маълумки, ҳар бир маърифатли давлат орзу қиладиган ва интиладиган жамият – инсон манфаати устувор саналадиган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари сўзсиз таъминланган, фуқароларнинг қонунларга ҳурмати ва итоаткорлиги шаклланган, умуминсоний қадриятлар эъзозланадиган, юксак маънавий қадриятларга таяниладиган эркин демократик жамиятдир.

Инсоният доимо интилиб келган бу улуғ мақсадни ижтимоий ҳаётда тўла рўёбга чиқаришда мукаммал йўлга қўйилган қонун ижодкорлиги жараёни, ушбу эзгу ниятларни амалга оширишга хизмат қиладиган қонунлар муҳим аҳамият касб этади. Қонунлар шундай яратилиши керакки, уларда фақат яхшиликка, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қиладиган муносабатлар белгиланиши, аксинча, ҳеч бир қонунда жамият ва инсон манфатларига мос келмайдиган қоидалар ўрин топмаслиги лозим.

Шунинг учун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида асосий эътибор демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис мавқеини янада кучайтириш, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишга қаратилган ваколатларини янада кенгайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат кучайтириш, қабул қилинаётган қонунларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтириш масалаларини такомиллаштиришга қаратилди.

Шунингдек, унда давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишни янада такомиллаштириш мақсадида давлат хизмати тизимини давлат бошқарувининг марказлаштиришдан чиқариш, давлат хизматчиларининг касбий тайёргарлик, моддий ва ижтимоий таъминоти даражасини ошириш ҳамда иқтисодиётни бошқаришда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг самараси, сифати ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланиш имкониятини ошириш масалаларига асосий эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Ҳаракатлар стратегиясида жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, унда халқ билан самарали мулоқот механизмини жорий қилиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш вазифалари белгиланди. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ушбу вазифаларнинг ҳаётга кенг жорий этилиши қонунларни мукаммал яратиш билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ўз навбатида, улар қабул қилинаётган қонунларда коррупция аломатларини келтириб чиқарадиган нормалар мавжуд бўлишига йўл қўймасликка хизмат қилади.

Шуни айтиш керакки, этимологик жиҳатдан “коррупция”—лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “бузиш, сотиб олиш, пора эвазига оғдириш”, деган маънони англатади. Коррупция уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланиш ҳамдир. Демак, Олий Мажлис томонидан ишлаб чиқилаётган қонунларда бу каби иллатларнинг келиб чиқишига имкон берадиган шарт-шароитларга йўл қўймаслик, шундай ҳолатлар вужудга келишининг олдини олиш назарда тутилиши керак.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги янги қонуни 2017 йил 3 январдан кучга кирди. Ушбу қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган, давлат органларининг ваколатлари, ушбу соҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг иштирок этиши механизмлари белгиланган. Коррупцияга қарши курашувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида қонунда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика ва ҳудудий идоралараро комиссияларни ташкил этиш ҳамда унинг таркибига жамоат бирлашмаларининг вакилларини, тадбиркорларни ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларини киритиш назарда тутилган.

Умуман олганда, қонун нормалари шундай яратилиши лозимки, уларда коррупция аломатларини келтириб чиқарадиган имкониятларга шароит яратилмасин, коррупция учун жазо белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг қўлланилишига зарурият қолмасин. Шундагина қабул қилинган қонунлар жамиятда барқарорлик ва адолатни таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Гулчеҳра УМАРАЛИЕВА,

ЎзДСМИ “Ижтимоий-гуманитар фанлар”

кафедраси катта ўқитувчиси

 

 

Қонун ижодкорлиги ва коррупция келиб чиқишининг олдини олиш was last modified: Январь 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »