Қонунчилик палатаси депутатлари — Мингбулоқда

17 Январь, 09:44 • Депутат минбари, Наманган вилояти, Фракция, Янгиликлар • 186 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонунчилик палатаси депутатлари — Мингбулоқда нет

Мингбулоқ – Наманган вилоятининг энг навқирон туманларидан бири. Унинг ташкил топганига яқинда 65 йил тўлади. Марказий Фарғонадаги чўлларни ўзлаштириш туфайли бу ерда асрий қумликлар ўрнида бепоён пахтазорлар, боғ-роғлар вужудга келди. Қатор саноат корхоналари, янги-янги қишлоқлар бунёд бўлди. Айниқса, Истиқлол йилларида Мингбулоқ тараққиётнинг ойдин йўлига чиқиб олди. Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ барча жабҳаларда кўплаб ўзгаришлар рўй бермоқда. Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш юзасидан ҳам кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга ҳали ҳал бўлмаган муаммолар, барҳам берилиши лозим бўлган камчиликлар ҳам йўқ эмас.

Шу ҳафта бошида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Наманган вилоятидан сайланган  депутатлари  ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд  аҳволни ўрганиш мақсадида Мингбулоқ  туманига келдилар. Улар корхона ва ташкилотларда, муассасаларда, аҳоли истиқомат жойларида бўлиб, одамлар билан учрашмоқдалар. Бевосита мулоқотлар жараёнида  ислоҳотларни амалга ошириш самаралари ўрганилмоқда, турли соҳаларда вужудга келган айрим муаммолар ҳам ўрганилиб, қисқа муддатда бартараф этиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов:

— Биз ўтган йили халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили давлат дастури доирасида вилоятнинг олти туманида бўлиб, ижтимоий ва иқтисодий жабҳалардаги аҳволни атрофлича ўргандик. Аҳоли вакиллари кўтариб чиққан муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Вилоят ва мамлакат миқёсидаги масалалар эса тегишли мутасаддиларга ҳавола этилди ва уларнинг ҳал этилиши устидан парламент назорати ўрнатилди.  Бундан кенг жамоатчилик хабардор бўлганлиги ва қониқиш ҳосил қилганлиги эришилган муҳим натижалардан ҳисобланади. Мингбулоқда ҳам ўтган йилги тўпланган тажриба асосида иш юритмоқдамиз. Биринчи навбатда фуқаролар билан жонли мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган ва ташвишлантираётган муаммоларни аниқлашга эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга  жойларда ташкил этилган секторлардаги ҳолатни ўрганиш ва   долзарб вазифаларини ҳал этишда амалий ёрдам бериш ҳам диққат марказида турибди.

 Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси  Ш. Якубов 14-15 январь кунлари бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. Унга халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари Ш. Йўлдошев ва Ж. Сулаймонов ҳамроҳлик қилдилар. Мисол учун,   “Мехнатобод” МФЙ ҳудудидаги М. Юсупов ва Ёшлик, “Яккатол” МФЙдаги Ёшлик, “Қўғоликўл” МФЙдаги Шодлик кўчасиларида  жами 33 та хонадонга ташриф буюрилди.

Ўтказилган мулоқотларда аҳоли вакиллари фаол қатнашганликларини айтиб ўтиш лозим. Улар кўтарган  14 та масаланинг 6 таси ўрнида ҳал этилди. Булар орасида  суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш, хонадонлардаги ёрдамчи хўжаликлар учун ем-хашак сотиб олиш, пенсияни қариялар ва ногиронларнинг уйларига етказиб бериш кабилар бор. Қишлоқ врачлик пунктини йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар олиш бўйича тушунтиришлар берилди. Ҳудуддаги сизот сувлари кўтарилиб кетишининг олдини олиш юзасидан эса депутатлик сўрови билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига мурожаат қилинадиган бўлди.

Эътиборга молик муҳим жиҳатлардан бири шуки, одамлар мамлакатимиз айни пайтда олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатни қизғин қўллаб-қувватлаётганликларини изҳор этдилар. Айниқса, давлат органларининг халқ эҳтиёжларини қондириш, уларни қийнаётган муаммоларга барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларидан ҳамма мамнун.

Қонунчилик палатаси депутатларининг Мингбулоқ туманидаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиш юзасидан фаолияти яна бир неча кун давом этади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Қонунчилик палатаси депутатлари — Мингбулоқда was last modified: Январь 18th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »