Қонунларнинг қоғоздан амалга кўчишига масъулмиз

6 Январь, 11:19 • Муносабат, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 161 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонунларнинг қоғоздан амалга кўчишига масъулмиз нет

“Кўприклар аллақачон ёниб кетган энди ҳеч қачон орқага қайтмаймиз” Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция — эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдевори” деб номланган маърузасидаги ушбу сўзлар ҳамон қалбимда ўз акс-садосини бериб турибди.

Президентимиз бу сўзлари билан халқ ҳузурига хўжакўрсинга чиқаётган, қалбида эса “булар ҳаммаси вақтинча, бир йиллик иш” деган айрим раҳбарларнинг ҳаёлларига нўқта қўя олди. Тарих саҳифаларига сингиб кетган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» чин маънода ўзидан ёрқин излар қолдирди.

Албатта, фуқаронинг бирор ташкилот эшиги олдида “раҳбарни кўра оламанмикин” дея кун бўйи сарғайиб ўтириши қаерда-ю, раҳбарнинг ўзи “ҳолингиз қалай?” дея фуқаро эшигидан кириб бориши қаерда. Ахир бунинг ер билан осмонча фарқи бор. Ўтган 2017 йилимиз ана шундай катта тафовутга барҳам бера олгани, янги тизимга пойдевор қўйгани билан аҳамиятли бўлди.

Президентимиз маърузаларида машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, конституциямиз билан боғлар эканлар, айни пайтда Асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида ҳали улкан вазифалар турганини халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини таъкидладилар.

Президентимиз маърузаларида куюниб, “Президент фармон қабул қилди, шу билан ҳамма нарса ўз-ўзидан ҳал бўлади, деб ўйламанглар. Лекин бу фармон ҳали фақат қоғозда, уни амалга ошириш учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, кутилган натижага эришиш қийин бўлади” деган сўзлари мени депутат сифатида сергак торттирди. Чунки биз, депутатлар қоғоздаги қонун-қоидаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида масъулмиз. Аммо, афсуски бу борадаги фаолиятимиз билан мақтана олмаймиз.

Албатта, бугун бефарқ раҳбар ёки депутат халқ орзу истакларидан, уларнинг яшаш тарзидан бехабар бўлиб фаолият кўрсатишга, бир сўз билан айтганда, “оёғини ердан узиш”га ҳаққи йўқ. Бугун Президентимиз барчамизнинг олдимизга янги-янги вазифалар қўяр экан, бунинг замирида обод ва фаровон турмуш, фарзандларимизнинг бахтли келажаги мужассам эканлигини чин юракдан ҳис этишимиз зарур. Зеро, бахту саодат ортда эмас фақат олдинда, қилинажак эзгу амалларимизда эканини тушуниш вақти келди.

Эркин ЭСИРГАДИЕВ,

халқ депутатлари

Нуробод туман Кенгаши депутати

Қонунларнинг қоғоздан амалга кўчишига масъулмиз was last modified: Январь 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »