Ортда қолган йилдан розилик ва келажакка ишонч билан

7 Январь, 09:58 • Муносабат, Навоий вилояти, Сенаторлар, Янгиликлар • 156 марта кўрилди • Комментариев к записи Ортда қолган йилдан розилик ва келажакка ишонч билан нет

2017 йил мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида, унинг бутун дунё миқёсидаги обрў-эътибори ва мавқеи кўтарилишида унутилмас йил бўлди. Айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги серқирра нутқи мустақил мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистонимизни яна бир бор бутун бўй-басти, имкониятлари билан дунёга танитди. Халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик уфқларини янада кенгайтирди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, амалга оширилаётганлиги давлат ва жамият тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниб, шу улуғ мақсадда амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг аниқ ва беқиёс самарасини яққол кўриб, халқимизнинг эртанги кунга ишончи ортмоқда. Якунланган йилда жамиятимизда демократик тамойилларнинг янада устуворлик касб этиши таъминланди. Юртимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлиги жамият ҳаётида ўз ифодасини топди. Юртдошларимиз давлат ва жамият тараққиёти йўлидаги ислоҳотлар жараёнларида фаол иштирок этишлари, эзгу мақсадлар йўлида жипслашиб меҳнат қилиши зарурлигини янада теранроқ англаб етдилар.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари чуқур таҳлил этилди ва 2018 йилда амалга ошадиган устувор вазифалар белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари томонидан янги — 2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани барчамизда беҳад хайрихоҳлик уйғотганлиги бежиз эмас. Зеро, ҳозирги шиддаткор даврда давлат ва жамият тараққиётини янги фикр, инновацион ғоялар ва технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Президентимизнинг Мурожаатномаси давлат идоралари, ташкилот, корхона ва муассасалар ходимлари, мутахассисларга, жумладан, биз, сенатор ва депутатларнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклади. Шу маънода ҳар биримиз ўз фаолиятимизга танқидий-таҳлилий ёндашиб, эътиборимиздан четда қолган муҳим масалаларни, камчилик ва нуқсонларни аниқлаб олмоқдамиз. Туб ислоҳотларни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга фаол татбиқ этиш, ташаббускор юртдошларимизга амалий кўмак бериш масъулиятли вазифаларимиздан саналади.

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида белгиланган устувор йўналишларда амалга ошириладиган дастур ва режалар халқимиз ислоҳотлар натижасини бугун кўриб, баҳраманд бўлишига хизмат қилади, албатта. Бошқача айтганда, ўз меҳнатининг роҳатини кўрган инсон ҳаётдан рози бўлиб умргузаронлик қилади, янги мақсад ва режаларни кўзлаб, интилади. Интилиш ва ташаббуслар рағбатлантирилиб, замонавий шароитлар яратилган жойда ўсиш-ривожланиш бардавом бўлади. Бунёдкорлик, яратувчилик иштиёқи билан янги йилни қарши олган юртдошларимиз ана шундай эзгу ниятда эртанги кунга назар ташламоқда.

Ишончимиз комилки, 2018 йил мамлакатимиз тарихида янада улкан бунёдкорликлар йили бўлади.

Гулчеҳра САТТОРОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,

халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати

Ортда қолган йилдан розилик ва келажакка ишонч билан was last modified: Январь 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »