Порлоқ келажакка ундаган сиймо

25 Январь, 10:39 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 212 марта кўрилди • Комментариев к записи Порлоқ келажакка ундаган сиймо нет

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар кенг миқёсда ўтказилмоқда. Уларни ташкил этишда “Адолат” СДП ташкилотлари ҳам фаол қатнашмоқдалар. Давра суҳбатлари, учрашувлар, адабий кечалар, кўргазмаларда Ўзбекистонни Истиқлол йўлига олиб чиққан буюк давлат арбоби ва сиёсатчининг ҳаёт йўли, халқ бахт-саодатини таъминлашга қаратилган самарали фаолияти ҳақида атрофлича фикр юритилмоқда.

— Олий ўқув юртимизда Ислом Каримовнинг 80 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда, — дейди халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси, Наманган давлат университетининг ректори, техника фанлари доктори, профессор Абдусалом Умаров. – Уларда барча факультетларни қамраб олиш кўзда тутилган. Тадбирларнинг барчасини жонли мулоқот асосида, қизиқарли ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган буюк инсонниг хотирасига ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром бажо келтириш барчамизнинг улкан инсоний бурчимиз эканлиги қайта-қайта таъкидланмоқда.

Айниқса, талабаларнинг университет профессори, сиёсий фанлар доктори, профессор Турсунбой Файзуллаев билан учрашувлари мазмунли ўтмоқда. Чунки домла икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлган, Ислом Каримов иштирокидаги кўплаб тадбирларда қатнашган. 2015 йилдаги сайловда эса унга Наманган вилояти бўйича ишончли вакил бўлган.

Шу каби тадбирларда Биринчи Президентимиз раҳбарлигида собиқ мустабид тузум даврида аёвсиз топталган миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, муқаддас динимиз, азалий анъаналаримизни тиклаш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилганлиги кўп марта қайд этилмоқда. Бу борада олиб борилган ишларни чин маънода маънавий жасорат дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам халқимиз Ислом Каримовни доимо фахр ва ифтихор билан эслайди. Қолаверса, ҳамма уни Ўзбекистон Мустақиллигининг чинакам меъмори ва ташаббускори деб билади.

Маълумки, ўтган йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида” қарори эълон қилинганди. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида бир қатор ишларни амалга ошириш кўзда тутилган эди. Хусусан, олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясини жорий этиш ҳам кўзда тутилган эди.

Наманган давлат университетининг педагогика-психология факультети талабаси Дилшода Жабборова ҳаётида ўтган ўқув йилида унутилмас воқеа рўй берди. У биринчилар қаторида Ислом Каримов номидаги даввлат стипендиясига сазовор бўлди.

Курсдошларининг айтишича, у бундай юксак шарафга ҳар томонлома муносиб. У ўқишда аълочи, жамоатчилик ишларида фаол, илмий изланишлар олиб боришда ҳам талабаларга намуна. Қатор нуфузли тадбирларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Масалан, 2016 йилда университетда ташкил этилган ёш олим ва иқтидорли талабаларнинг “Инновацион ғоялар” республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичи совриндори бўлди. “Оилавий тарбия самарадорлигини оширишнинг ижтимоий-педагогик асослари ва инновацион технологиялари“ республика илмий-амалий анжуманидаги маърузаси ҳам барча иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди.

— Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номидаги стипендияга сазовор бўлганлигим албатта, жуда шарафли, — дейди Дилшода Жабборова. – Чунки юртимизни Истиқлол йўлига олиб чиққан буюк инсон номи билан боғлиқ ҳар бир нарса кишида фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади, ғурурлантиради. Айни пайтда зиммамга катта масъулият ҳам юкланди. Чунки бундан буён ҳар бир ишим ана шу  стипендияга муносиб бўлиши зарур. Демак, ижтимоий ҳаётда янада фаол бўлиш, пухта билим олиб, юқори малакали мутахассис мақомига эришиб, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишим керак. Бу мен учун муқаддас бурч саналади. Курсдошларим билан учрашувларда, маҳалладаги тенгдошларим билан гаплашганимда кўпинча шу ҳақда ҳам сўзлайман.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Порлоқ келажакка ундаган сиймо was last modified: Январь 25th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »