Самимий мулоқотлар ижтимоий масалаларга ечим бўлмоқда

16 Январь, 09:42 • Депутат минбари, Қашқадарё вилояти, Фракция, Янгиликлар • 188 марта кўрилди • Комментариев к записи Самимий мулоқотлар ижтимоий масалаларга ечим бўлмоқда нет

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаровнинг Қашқадарё вилояти Миришкор туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишуви ғоят мароқли кечди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, фуқаролар билан бўлиб ўтган учрашувлар, қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Мулоқотлар жараёнида фракция раҳбари амалдаги қонун ҳужжатлари, уларнинг ишлаш механизмларини такомиллаштириш, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури мазмун моҳияти ҳамда “Адолат” СДПнинг мақсад ва ғоялари хусусида фикр мулоҳаза юритди.

Бозорлар-юрт кўрки. Шу куни фракция раҳбари тумандаги янгидан қуриб битказилган Жейнов кўп тармоқли савдо мажмуаси биносини ҳам бориб кўрди. Бу ерда сотувчилар ва харидорлар учун яратилган шарт-шароитлар, савдо дўконлари ва расталар халқаро талаблар асосида барпо этилгани эътироф этилди.

— Ушбу савдо мажмуаси январ ойининг охирларида иш бошлайди, — деди туман ҳокими Равшан Комилов. — Айни пайтда бу ерда дўконларни керакли жиҳозлар билан таъминлаб, аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратишга интилаяпмиз.

Дарвоқе, фракция раҳбари Наримон Умаров, депутат Абдуғани Умиров билан туман тиббиёт ходимлари ўртасидаги учрашувлар ҳам қизғин саволларга бой бўлди. Депутатлар давлатимиз раҳбарининг аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш борасида қабул қилган қарорлари юзасидан атрофлича тушунча бериб ўтдилар. Айниқса, “Чаманзор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Оилавий поликлиникада ўтказилган учрашувларда тиббиёт ходимлари ва фуқароларнинг фаоллиги яққол кўзга ташланди. Унда сўзга чиққан Наримон Умаров “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирлар хусусида фикр юритиб, одамларнинг саломатлигини асраш энг устувор вазифалардан бири  эканлигига эътибор қаратди.

Учрашувда туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Илхом Шарипов соғлиқни сақлаш соҳасида эришилаётган натижалар хусусида тўхталди.

— Ютуқлар ўзимизники, — деди Илхом Шарипов. — биз бутун чоралар билан одамларга намунали хизмат кўрсатиш учун ҳаракат қилаяпмиз. Шуни мамнуният билан қайд этишим керакки, туманимиз тиббиётчилари аҳолига замон талаби асосида хизмат кўрсатишаётгани  эвазига фуқаролардан ариза ва шикоятлар, эътирозлар бўлаётгани йўқ. Фақатгина туманимизда мутахассис кадрлар етишмаслиги туфайли муаммоларга дуч келаяпмиз. Масалан, туманимизда умумий амалиёт ва участка шифокорлари етишмайди. Бундан ташқари, туғруқ бўлимида педиатр мутахассислигига эҳтиёжимиз бор.

Шу куни Наримон Умаров Ёшлик маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Ҳожи Тўрақул бобо Нусратов хонадонига ҳам ташриф буюрди. Хонадон соҳиби нафақада бўлишига қарамасдан ўз томорқасида сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириб, бозорларимиз мўл-кўлчилигига катта ҳисса қўшмоқда. Бундан ташқари, ўз томорқасида иссиқхона ташкил этиб, қиш мавсумида фуқаролар дастурхонига мўл-кўл мевалар, лимон тортиқ этаяпти. Мавжуд чорва молларидан ҳар куни 250 литр сут олиб, арзон нархларда савдо дўконларига ва болалар боғчаларига етказиб бермоқда. Хонадонда фракция раҳбарининг эътиборини тортган нарса шу бўлдики, Ҳожи Тўрақул бобо Нусратов йўлга қўйган тадбиркорлик фаолияти натижасида ўз маҳалласидаги 4 та оила аъзолари доимий иш билан таъминланган.

Самимий, очиқ ва дўстона мулоқотлар остида кечган учрашувларда туман аҳли Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ижтимоий-иқтисодий турмушимизнинг турли соҳаларига оид берган саволларига атрофлича жавоб олдилар. Умуман мулоқотлар давомида одамлардан тушган барча саволлар, ечимини кутаётган айрим масалалар депутатларимизнинг саъи ҳаракатлари ва бевосита аралашувлари билан ўз жойида ҳал этилди.

                                       Ўзбекистон  “Адолат” СДП

Қашқадарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

Самимий мулоқотлар ижтимоий масалаларга ечим бўлмоқда was last modified: Январь 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »