Сессия қарори билан муаммо ва камчиликлар бартараф этилади

19 Январь, 16:12 • Депутат минбари, Сурхондарё вилояти, Фракция, Янгиликлар • 240 марта кўрилди • Комментариев к записи Сессия қарори билан муаммо ва камчиликлар бартараф этилади нет

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганиш натижалари халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида кун тартибига қўйилди.

Бўлиб ўтган сессияда асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари таркибидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан Олтинсой туманида амалга оширилган ишларнинг ҳолати ўрганилиши ва таҳлил этилиши юзасидан масалалар кўриб чиқилди. Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Ўрганиш даврида депутатлар ва сенаторлар Олтинсой туманидаги аҳоли, шу жумладан ёшлар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳамда фаоллари билан бевосита учрашувлар ўтказдилар. Улар томонидан жойлардаги 752 та хонадонга ташриф буюрилиб, ҳар бир хонадон вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб борилди. Ўтказилган учрашув ва мулоқотларда 4 минг 100 нафарга яқин фуқаро, шу жумладан, 238 та тадбиркорлик субъектлари қамраб олинди ҳамда уларни ўйлантираётган муаммо ва камчиликлар юзасидан фикрлари эшитилди. Сессияда уй-жой коммунал соҳаси, аҳоли бандлиги, соғлиқни сақлаш, транспорт ва йўл қурилиши, Банкдан кредит олиш, экология ва атроф-муҳитга доир жами 154 та масала кўриб чиқилди. Қайд этилган масалалар юзасидан депутатлар ва сенаторлар томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан 48 таси жойида ҳал этилди. Масалан, суюлтирилган газ баллонларини аҳоли хонадонларига тарқатишда навбат тизимида мавжуд бўлган эътирозларни бартараф этиш мақсадида туман газ таъминоти корхонаси томонидан аҳолидан газ баллонлари сўраб қилинган мурожаатларни масалалар кесимида ягона тартибда рўйхатга олиш йўлга қўйилди.

Сессия кун тартибида тадбиркорлик фаолиятининг ривожлантирилиши доирасидаги ўрганишлар юзасидан муаммолар ҳам кўриб чиқилиб, тадбиркорлик фаолиятининг ривожлантирилиши борасида бир қанча муаммолар ўртага ташланди.

Туманда 2018 йил 1 январь ҳолатига жами 3059 та тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, шундан 2518 таси юридик шахслар, 541 таси жисмоний шахсларни, якка тартибдаги тадбиркорларни ташкил этади. Ҳисобот даврида рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектлари сони 435 та бўлиб, ўтган йилнинг шу даврида 1181 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 746 тага камайган. Ўрганишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорларга кредит ажратишда тижорат банкларининг фаолияти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати қониқарли эмаслиги кузатилди. Тижорат банкларининг аҳоли билан бевосита мулоқот қилган ҳолда, аҳолининг энг кам иш ҳақининг 100 баробар миқдоригача гаровсиз ажратилаётган имтиёзли 9 фоизли кредит олиб, бунга 100 тадан товуқ сотиб олишга, 20 тадан ёнғоқ, лимон, бодом ва бошқа кўчатлар экиб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга тарғиб этиш бўйича олиб борилган ишлар бугунги кун талабига жавоб бермаслиги аниқланди.

Хусусан, тижорат банклари томонидан 2018 йил 1 январь ҳолатига 1213 кишига 7,2 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилган бўлса-да, тадбиркорлик қилиш учун тижорат банкларига мурожаат қилган 4530 нафар фуқаролардан 37 фоизига кредитлар ажратилган, холос. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 15 тадан зиёд иш ўрни яратадиган тадбиркорларга Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда яъни йиллик 9 фоиз ставка билан кредит ажратиш белгилаб қўйилган бўлсада, тумандаги айрим тижорат банклари томонидан мазкур қарор талаблари бажарилмасдан қолган.

Сессияда шунингдек, туманда Савдо ва маиший хизмат кўрсатишнинг ҳолати бўйича натижалар ҳам қониқарли эмаслиги таъкидланди. Ушбу ҳолат бўйича ўрганишлар давомида туман деҳқон бозорининг санитария ҳолати талабга тўлиқ жавоб бермаслиги, сотувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтмаганлиги, бозор ҳудуди ободонлаштирилмаганлиги, уларда сотувчи ва харидорлар учун етарли шароитлар яратилмаганлиги, савдо қилаётган фуқаролардан ҳар бир расталар учун кунлик тўловлар тўлиқ олинмаётганлиги, бозорлар атрофидаги автомобиллар учун турар жойлар мавжуд эмаслиги кузатилди.

Ўтказилган сессия давомида депутатларимиз томонидан тумандаги таълим муассасаларининг аҳволи ва туманда таълим олиш ҳуқуқининг таъминланиш даражасига доир масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Унга кўра Олтинсой туманининг Вахшивор-2, Хайрандара, Чеп, Шакарқамиш, Ипоқ, Қорлиқ, Янгиариқ, Жилибулоқ, Жобу, Жиянбобо, Мустақиллик 10 йиллиги, Миршоди маҳаллаларида мактабгача таълим муассасалари йўқлиги учун ушбу ҳудудларда янгидан мактабгача таълим муассасалари бинолари қурилишини давлат инвестиция дастурига киритиш мақсадга мувофиқлиги белгиланди.

Бундан ташқари, аниқланишича Олтинсой туманида капитал таъмирлаш учун 9 та таъмирталаб бўлган мактабгача таълим муассасаси биноси 2020 йилгача таъмирланиши рўйхатга киритилган бўлиб, туманда яна 9 та умумтаълим мактаби ва 4 та таъмирланишга эҳтиёж сезган МТМ лар мавжуд. Шунингдек, тумандаги 63 та ўрта мактабнинг 54 таси замонавий биноларда фаолият кўрсатиб келаётган бўлса-да, 17 та мактаб хом ғиштдан қурилган биноларда жойлашган бўлиб, ҳаммаси реконструкция қилишга муҳтож эканлиги ҳам айтиб ўтилди. Тумандаги умумий ўрта таълим мактабларида 107 нафар ўқитувчи етишмайди. Жумладан, рус тили ва адабиёти, тарих, физика, кимё, биология ва инглиз тили фанлари бўйича мутахассис ўқитувчиларга эҳтиёж мавжуд.

Кўпчилик мактабларда ичимлик суви ташиб келтирилади, тиббиёт хонаси мавжуд эмас, ҳамшира ажратилмаган, мактабларда ўқув устахонаси мавжуд бўлган ҳолда зарур ўқув ускуналари билан таъминланмаган.

Туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳам маромида эмас. Олтинсой туман аҳолисига туман тиббиёт бирлашмаси таркибидаги кўп тармоқли марказий поликлиника ва аёллар маслаҳатхонаси фаолият юритиб келиб, 10 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ва 2 та қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилган. Кўп тармоқли марказий поликлиникада мажбурий равишда бўлиши лозим бўлган 28 хилдаги дори-дармонлардан 18 таси мавжудлиги аниқланди. Каттабоғ маҳалласи ҳудудига хизмат кўрсатувчи 86-қишлоқ оилавий поликлиникасининг 6 нафар патронаж ҳамшираларининг икки нафарида медицина хизмати кўрсатиш сумкаси мавжудлиги, уларнинг кундалик журналлари ва оила паспортларини тўлдириш ҳолатлари талабга жавоб бермаслиги ёки фуқароларнинг соғлиғини тавсифловчи маълумотлар билан тўлдирилиши зарур бўлган устунларнинг 55-65 фоизи тўлдирилмасдан қолаётганлиги, муолажа ва эмлаш хоналарида тутиладиган мукаммал ҳамда жорий тозалаш дафтарлари юритилмаслиги ҳолатлари аниқланди.

Чорбоғ маҳалласидаги тез тиббий ёрдам бўлими ўрганилганда тез ёрдам автомашинасида ёқилги йўқлиги сабабли ва таъмирталаблиги сабабли ишламасдан турганлиги 4 та ўтказилган чақирувларга ҳамшира ва фельдшер ходимлари пиёда бориб келаётганлиги аниқланди. Бундан ташқари, тез ёрдамга бириктирилган 95 501-12-03 номерли алоқа воситаси 10 кундан буён иш ҳолатида эмас. Дори воситалари етарли даражада таъминланмаган.

Зарабоғ тез ёрдам шохобчасида чақирувга борувчи врач мавжуд эмас. Тез ёрдам сумкачасидаги асбоблар зарарсизлантириш учун берилган бўлсада қайтариб берилмаган.

Эмлаш, муолажа хоналарида ҳароратни бир меъёрда сақлаш учун кондиционерлар қўйилмаган.

Поликлиникада амбулатор карталарни сақлаш учун стеляжлар етишмайди.

Туманда эндокринолог, реаниматолог, аллерголог, болалар кардиологи, жарроҳ, окулист, неврапотолог, УЗИ врачи, уролог ва шу каби бир қатор мутахассисликлар бўйича кадрлар етишмайди. Тумандаги аксарият тиббий муассасаларда зарур бўлган дори воситалар тўлиқ мавжуд эмаслиги, биноларда иситиш тизимининг ишламаслиги, тоза ичимлик сувининг йўқлиги тиббий жиҳозларнинг давлат стандартидан ўтказилмаганлиги аниқланиб, долзарб масалалар сифатида сессия давомида депутатларимиз томонидан тезда бу муаммолар бартараф этилиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Ҳа, депутат ташаббускор бўлиши шарт. У муаммоларнинг туб сабабини таҳлил, мушоҳада, муҳокама асносида аниқлаши, ўз ваколатлари доирасида муаммони ҳал этиш чораларини кўриши шарт. Шу маънода парламент аъзолари иштирокида таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган сессияда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Сессия қарори билан муаммо ва камчиликлар бартараф этилади was last modified: Январь 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »