Сиёсий билим ва тажрибани бойитишга эътибор

22 Январь, 18:36 • Бухоро вилояти, Сиёсий ўқув, Янгиликлар • 116 марта кўрилди • Комментариев к записи Сиёсий билим ва тажрибани бойитишга эътибор нет

Ҳар жиҳатдан ривожланиб бораётган мамлакатимизнинг янада тараққий этиб боришида фуқароларнинг сиёсий фаоллигини шакллантириш ва ривожлантириш энг муҳим вазифалардан бири саналади. Тўғри, бугунги кунда ҳар бир фуқаро оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинаётган ва тақдим этилаётган сиёсий маълумотлардан бохабар бўлиб келишмоқда. Аммо уларнинг фаоллигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ҳудудларда “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида ўқувлар ташкил этиб келинмоқда. Навбатдаги бўлиб ўтган ўқувда ҳам партиянинг Бухоро туман ва шаҳар Кенгаш ходимлари ташаббус кўрсатишди.

Жумладан, Ромитан, Вобкент ва Жондор туман Кенгаш фаоллари, ходимлари ва тайинланган лекторлари фуқаро хонадонларида ҳамда маҳаллаларда бўлиб уларга сиёсий янгиликларни етказишди, партиямизнинг савияси ва мавқеини янада оширишга ҳаракат қилишди.

Сиёсий саводхонлигини шакллантириш мақсадида  мамлакатимизда ва дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотларини беришди. Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланганлигини таъкидлар экан, унда давлатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтириш, миллий хавфсизликни ва давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ишига қўшаётган катта ҳиссаси, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳамда тинчлик, барқарорлик ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатганларнинг мукофотланганликларини ҳам айтиб ўтишди.

Юрт тинч бўлса, маҳалла тинч, маҳалла тинч бўлса оила тинчдир. Шундай экан, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликка қарши курашиш замон талабидир. Бу борада олиб борилаётган ишлар эса албатта,  ўзининг ижобий натижаларини бериб келмоқда. Аммо соҳага янада эътибор қаратиш мақсадида давлатимизда қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Сиёсий мулоқотларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқинда қабул қилинган “Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида жиноятчиликни олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгиланганлиги ҳам таъкидланди. Бу эса фуқароларнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришлари учун хизмат қилади, албатта.

Шунингдек, хорижда бўлиб ўган сўнгги воқеа-ҳодисаларнинг аниқ маълумотлари ҳам келтирилди.

Фуқароларнинг сиёсий билимини шакллантириш уларни жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун муҳим омил саналар экан, бу муҳим омилни вақтида амалга оширишга партия ходимлари жуда катта эътибор қаратиб келишмоқда.

 Собир БОТИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши бош мутахассиси

Сиёсий билим ва тажрибани бойитишга эътибор was last modified: Январь 22nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »