Соҳада аниқланган камчиликлар ижобий ечим топмоқда

16 Январь, 17:39 • Депутат минбари, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 173 марта кўрилди • Комментариев к записи Соҳада аниқланган камчиликлар ижобий ечим топмоқда нет

Сайловчилар манфаати йўлида иш олиб бораётган сиёсий партиялар инсон ҳуқуқларини олий даражага кўтаришда асосан, халқ ноиблари бўлмиш ўз депутатларига таянадилар. Бу борада ҳудудлардаги маҳаллий Кенгашларнинг партия гуруҳлари асосий вазифа бажарувчи бўғин ҳисобланади.

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги партиямизнинг депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаролар олдидаги масъулиятларини чуқур англаган ҳолда, жорий йилдаги фаолиятларига янада ташаббускорлик билан ёндошмоқдалар.

Яқинда вилоят партия Кенгаши раиси Маъруфжон Холдаров бошчилигидаги гуруҳ томонидан вилоятнинг Данғара туманида олиб борилган ўрганиш бу ерда аҳолига кўрсатилаётган шошилинч тиббий ёрдам хизматини янада такомиллашуви ва моддий-техника базасини мустаҳкамланишига замин яратди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги ПҚ-2838-сонли “Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари ижроси бўйича Данғара туманидаги қишлок оилавий поликлиникалари ва врачлик пунктларини ҳолатини чуқур ўрганган ишчи гуруҳ дастлаб маҳаллаларда аҳоли билан мулоқот олиб борди.

Жумладан, “Тайпоқ” қишлоғида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Абдураҳмон Қамбаров, Маъруфжон Холдаровлар 50 дан ортиқ хонадонларга кириб бордилар ва оила аъзоларининг саломатлиги, уларни қийнаб келаётган мавжуд тиббиётга алоқадор муаммолар батафсил ўрганилди. Суҳбатлар асосида фуқаро И.Тўраев 1 та ногиронлик аравачасига муҳтожлиги, шунингдек, 10га яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга маълум имтиёз асосида тиббий йўлланма, жами 11 та мурожаатлар  депутатлик сўровлари режасига киритилди.

Хонадон эгалари, қишлоқ  аёллари туманда патронаж тизимидан мамнунлиги, патронаж хамширалари ўз ишларига масъулият билан ёндашаётганликлари, 1 ёшгача бўлган болалар, қаровга муҳтож  ёлғиз қариялар, хомиладорлардан тез-тез хабар олинаётганини айтиб ўтдилар. Шунингдек, улар томонидан билдирилган таклифларда патронаж хамшираларига бириктирилган аҳоли сони, уларга белгиланган юкламаларни  камайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Шундан сўнг гуруҳ режасига кўра, депутатларимиз туман тиббиёт бирлашмасида бўлдилар. Аниқланишича, бу ерда айни кунларда моддий-техника база ҳолати бўйича 8 та санитар автотранспорт аҳолига хизмат кўрсатади. 2016 йил охирида бирлашмага 1 та “Nissan” русумли реонимобил ажратилган бўлсада, машина тўлиқ тиббий жиҳозлар билан таъминланмаган. Шу йили бирлашмага яна қўшимча равишда  5 та “Дамас” русумли санитар автотранспорти ажратилган. Ҳозирги кунда 165800 нафар туман аҳолисига 9 та тез тиббий ёрдам гуруҳи, 7 та тез тиббий ёрдам шаҳобчалари ва 1 та марказий тез тиббий ёрдам бўлими хизмат кўрсатмоқда. Бирлашма шифокорлари таъкидлашларича, аҳоли талабларидан келиб чиқиб, туманга яна 3 та тез тиббий ёрдам шаҳобчаси хизмати зарур бўлмоқда.

Муҳаммаджон Абдуллаев, Данғара туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари:

— Аҳоли сони ортиб боргани сари кундан кунга тиббий хизматга, унинг сифати ва замонавийлигига бўлган талаб ошиб бормоқда. Ҳозирги кунда тезкор чақирувларимиз сони ўтган 2016 йилдагига нисбатан 2017 йилда 3019 тага ошди. Кечиккан чақирувлар сони 2016 йилда 117 тани ташкил этган бўлса, жорий йил бошиданоқ 68 тага етди. Шу сабабли бугунги шароит биздан тиббий ёрдам шаҳобчалари фаолиятини ривожлантиришни талаб этмоқда.

Дорихоналар бўйича ўрганиш давомида депутатлар туманда доривор ўсимликларни етиштириш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдилар. “Чинобод” қишлоғи ҳудудидан “Кенг имкон бизнес” хусусий фирмасига 12 турдаги  шифобаҳш ичимликлар тайёрлаш учун доривор ўсимликларга 10 гектар ер майдони ажратилиб,  баҳорги тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.

Туманда амалга оширилган самарали ўзгаришлардан яна бири шифокорларга қишлоқ врачлик пунктининг ўзида хизмат уйлари ташкил этилганидир.

Анвар Ўринбоев, “Қум қияли” қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли:

Шифокорларнинг шу ернинг ўзида яшаб ишлашлари уларнинг ўзларига ҳам  биз қишлоқ ахлига ҳам жуда яхши қулайлик туғдирди. Натижада қишлоқнинг ҳар бир ёшу қариси, уларнинг тиббий ҳолати шифокор назорати ва қарамоғида бўлмоқда. Худди яқин қариндошдай ахил бўлиб шифокорлар билан бир маҳаллада яшаётганимиз ҳар қандай беморни ҳам оёққа туришга даъват этиши табиий.

Маъруфжон Холдаров, партиянинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:

— Тумандаги тез тиббий ёрдам шаҳобчаларининг деярли барчасида умумий муаммо кузатилди — яъни   сифатли ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган замонавий тиббий асбоб-ускуналар,  жумладан элекроотсос, иммобилизацион шиналар, жаррохлик тўпламлари, (катта ва кичик) физиотерапия аппаратлари, ЭКГ ва бошка асбоб-ускуналар етишмаслиги баъзи ҳолларда аҳолига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатишда ноқулайлик туғдирмоқда.

Ўрганиш таҳлиллари натижасида ишчи гуруҳ хулоса қилар экан, туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати тобора такомиллашиб бораётгани, мавжуд муаммоларни бартараф этишда бирлашмага депутатларимиз ҳамкорлиги, жорий йилга мўлжалланган ва аҳоли талабларига мувофиқ, мукаммал ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси зарурлиги қайд этилди. Соҳада аниқланган камчиликлар ижобий ечим топиши учун доимий комиссияларга тақдим этилиши режалаштирилди.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

Соҳада аниқланган камчиликлар ижобий ечим топмоқда was last modified: Январь 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »