Соғлом рақобат – сифатли тиббий хизмат асоси

3 Январь, 12:13 • Депутат минбари, Фракция, Янгиликлар • 151 марта кўрилди • Комментариев к записи Соғлом рақобат – сифатли тиббий хизмат асоси нет

Инсон учун соғлик ва саломатлик энг аҳамиятли, энг керакли неъмат ҳисобланади. Дарҳақиқат, бахтимиз бутун, ҳаётимиз фаровон, келажагимиз буюк бўлиши учун соғликнинг ўрни беқиёсдир. Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида, хусусан, халқимиз учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялашга қаратилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам ана шундай олижаноб мақсад мужассам.

Инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият, барча учун сифатли тиббий хизмат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш мамлакатимизда тиббиёт соҳасини замон талаблари асосида янада такомиллаштиришни тақозо қилмоқда.

Куни кеча Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарор бу борада янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз.

Қарор билан давлат тиббиёт муассасаларининг алоҳида функцияларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига бериш имкониятларини кўриб чиқиш, соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий туризм ва давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, тиббий кадрлар малакасини республикада ва чет элда ошириш, хусусий соғлиқни сақлаш секторини ягона ахборот-коммуникация тизимига бирлаштириш назарда тутилмоқда.

Меҳнаткаш халқимизнинг муносиб тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш учун долзарб аҳамиятга эга бўлган мазкур Қарорни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг электорати ҳамда депутатлик корпуси тўла қўллаб-қувватлайди, албатта. Зеро, биз аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш масаласини принципиал ҳамда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб биламиз.

Айниқса, мазкур ҳужжат билан фуқароларимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши, фарзандларимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, шифокор кадрлар малакасини ошириш, юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам замонавий тиббиёт муассасалари кўпайиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун давлат тиббий хизматлари билан бир қаторда сифатли ва оммабоп даволашнинг муқобил имкониятларини яратадиган тиббий хизматлар кўрсатиш бозорини жадал ривожлантириш ҳамда илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, тиббий хизмат кўрсатишнинг инновацион шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида соғлиқни сақлаш соҳасидаги самарадорликни ошириш хусусий тиббий муассасалар томонидан хизматлар кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари сифатида белгилангани дастурий мақсадларимизга тўла мос келади.

Албатта, соҳа ривожини малакали кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда қарорда етакчи хусусий тиббиёт ташкилотларининг кадрлар ва моддий-техник салоҳиятидан оқилона фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Бу борада хусусий тиббиёт муассасаларидан тиббий касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари талабалари, малакасини ошираётган амалиётчи шифокорлар учун шартнома асосида ўқув база сифатида фойдаланиш ҳам назарда тутилгани билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, қарор билан хусусий тиббиёт ташкилотларига фаолиятини кенгайтириш, моддий-техник базасини яхшилаш ва ходимлари малакасини ошириш учун имтиёзли шартларда кредитлар берилиши соҳанинг тезроқ ривожланишига имкон яратади. Президентимиз таъбири билан айтганда эса “халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир”.

Албатта, мазкур қарорни амалиётга тўла татбиқ этиш учун бир қатор қонун ва норматив ҳужжатларга ўзгартиш, қўшимчалар киритиш, шунингдек, фракциямиз депутатлари томонидан партиямизнинг сайловолди дастури ва мамлакатимизнинг Ҳаракатлар дастурида белгиланган “Давлат – хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш борасида олиб бораётган ишларимизни жадаллаштиришимиз талаб этилади.

Даврон ТАНГИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Соғлом рақобат – сифатли тиббий хизмат асоси was last modified: Январь 3rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »