Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширади

29 Январь, 09:10 • Бухоро вилояти, Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 198 марта кўрилди • Комментариев к записи Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширади нет

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганлиги бу йўналишдаги муҳим қадам бўлди. Фармон билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди, Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг бу йўналишдаги вазифалари белгиланди. Ушбу Фармонга мувофиқ Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури амалга оширилди.

2017 йил 27 февраль куни “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг яна битта Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

Судьялар олий кенгашининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди: судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш орқали судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш, шунингдек уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортишга хулоса бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармонида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий судининг раислари, раис ўринбосарлари, судьяларини сайлаш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, шунингдек ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туман (шаҳар), туманлараро судлари судьяларини сайлаш тартиби ҳам белгилаб қўйилди. Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази сифатида ўзгартирилди.

2017 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди. Барча ушбу ислоҳотлар кейинчалик қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилди, суд органларининг фаолиятида янги ҳуқуқий механизмлар яратилди. Жумладан, 2017 йилда Конституциявий суднинг ваколатларини янада кенгайтиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (80, 93, 108 ва 109-моддаларига) ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Конституциявий судни шакллантириш тартибини янада демократлаштиришни ва Конституциявий суд фаолиятининг принципларини кенгайтиришни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштиришга ва унинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган “Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Ҳозирги вақтда амалга оширилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритуви сифати ва самарадорлигини ошириш, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида белгиланган вазифалар асосида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўналишидаги ҳуқуқий ечимини топиши зарур бўлган қатор муҳим ва долзарб масалалар бўйича қонунларнинг қабул қилиниши аҳолининг давлатимизда амалга оширилаётган оқилона сиёсатга ишончини янада оширмоқда. Шунинг баробарида, бу дадил қадам ҳокимият тизимида судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлайди ва одил судлов даражасини халқаро талаблар билан уйғунлаштириб, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишимизга беназир хизмат қилади.

Муҳиддин САМИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Когон шаҳар Кенгаши депутати

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширади was last modified: Январь 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »