Тараққиётнинг янги босқичи сари йўл

9 Январь, 09:42 • Адолат газетаси, Муносабат, Янгиликлар • 187 марта кўрилди • Комментариев к записи Тараққиётнинг янги босқичи сари йўл нет

Жамият тараққиётида авлодлар алмашинуви, ворисийлик барча замонларда ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этган. Ҳар бир давр жамият, миллат олдига янги-янги вазифалар, шу билан бирга, янги муаммоларни ҳам қўяди. Илмий тафаккурнинг ўсиши, фан-техниканинг ривож топиши, эл-юртдаги тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги бу вазифаларнинг долзарблигини янада баланд мақомга кўтаради. Уларни ўз вақтида ва талаб даражасида бажариш, муаммоларнинг ечимини омилкорлик билан топиш зарур бўлади.

2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши бу соҳани янада жадал ривожлантириш, яъни илғор технологик воситалардан янада самарали фойдаланиш, соҳага янгича бошқарув усулларини татбиқ этиш ҳамда тадбиркорларни амалда қўллаб-қувватлаш, улар йўлига тўсиқ бўлмасликни тақозо этади.

Жамият босқичма-босқич ривожланар экан, жамият аъзоларининг ҳаёти, турмуш тарзи ижобий томонга ўзгариб боради, шу билан бирга, одамларда янги хоҳиш-истак, орзу-умид, ҳаётини янада мазмунли ўтказиш майллари ҳам уйғонади. Бу табиий, албатта. Чунки, инсон ҳамиша кечагидан кўра яхши яшашни ният қилади. Шу боис, жамият дунё ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, хорижий давлатлар билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, мамлакат иқтисодиёти тармоқларини замонавий ютуқлар асосида муттасил ва мутаносиб равишда ривожлантириш, ижтимоий адолат, қонун устуворлиги, ҳуқуқий маданият каби муҳим мақсадларни ўзида акс эттирган ижтимоий дастурлар асосида истиқболли режаларни белгилаб олса, шубҳасиз, миллий тараққиётнинг янги поғоналарига кўтарила олади.

Бу жараён бугун Ўзбекистонда мамлакат миқёсида қулоч ёзмоқда, ҳаётимизнинг маъно-мазмунини ташкил этмоқда. Янгиланиш, янги марраларни забт этиш, дунё мамлакатлари билан тенг маънода ҳамкорлик қилиш давлат сиёсатига, умумхалқ ҳаракатига айланаётир.

Истиқлол йилларида янги эркин ва демократик жамият қуриш, давлат ташкилотлари фаолиятининг очиқлигига эришиш, ёш авлодни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш, мамлакатни ободонлаштириш борасида кўп ишлар қилинди. Аммо кейинги бир йил ичида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган аниқ мақсадли, инсон манфаатларига ҳар жиҳатдан мос янгиланиш ишлари, ислоҳотларнинг янги тўлқини, эл-юрт билан бамаслаҳат иш тутиш, одамларни тинглаш, уларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал қилиш тажрибаси дунё ҳамжамияти олдида Ўзбекистоннинг янги мақомини, мамлакат раҳбарияти олиб бораётган сиёсатнинг янгича маъно-мазмунини намоён этди.

Тинчлик, тотувлик ҳамжиҳатлик ҳамма замонларда ҳам одамларнинг энг улуғ орзу-нияти бўлиб келган. “Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади” деганларидек, энг қийин вазиятларда ҳам одамлар “Илоҳим, тинчлик-хотиржамлик бўлсин” дея қўлларини дуога очишган. Одамлар ҳаётининг маъно-мазмуни эл-юрт равнақи йўлида қилинадиган меҳнат натижаларига боғлиқ эканини яхши тушунишган. Тинчлик, тотувликнинг қадрига етмаган, огоҳ бўлиб яшамаган, мамлакатнинг келажак истиқболи ҳақида қайғурмаган, фарзандлари қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини уйғота олмаган миллат бошига эса кўп фожиалар тушган. Тарихнинг бу сабоқлари ҳамиша ёдимизда бўлмоғи даркор.

Юрт тинч бўлса, элнинг дастурхони тўкин, фарзандлар дуркун камолга етади. Одамлар бир-бирлари билан дўст, иноқ яшасалар, ҳар бир касб эгаси ўз меҳнати самараларидан баҳраманд бўлиб, шукроналикда умргузаронлик қилади. Шаҳарлар, қишлоқлар ободликка юз буради. Боғ-роғлар, замонавий иншоотлар, равон йўллар, маҳобатли кўприклар, завод-фабрикалар Ватан чиройига чирой қўшади. Элнинг ризқ-насибаси бутун бўлади, фаровон келажакка ишончи мустаҳкамланиб бораверади. Буни ҳар қадами қутлуғ, ҳар тонги шаффоф, ҳар куни яратиш ва бунёдкорлик билан тўла, ҳар сўзи эзгу ниятлардан иборат жонажон Ватанимиздаги бугунги баракали, тинч-тотув ҳаёт мисолида яққол кўриш мумкин. Наинки биз, бутун дунё тинчликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини саховатли, бағрикенг Ўзбекистон мисолида кўриб, ҳавас қилиб турибди. Юртимизга келаётган сайёҳлар олис аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган маҳобатли иншоотларни, истиқлол йилларида қайта тикланган, таъмирланган зиёратгоҳларни, янги муҳташам саройларни, янги маҳалла ва шаҳарчаларни, улкан маданий-маърифий мажмуаларни томоша қилиб ҳайратга тушадилар. Уларни бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бир тану бир жон бўлиб, Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмонанд диёрда эмин-эркин яшаётганлари, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир маърузаси, амалий ишлари, янги ташаббуслари, одамлар билан самимий мулоқоти, инсонпарвар, адолатпарвар ички ва ташқи сиёсати, янги ислоҳотлари, ўртага ташлаган шиорлари ҳайратга солмоқда, Ўзбекистон тажрибаси дунё ҳамжамиятини чин маънода қизиқтирмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Дунё турли талотўплар, қонли можаролар, диний ва ирқий келишмаслик билан тўла, иқтисодий муаммолар одамлар, айниқса, ёшлар ҳаётини ларзага келтириб турган, ёш йигит-қизлар онгини эгаллаш учун кураш авжига чиққан бир шароитда Ўзбекистонда мустақилликни бутун чоралар билан мустаҳкамлаш, тинч-тотув ҳаётимизга раҳна солиш ҳаракатларига йўл қўймаслик, халқимизга хос меҳнатсеварлик, бағрикенглик, сабр-бардош каби фазилатларни сақлаб қолиш энг муҳим вазифа, муқаддас бурч мақомига кўтарилгани юртимизга яхши, самимий ниятда келаётган ҳар бир кишининг кўнглида ҳавасли туйғулар уйғотади. Сўнгги бир йил ичида давлат-жамият-шахс муносабатларида юз берган, фуқаролар, ёшлар, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигидаги ўзгаришлар якунланган йилнинг энг катта ютуғи, десак, тўғри бўлади. 2017 йил истиқлол солномасининг энг ёрқин саҳифаси, Ўзбекистонни ривожлантириш, дунёнинг тараққий топган давлатлари сафига қўшилиши учун бошланган Ҳаракатлар стратегиясининг дастлабки қутлуғ қадами бўлиб қолишига шубҳа йўқ. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўз ифодасини топган вазифаларнинг тўла амалга ошиши ҳаётимизни янада фаровон қилади. Бунинг учун барчамиздан, энг аввало, шахсий намуна, юксак сиёсий ва ҳуқуқий маданият, ташаббускорлик, фидойилик, фуқаро сифатида Ватан, миллат ва жамият олдидаги масъулиятни ҳис этиш талаб этилади.

Жамият ҳаётини юксалтириш, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий куч-қудратини оширишда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, ўқув жараёнини замонавий талабларга, бугунги мураккаб шароитга мос равишда олиб бориш, ёшларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки миллий тараққиётга илм-фан чўққиларини забт этган, қалбида Ватан туйғуси жўш урган, истиқлол ғояларига садоқатли, юртнинг фаровон келажагига ишончи мустаҳкам ёшларнинг фаоллиги билан эришилади.

Миллий тараққиёт, иқтисодий барқарорлик, биринчи навбатда, жамиятдаги тинчлик-тотувлик, катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшлар дунёқарашининг тўғри шакллангани, ўтмиш аждодлар меросидан баҳрамандлиги ва улар тажрибасига таяниб, мамлакатнинг илмий, иқтисодий, маданий-маърифий салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлида амалга ошираётган ишлари билан бевосита боғлиқ. Жамиятнинг ҳар бир ёш аъзоси маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, улуғ аждодлар меросидан, миллий ва умуминсоний қадриятлардан бохабар, уларга оғишмай амал қиладиган, жамият олдидаги ўз масъулиятини тўғри тушунган, иродаси мустаҳкам, имони бақувват бўлиши керак. Бу фазилатлар бир-бирини тўлдириши, бири иккинчисига пойдевор бўлиши, яъни таълим ва тарбия жараёнлари бир-бирига ҳамоҳанглик касб этиши лозим. Ёшлар замонавий билимларни яхши эгалласалару маънавият, одоб-ахлоқ, миллий қадриятларга амал қилишда уқувсизлик қилсалар ёки аксинча — миллий қадриятларни, урф-одатларимизни чуқур ўзлаштирсалару замонавий билимлардан, фан-техника янгиликларидан, танлаган касбларига доир дунёдаги илғор тажрибалардан бехабар бўлсалар, ҳар икки ҳолатда ҳам маълум муаммолар юзага келади. Шундай экан, таълим-тарбия ҳеч қачон мавсумий ишга айланмаслиги, бу жараён тарбиячилар, устоз-мураббийларнинг ҳамиша диққат марказида бўлмоғи зарур.

Президентимизнинг Мурожаатномасида айтилганидек, “Бугун кўплаб ёшларимиз чет элларда таълим олмоқда, меҳнат қилмоқда. Албатта, уларнинг орасида ўз йўлини топиб, бегона юртда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаётганлари ҳам кўп. Лекин Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди. Шунинг учун улар билан доимий алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтиришимиз зарур”. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш ва унинг самарали фаолият юритиши учун тегишли шароит яратиб бериш, келгуси йили Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш тўғрисидаги таклифи кўпчиликнинг дилидаги гап бўлди.

Ёшлар дунёқарашини тўғри шакллантиришда уларнинг миллат тарихи ва ўтмишини нечоғли яхши билиши, яқин-ўтмишда кечган воқеа-ҳодисалар моҳиятини тўғри англаши ғоятда муҳим. Партиямиз томонидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида истиқлол йилларида туғилиб ўсган ёшларга халқимизнинг мустабид тузум шароитида кечган аянчли ҳаётини, мустақиллик арафасидаги ижтимоий-сиёсий ҳолатни, собиқ тузумдан бизга қандай мерос қолганини, истиқлолимизга қилинган ошкора-пинҳона хуружларни, бугун барчамиз муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янада улуғ, масъулиятли марраларни кўзлаб ҳаракат қилаётганимизни чуқур тушунтириб беришимиз, уларни янги зафарларга руҳлантиришимиз зарур бўлади. Янги йил мустақил давлатимиз тарихида, барча ватандошларимиз ҳаётида ўчмас из қолдириши шубҳасиз.

Ислом ҲАМРОЕВ,

Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси

бош муҳаррири

 

Тараққиётнинг янги босқичи сари йўл was last modified: Январь 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »