Тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати сессия муҳокамасида

23 Январь, 14:50 • Жиззах вилояти, Сессия, Янгиликлар • 179 марта кўрилди • Комментариев к записи Тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати сессия муҳокамасида нет

Ҳозирда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш бўйича босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда. Давлат дастурларида назарда тутилган вазифаларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, даволашнинг энг илғор услублари кенг қўлланилмоқда, аҳолига биринчи даволаш-профилактика ёрдами кўрсатилишининг замонавий тизими яратилмоқда. Аҳолига шошилинч ва махсус тиббий ёрдам кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда. Лекин шу билан биргаликда тиббий хизмат соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш  бўйича амалга ошириладиган ишлар салмоғи каттадир.

Бу борада партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши аъзолари ҳам фаоллик билан иштирок этишмоқда. Ушбу соҳага доир бир қатор масалалар вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига киритилгани ва назорат ишлари олиб борилиб, муайян натижаларга эришилаётгани эътиборга моликдир. Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди Дастурида белгиланган тиббиёт соҳасига оид мақсад ва вазифаларни амалга ошириш мақсадида партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ҳамда партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими (тез тиббий ёрдам, потранаж хизмати, поликлиникалар ва ҚВПлар фаолияти) билан боғлиқ муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссияси ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси муҳокамаси учун ўрганиш натижалари бўйича таклифлар тайёрланди.

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг навбатдаги 28-сессиясида партиянинг вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ва кадрлар салоҳиятини ошириш, халқимизнинг саломатлигини яхшилаш, арзон ҳамда сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмларини етказиб беришни тизимли йўлга қўйиш бўйича олиб борилган ўрганишлар натижалари муҳокама этилди.

Сессия ишида 49 нафар Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, партия вилоят Кенгаши аппарати ходимлари, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги барча ташкилотлар раҳбарлари, вилоят ташкилот раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Сессия кун тартибидаги асосий масалалар соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ва кадрлар салоҳиятини ошириш, халқимизнинг саломатлигини яхшилаш, арзон ҳамда сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмларини етказиб беришни тизимли йўлга қўйишдан иборат бўлди.

Сессияни вилоят ҳокими, вилоят Кенгаши раиси Эргаш Салиев кириш сўзи билан очиб берар экан, Бугунги кун давр талаби аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли саломатлиги ҳолатини сифат жиҳатдан тубдан яхшилаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, замон талабларига мос малакали тиббий кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди.

Сессияда сўзга чиққан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи, Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Ориф Шукуров ўрганиш натижалари, тиббиёт ходимлари томонидан тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлаш ҳолати ва уни яхшилаш бўйича аниқ ташаббусларни илгари сурмаётганлиги юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Шунингдек, сессияда ўрганиш натижалари юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Фарход Норқўзиевнинг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш борасида амалга оширилган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди.

— Биз 2018 йилда Соғлиқни сақлаш тизимида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокорлар ва аҳоли учун шароитлар яратиш, болаларни соғлом ривожланишини ва уларда юзага келиши мумкин бўлган касалликларни  яширин даврида аниқлаш мақсадида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари, олий ўқув юрти талабаларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, 40 ёшдан ошган аҳоли ўртасида ижтимоий касалликлар бўйича скрининг-сўровномалар ташкил этиш, туғма нуқсонли болалар туғилишининг олдини олиш, вилоят “Она ва бола” скрининг марказида цитогентик лабараторияни ташкил этиш ва уни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашни устувор вазифа сифатида белгилаб олдик. — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси Фарход Норқўзиев.

Сессияда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан кўтарилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли вазифалар юклатилиб, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда депутатлар томонидан тасдиқлаб берилди.

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати сессия муҳокамасида was last modified: Январь 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »