Тиббиёт соҳасидаги изчил ислоҳотлар самара бермоқда

8 Январь, 12:50 • Жамият, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 158 марта кўрилди • Комментариев к записи Тиббиёт соҳасидаги изчил ислоҳотлар самара бермоқда нет

Юртимизда тиббиёт соҳасида изчил ислоҳотлар олиб бориляпти. Шифохоналарни таъмирлаш, янгисини барпо этиш, замонавий тиббий анжомлар билан жиҳозлаш, беморларга сифатли дори-дармон етказиб бериш, врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш каби кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни Сурхондарё вилоят тиббиёт муассасалари мисолида ҳам кўриш мумкин. Яқинда воҳа туманларидаги шифохоналар бинолари инвестиция дастурига асосан капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Хусусан, Қизириқ туман тиббиёт бирлашмасининг марказий шифохона биноси инвестиция дастурига асосан капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Туманда жойлашган ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 3 миллиард 819 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган мазкур шифо маскани “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида замонавий тиббий жиҳозлар ва ускуналар билан таъминланган. Эндиликда 85 ўринга мўлжалланган туғруқхона, 25 ўринли гинекология, 20 ўринли ОПБ, 35 ўринли жарроҳлик, 20 ўринли болалар ҳамда диагностика бўлимлари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатади.

Шифохона бош биносининг очилиш маросимида Вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари, туман “Нуроний” жамғармаси вакиллари ҳамда партия фаоллари қатнашиб мамлакатимиз аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш давлатимиз диққат-эътиборидаги муҳим масала эканлиги хусусида тўхталиб ўтдилар.

— Ўтган йилнинг январь ойида 200 қатновга мўлжалланган туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси қурилиб фойдаланишга топширилганди. Марказий шифохона биносининг фойдаланишга топширилиши эса аҳолимиз учун яна бир катта совға бўлди, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ў.Мўминов.

Шунингдек, Денов туманида ҳам худди шундай шароитларга эга бўлган туманлараро перинатал маркази қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Йўлдош Ўроқов, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи:

— Денов вилоятимизнинг аҳоли зич яшайдиган туманларидан биридир. Табиийки, аҳолининг кўпайиши тиббий хизматга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Бундан ташқари, туманда тажрибали ва моҳир шифокорлар меҳнат қилаётганлиги туфайли Узун, Сариосиё, Олтинсой туманларининг аҳолиси ҳам кўпроқ Деновдаги шифохоналарга шифо истаб келишади.

Айтиш керакки, мазкур марказнинг бунёд этилиши учун 4 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида тўлиқ жиҳозланган перинатал марказда 200 нафар туғиш ёшидаги хотин-қизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиляпти.

Таъкидлаш жоизки, ушбу марказга маҳоратли ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган акушер-гинекологлар жалб қилинган. Замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган марказда касалликларни тезда аниқлаш, тўғри ташхис қўйиб даволаш ҳамда соғлом болалар туғилишига эришиш учун изланишлар олиб бориляпти.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Тиббиёт соҳасидаги изчил ислоҳотлар самара бермоқда was last modified: Январь 8th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »