Тиббиёт соҳасидаги муаммолар сессия кун тартибида

24 Январь, 19:30 • Самарқанд вилояти, Сессия, Янгиликлар • 111 марта кўрилди • Комментариев к записи Тиббиёт соҳасидаги муаммолар сессия кун тартибида нет

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 14-18 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш аҳволи юзасидан тумандаги 1 та туман марказий шифохонаси, 1 та марказий кўп тармоқли поликлиника, 10 та қишлоқ врачлик пункти ҳамда 3 та ҚОП ва 3 та ҳудудий бўлимлар ва 10 та тез ёрдам шаҳобчаларида парламент назорати ўрнатилди.

Ушбу ўрганиш натижалари халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибида муҳокама этилди.

Аҳолининг тиббий хизматлар билан таъминланганлик даражаси, тиббий хизматлардан фойдалана олиш имконияти, ушбу хизматлар сифатига муносабати, туман тиббиёт муассасаларининг моддий-техник ҳолати бевосита жойларга борган ҳолда аҳоли билан учрашиб ўрганишлар натижасида маълум бўлишича соҳада бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, тумандаги барча тиббий муассасаларда ичимлик суви таъминотида муаммолар мавжуд. Туман тиббиёт бирлашмасининг стационар қисми реконструкция қилиниб (2016 йилдан бўён) бугунги кунга қадар тўлиқ якунланмаган. “Нурбулоқ” ҚОПсига қўшимча бино, 7 та шаҳобчага автомашиналар туриши учун гараж ва навеслар қуриш лозим, Жом маҳалласидаги ҚВП ҳамда Жарқудуқ маҳалласидаги ҚВП биноларини, Янгиобод, Нурдум, Тутли маҳалларидаги Тез ёрдам шаҳобчаларини таъмирлаш зарур. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, деярли барча Тиббиёт муассасаларида иситиш тизимлари ишламайди.

 Дори-дармон ва тиббий жиҳозлар билан таъминланганлик ҳам талаб даражасида эмас. Бугунги кунда тез ёрдам бўлимлари учун зарур дори-дармон ва тиббий жиҳозлар марказлашган ҳолда талабнома асосида РШТЁИМ Самарқанд филиали орқали таъминланишига қарамай, ҳақиқий ҳолат ўрганилганда дори-дармон, махсус сумкалар етишмаслиги аниқланди.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг
2017 йил 13 февралдаги 58-сонли буйруғи билан тасдиқланган рўйхатга асосан бўлиши лозим бўлган 41 номдаги дори воситаларидан ҳамда
39 номдаги тиббий асбоб-ускуналаридан кўпчилиги мавжуд эмас. Туманда мавжуд бўлган патронажларга 153 дона патронаж сумкалари етишмаслиги, мавжудларида эса керакли жиҳозларнинг кўпчилиги йўқлиги маълум бўлди.

Миллий календарга биноан туманнинг чекка кишлокларида эмлаш ишларини биринчи навбатда амалга ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш учун ҚВПлар етарлича музлатгичлар ва музлатгич сумкалар билан таъминланмаган. Жарқудуқ ҚВПда текшириш асбоблари, яъни таҳлил учун электрон микроскоп, ЭКГ, УЗИ аппаратлари, Ағрон ва Навбаҳор маҳаллаларида жойлашган ҚВПда эса тиббий жиҳозлар мавжуд эмас.

Бундан ташқари кадрлар билан таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 ноябрдаги 920-сонли қарори билан тиббиёт муассасаларида шифокорларнинг 1 ставкадан ортиқ ишлаш ва бу билан бўш ўринларни тўлдириш имкониятидан фойдаланган ҳолда бўш ўринлар имкон даражасида тўлдирилган бўлишига қарамасдан, 2018 йил 1 январ ҳолатига туманда жами 113 ставкада олий маълумотли тиббиёт ходими бўш иш ўринлари мавжуд.

Марказий шифохона қошидаги тез ёрдам бўлими, Оқсой шаҳобчаси врачлар билан тўлиқ таъминланган. Қолган шаҳобчаларда ўрта тиббий ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Келгусида барча шаҳобчаларни врачлар билан таъминлаш мақсадида тиббиёт институти талабалари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузиш режалаштирилган.

 Тиббий хизмат ҳамда улар ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича туманда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар бўйича маслаҳатлар бериш ҳамда сайёр кўриклар мунтазам ташкил этилган.

Жумладан, жорий йилнинг январ ойида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоят Тиббиёт бирлашмалари ҳамда Самарқанд Тиббиёт институтининг малакали домлаларидан иборат 2 та автобусда гуруҳ ташкил этилиб, аҳоли режа-жадвал асосида тиббий кўриклардан ўтказилган.

Аҳоли билан олиб борилган учрашувлар, суҳбатлар давомида маълум бўлишича ҚОП ва ҚВПнинг мудирлари халқ олдида ҳисоботлар бериб бормаганликлари сабабли ҳам аҳоли тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлардан тўла хабардор эмасликларини инобатга олган ҳолда жорий йилнинг 17 январ куни намуна тариқасида тумандаги Нурбулоқ оилавий поликлиника мудири Д.Суярованинг аҳоли вакиллари олдида ахборот бериши ташкиллаштирилган бўлиб, унда аҳоли вакиллари билан бир вақтда  тумандаги барча ҚОП ҳамда ҚВП мудирлари ҳам иштирок этишган.

Шу билан бир қаторда туманнинг Оқсой МФЙ ҳудудидаги тез ёрдам шаҳобчаси ёнида, тумандаги ҚВПлар ёнида ижтимоий дорихоналар ташкил этиш лозимлиги маълум бўлди.

Сессияда Нуробод тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ғ.Турсунов, туман санитария-эпидемиология назорат маркази раҳбари Б.Сулаймонов ҳамда туман ҳокимлиги молия бўлими мудири Р.Ибрагимовларнинг ҳисоботлари тингланди. Нуробод туманида аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи етарли даражада эмаслиги қайд этилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди. Нуробод туманида аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Икром ЯДГАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши мутахассиси

 

Тиббиёт соҳасидаги муаммолар сессия кун тартибида was last modified: Январь 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »