“Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси амалда

22 Январь, 15:31 • Жиззах вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 42 марта кўрилди • Комментариев к записи “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси амалда нет

Сўнги йилларда юртимизда кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Атроф-муҳит ва инсон саломатлиги бир-бирига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам жаннатмакон мамлакатимизда сарамжон-саришталикка доимо эътибор қаратилади. Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида тозалик ишларини кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда олиб бориш анъанага айланди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг сайловолди дастуридаги мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда фуқароларимизни атроф-муҳитга, табиатга нисбатан муносабатини янада шакллантириш мақсадида бир қанча лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Атроф муҳит ифлосланишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган лойиҳалар фуқароларда юртимизнинг ҳар бир гўшасини озода сақлашга, мамлакатимиз фаровонлиги, аҳоли саломатлиги, қолаверса юрт ободлиги йўлида ёшларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилмоқда. “Тозалик йўлида бирлашайлик лойиҳаси” ана шундай лойиҳалардан биридир.

Ушбу лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Партиянинг вилоят Кенгаши мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг жамоатчилик оммасига ушбу лойиҳани амалга ошириш, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мактаб остонасига илк қадам қўйган ўғил-қизларда соғлом турмуш тарзи кўникмасини шакллантириш, уларни болаликдан тозалик, озодаликка ўргатиш нақадар долзарблиги борасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг миқёсда олиб бормоқда. Жумладан, партиянинг вилоят Кенгаши томонидан Жиззах шаҳрининг Ўратепалик маҳалласида ҳамда ушбу маҳалла ҳудудида жойлашган 8 сонли умумий ўрта таълим мактабида “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида “Ҳар биримиз тозаликка масъулмиз” мавзусида давра суҳбати ҳамда мактаб ўқувчилари билан биргаликда ҳашар ташкил этилди.

— Ушбу давра суҳбатида соғлом турмуш тарзи ҳақидаги тушунча ва билимларимиз янада бойиди. Барчамиз маҳалламиз, мактабимиз тозалигига ва озодалигига ҳар биримиз масъул эканлигимизни тушуниб етдик, -дейди
8 умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Каримқулов Дилмурод.

Шунингдек, давра суҳбатида сўзга чиққан Ўратепалик маҳалласи раисининг диний-маърифат, ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Исроилова Нодира маҳаллада тозалик ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, ҳудуддаги чиқиндихоналарнинг самарали ишлаши ва чиқиндиларнинг ўз вақтида ташиб кетилиши доимий назоратда эканлигини таъкидлаб ўтди.

Давра суҳбати ва тозалаш ишларида фаол иштирок этган 50 га яқин ўқувчиларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга оид тарқатма материаллар ва кўргазмали воситалар тарқатилди.

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

“Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси амалда was last modified: Январь 22nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »