Тўғридан-тўғри мулоқот ва самарали ечим

17 Январь, 18:20 • Депутат минбари, Қашқадарё вилояти, Фракция, Янгиликлар • 207 марта кўрилди • Комментариев к записи Тўғридан-тўғри мулоқот ва самарали ечим нет

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Қашқадарё вилояти халқи билан мулоқотлари очиқдан-очиқ руҳда уюштирилаётгани боис, кўпчиликнинг қалбида илиқлик уйғотмоқда.

Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров ва фракция аъзолари Жамшид Пирматов ҳамда Абдуғани Умировларнинг Миришкор, Нишон тумани аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашуви ҳам таассуротларга бой бўлди.

Юзма-юз мулоқотда дастлаб  партиядошларимиз мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида иқтисодий барқарор, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, “Адолат” СДПнинг дастурий ғоялари хусусида сўз юритдилар.

Фракция раҳбари Наримон Умаровнинг туман соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувларида бу ерда ҳақиқатдан ҳам кадрлар етишмаслиги муаммо бўлиб турган экан. Партиядошимиз ушбу масалада мутасадди идоралар билан гаплашиб, амалий ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Нишон туманидаги Гулзор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Икром Жўраев хонадонида депутат Жамшид Пирматов оила аъзолари билан самимий мулоқот қилди.

-Одамлар фаровон яшаши учун манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш, ҳимоя қилиш давлатимиз ва жамиятимизнинг бош мақсадидир, — деди Жамшид Пирматов. — Шунга ҳамоҳанг тарзда бу муқаддас Ватанимизда инсон азизлиги ғояси ўз тасдиғини топмоқда.

-Жуда тўғри таъкидладингиз, — деди хонадон соҳиби Икром Жўраев.-Мен кўпдан буён уй-жой масаласида қийналаётган эдим. Шунинг учун ҳам туман ҳокимлигига уй-жой сўраб мурожаат қилган эдим. Қисқа муддатда сўровим қондирилиб, касаба уюшмалари томонидан ҳозир менинг оилам учун икки хонали бепул уй қурилмоқда.

Депутат Жамшид Пирматовнинг Юксалиш маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан ўтказган дилдан учрашуви ҳам ғоят мароқли кечди. Партиядошимизнинг халқ билан юракдан мулоқот қилиб, уларнинг мурожаат ва шикоятларини эътибор билан тинглаб, камчиликларини шу ернинг ўзида мутасаддилар иштирокида бартараф этишга кўмаклашгани одамларнинг кайфиятини кўтарди.

-Мамлакатимиз фуқароларининг асосий қисми қишлоқ жойларида яшайди,- деди депутат. — Уларнинг турмуш тарзи даражасини ошириш учун Президентимиз томонидан катта ишлар қилинаяпти. Сизларнинг ҳудудингизда қандай муаммолар мавжуд?

-Биз Президентимизнинг юрт манфаатлари йўлида олиб бораётган халқпарвар сиёсатидан беҳад мамнунмиз, — деди Ғулом Бобоқулов. — Бунинг инъикосини ҳар қадамда ҳис этиб турибмиз. Масалан, биргина ўзимни оладиган бўлсак, юртбошимизнинг ногиронларга кўрсатаётган чексиз мурувватлари боис менинг оилам учун бепул уй-жой берилди.

-Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг чекка қишлоқларга бориб, одамларнинг дардини эшитишаётгани ҳам биз учун энг олий шараф, эътибор деб биламиз, -деди мулоқотларда Миришкор туманидаги Янги қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Тўра Асадов. — Депутатлар билан аввалги учрашувларимизда электр энергияси ва газ балонлари масаласида муаммолар мавжудлигини билдирган эдик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, сиз депутатларнинг сайъи ҳаракатларингиз туфайли муаммолар ўз ечимини топди. Энг асосийси, хонадонларимизда туну-кун давомида ёруғлик порлаб турибди. Биз қишлоқ одамлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  Жамшид Пирматов каби депутатларга миннатдорчилик изҳор этамиз.

Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг эртанги фаровон истиқболини яратаётган, унинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин олишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Абдуғани Умиров, Жамшид Пирматовларнинг халқ фикри ва таклифларини эшитиб, одамларнинг дарду-ташвишини, мушкулини баҳоли қудрат енгиллаштиришга улуш қўшишаётганидан аҳоли мамнун.

Депутатларимизнинг Помуқ массивидаги “Ингичка”, “Янги қишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинлари аъзолари билан суҳбати ҳам ошкора мулоқот, самимий учрашувлар тарзида кечди. Партиядошимизга Помуқ қишлоғи фуқаролари 37-мактабнинг қўшимча янги биносини тезроқ қуриб фойдаланишга топширишга амалий ёрдам беришини сўрашган бўлса, марказий поликлиниканинг саломатлик посбонлари ичимлик суви масаласида муаммолар мавжудлигини қайд этишди. Шунингдек, Помуқ қишлоғининг ички йўлларини таъмирлаш лозимлиги хусусида ҳам фикрлар билдирилди. Айниқса, Янги қишлоқ маҳалла аъзолари қилган мурожаати депутатларимиз иштирокида ўз жойида ҳал этилгани одамларни эртанги кунга ишончини оширди. Депутатларимизнинг бевосита кўмаги туфайли қишлоқ аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларига яраша 2018 йилда 500 тагача газ балонлари етказиб бериладиган бўлди. Бундан ташқари, депутатлар аралашуви туфайли Помуқда яшовчи Саида Вазирова маҳалладан моддий ёрдам оладиган бўлди. Игначи маҳалласида яшовчи Улуғбек Наврузов эса туман йўл қурилиш таъмирлаш, фойдаланиш корхонасига ишга жойлаштирилди. “Адолат” СДП фракцияси аъзоларига мурожаат қилган фуқаро Зилола Тошеванинг шикояти ҳам партиядошларимизнинг эътиборидан четда қолмади. Депутат Жамшид Пирматовнинг кўмаги туфайли Зилола Тошева туман Ободонлаштириш бошқармасига доимий иш билан таъминланадиган бўлди.

Умуман партиядошларимизнинг маҳалла фуқаролари билан ўтказган учрашувлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу мулоқот давомида депутатлар 2018 йил Давлат дастури лойиҳаси хусусида ҳам тушунча бериб ўтдилар.

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари билан ғоят самимий ва жўшқин баҳс-мунозаралар остида кечган мулоқотларда фуқаролар нафақат ўзларини қизиқтирган саволлар билан иштирок этишди, балки фикр-мулоҳазаларини ҳам баён қилишди.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилояти

Кенгаши матбуот котиби

 

Тўғридан-тўғри мулоқот ва самарали ечим was last modified: Январь 18th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »