Улуғ мақсадлар буюк марраларга етаклайди

7 Январь, 09:56 • Муносабат, Сенаторлар, Янгиликлар • 93 марта кўрилди • Комментариев к записи Улуғ мақсадлар буюк марраларга етаклайди нет

Эзгу орзу-ниятлар улуғ мақсадларга йўл очади, буюк марраларни янада яқинлаштиради. Шу боис ҳар гал Янги йил байрамини хайрли ниятлар, яхши тилаклар билан қарши оламиз. Ана шу байрам арафасида ортда қолган йилда эришган ютуқ ва муваффақиятларни, ташвиш ва синовларни, шу билан бирга, келгуси йилдаги режаларни бир-бир кўз ўнгимиздан ўтказамиз.

Шубҳасиз, 2017 йилда халқимиз босиб ўтган йўл, эришилган ютуқлар буюк тарихимизнинг олтин саҳифаси бўлиб қолади. 2017 йил барчамиз учун ҳар томонлама хосиятли ва файзли бўлганини юракдан ҳис этаяпмиз. Дарҳақиқат, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг баракаси, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги тамойили ҳар бир ҳамюртимиз ҳаётида акс этгани шубҳасиз. Ўтган йилда янада фаровонлик сари дадил қадамлар қўйдик. Бунга барча соҳалардан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Муҳими, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт, ўзаро меҳр-оқибат мустаҳкамланди. Халқимиз улуғ мақсадлар йўлида бирлашди, юртимизни дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш, буюк, фаровон келажак қуриш учун янги вазифаларни амалга оширишга, улкан ютуқларни қўлга киритишга астойдил бел боғламоқда. Бундан қалбимиз ифтихорга тўлади.

Яна шуни айтиш жоизки, якунланган йил юртимизда халқ, одамлар дарду-ташвиши билан яшаш, уларнинг орзу-умидларини амалга ошириш йили бўлди. Зеро, бу инсонийликнинг энг олий мезонидир. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, орзу-ўйлари ва интилишлари билан қизиқиш асносида муносиб турмуш шароити яратиш изчил давом эттирилмоқда. Натижада, ҳар бир юртдошимизнинг турмушида, уларнинг онгу тафаккурида буюк ўзгаришлар рўй бермоқда. Бундай улуғ ислоҳотлар, янгиланишлар, амалга оширилаётган бунёдкорликлар ҳавас ва ҳайратга арзийди, деб бемалол айта оламиз. Республикамиз улкан қурилиш майдонига айланган, барча соҳаларда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Буларнинг замирида Президентимизнинг пухта ва оқилона сиёсати, ҳамма жойда адолат бўлиши лозимлиги ҳақидаги талаби туради. Ана шу талабдан келиб чиқиб, биз парламент аъзолари ҳам ислоҳотлар самарасини таъминлашда астойдил меҳнат қилишимиз, бор куч ва ғайратимизни қонун ижодкорлигини ривожлантиришга сафарбар этишимиз, фаолиятимизни танқидий кўриб чиқиб, виждонан ҳамда садоқат билан хизмат қилишимиз,халқимизнинг оғирини енгил қилишга ҳисса қўшишимиз лозим. Шундагина муҳтарам Президентимизнинг бизга билдирган ишончларини оқлаб, халқимиз олдидаги бурчимизни астойдил бажарган бўламиз.

Кириб келган 2018 йилдан ҳам юртдошларимизнинг умиди катта. Президентимизнинг Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида барча соҳаларни ислоҳ қилиш, юртимиз тараққиёти учун устувор йўналишлар аниқ белгилаб берилди. Бу мақсад ва интилишларни ҳаётга татбиқ этишга халқимизнинг кучи ва салоҳияти етарли.

Кириб келган йил мамлакатимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эьлон қилиниши юртдошларимизга янада кўтаринки кайфият, катта қувонч бағишлади. Чунки янги йилда тадбиркорлик янада ривож топади, янги иш ўринлари яратилади, эл-юрт манфаати йўлида эзгу ишлар амалга оширилади.

Гавҳар АЛИМОВА,

Олий Мажлис

Сенати аъзоси

Улуғ мақсадлар буюк марраларга етаклайди was last modified: Январь 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »