Ўн йил деганда талаба бўлди

9 Январь, 10:17 • Бухоро вилояти, Янгиликлар • 49 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўн йил деганда талаба бўлди нет

Талабалик олтин даврим, дейдилар. Бу бахтга эришиш аксарият ёшларнинг дилдан кечган орзуси, ҳаётий мақсади саналади.

Вобкентлик сафдошимиз Нодира Ҳайитова учун эса бу орзу ўрта мактабни тамомлаганидан кейин ўн йил мобайнида нақ армонга айланаёзган эди. Шу орзу билан у тўртинчи марта абитуриентлар қаторидан жой олиб, 2017 йил август ойида ўтказилган давлат тест синовида қатнашди. Бухоро давлат университетининг педагогика факультети “Мактабгача таълим” йўналишига контракт-тўлов асосида ўқишга қабул қилинганини кўрганида унинг кўзларига ёш қалқди. Ўн йил деганда ниҳоят талабалик бахтига муяссар бўлиш қувончи, буни сўз билан ифодалаш қийин. Аммо…

Нодира 2017 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгашига келиб, контракт-тўлов билан боғлиқ муаммо туфайли талабалар сафига қабул қилинганлиги ҳақида буйруқ чиқмаганини айтиб, шу хусусда амалий ёрдам сўради. У кам таъминланган оила фарзанди эканлиги, отаси Ҳайдар ака оғир касаллик туфайли 1995 йилда вафот этгани ҳақида сўзлаб берди. Унинг онаси Назокат Бозорова 2011 йилдан буён 1-гуруҳ ногирони, бу ҳол уни тўшакка михлаб қўйгани боис Нодира етти йил давомида онасига қараб, бир амаллаб ўқишга ҳам тайёрланиб келган.

Нодиранинг айтишича, унинг контракт тўлови Нодира Ҳожиева ҳомийлиги ёрдамида 2017 йил 9 октябрь куни университет ҳисоб рақамига (3 325 000 сўм, яъни контракт пулининг 50 фоизи) тўланган. Бу масалада ҳомийларни жалб этиш ва пул топишда бироз кўпроқ вақт кетганлиги боис шартнома пули муддатидан 9 кунга кечиктириб амалга оширилган. Маълумки, шартнома пулини тўлашнинг охирги муддати 1 октябрга қадар эканлиги белгилаб қўйилган.

Вилоят партия кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов унинг мурожаатини тинглар экан, албатта, муаммонинг ечимини топишда партия депутатларини жалб этиб, кўмаклашишга ҳаракат қилишини таъкидлади.

Тез орада ушбу мурожаат Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубовга етказилди. Депутат Ш.Яқубов талабалик орзуси яна армонга айланиб бораётган фуқаронинг ёзган аризаси билан танишди, унинг оилавий шароитини ўрганди. Шулардан келиб чиқиб, мутасадди ташкилотга депутатлик сўрови киритилди. Ниҳоят, 2017 йилнинг декабрь ойида Нодира Ҳайитова ўқишга қабул қилинганлиги ҳақида университет ректорининг буйруғи чиқди.

Чидам ва қатъияти, илмга бўлган меҳр-муҳаббати, орзу-мақсад сари интилиши, мутасадди ташкилотларнинг муаммога жиддий масъулият билан ёндашуви боис Нодира айни пайтда ўз олдига эзгу мақсадларни қўйиб, олий таълим даргоҳида таҳсил олмоқда. Бошқача айтганда, бир инсон манфаати рўёбга чиқди. Фаол ва жонкуяр, билимдон сафдошимиз, университет талабаси Нодира Ҳайитова уни қийнаган муаммо ечим топишида амалий ёрдам берган партия фаолларидан миннатдор. У келгусида етук мутахассис бўлиб, ёш авлодга таълим-тарбия беришни мақсад қилган.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Ўн йил деганда талаба бўлди was last modified: Январь 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »