Ўрганиш якунлари – сессия муҳокамасида

20 Январь, 10:00 • Депутат минбари, Наманган вилояти, Фракция, Янгиликлар • 57 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўрганиш якунлари – сессия муҳокамасида нет

Шу йилнинг 13-20 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир масалаларни ўрганиб чиқди. Биринчи навбатда фуқароларнинг турмуш даражасини белгилайдиган ижтимоий соҳа (таълим, тиббиёт, бандлик, коммунал хизмат, экология), тадбиркорлик ва кичик бизнес, ҳуқуқ-тартибот органлари  фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Халқ депутатлари туман кенгашининг ана шу ўрганиш якунларининг муҳокамасига бағишланган сессияси ҳам бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, бир қатор туман ва вилоят ташкилотларининг раҳбарлари, фаоллар, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Сессия қатнашчилари эътиборига ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган ишлар умумлаштирилган маъруза тақдим этилди. Унда қайд этилишича, парламент аъзолари маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларига ташриф буюрдилар. 426 та хонадонда истиқомат қилаётган фуқароларнинг яшаш тарзи, турмуш даражаси, уларнинг мамлакатда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатга муносабати атрофлича ўрганилди. Ўтказилган мулоқотларда 1986 киши қатнашиб, ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар, ҳаётда учраётган айрим муаммоларни ўртага ташладилар. Суҳбатларда 200 га яқин тадбиркорлар ва хўжалик субъектларининг раҳбарлари ҳам иштирок этдилар. Аҳолида норозилик туғдираётган ташкилотлар фаолиятидаги нуқсон ва камчиликлар ҳам айтиб ўтдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов:

 – Аҳоли билан мулоқотларда биз энг аввало, давлатимиз раҳбарининг ўтган йилнинг 22 декабрида парламентга Мурожаатномасида олға сурилган вазифалар асосида одамларда қандай фикрлар юзага келганлиги билан қизиқдик. Айниқса, фуқароларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш учун нималар қилиш кераклиги ҳақидаги мулоҳазаларни тинглаш диққат марказимизда бўлди. Масалан, мен ўзим ўнга яқин маҳаллада бўлдим. Албатта, қилинган ишлар жуда кўп, лекин фойдаланилмаган имкониятлар, бартараф этиш талаб қилинаётган муаммолар ҳам оз эмас.

Бунга Қайрағочовул қишлоғида юзага келган ҳолатни мисол келтириш мумкин. У туман марказидан унча узоқ эмас, атиги олти келометр масофада жойлашган. Лекин аҳоли вакиллари билан мулоқотларда бу ерда қатор ечимини кутаётган масалалар тўпланиб қолганлиги аниқланди. Хусусан, ичимлик суви таъминоти катта муаммога айланган. Ички йўлларнинг ҳолати ҳам талаб даражасида эмас. Уларнинг бир қисмига шағал ҳам ётқизилмаган, қишда лой, ёзда чанг. Қишлоқдаги 36-умумтаълим мактабида иситиш тизими яроқсиз ҳолдалиги учун синф хоналари печкага кўмир ёқиб иситилади, аммо зарур ҳароратни таъминлаш муаммоси мавжуд. Бунинг устига қурилганига эллик йилдан ошган иккала ўқув биноси ҳам таъмирга муҳтож. Бу масала туман ва вилоят халқ таълими мутасаддиларининг эътиборига ҳавола этиладиган бўлди. Мулоқотларда аҳоли томонидан 300 га яқин турли йўналишдаги муаммолар кўтарилиди. Уларнинг 132 таси депутатлар ва сенаторлар томонидан ўз жойида ҳал этилди. 100 га яқини туманнинг тегишли мутасадди ташкилотларига ижро учун юборилиб, улар  ҳал этилиши таъминланди. Вилоят ташкилотларининг аралашувини талаб этган  айрим муаммолар ҳам қисқа муддатда ўз ечимини топди. Республика идоралари билан боғлиқ 15 та муаммони эса парламент назоратининг турли шакллари орқали бартараф этишга қарор қилинди.

Кўтарилган муамолар таҳлил этилганда, уларнинг кўпчилиги уй-жой- коммунал, банк-кредит, жумладан кредитларни нақд пул шаклида ёки пластик карточкага тушириб бериш масаласида, соғлиқни сақлаш, айниқса қишлоқ врачлик пунктлари ишини тубдан такомиллаштириш ва  моддий базасини мустаҳкамлаш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳажмини ошириш, транспорт ва йўл қурилиши, тадбиркорлик, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, соҳаларига тааллуқли эканлиги маълум бўлди. Демак, маҳаллий кенгаш депутатлари ва ҳокимлик мутасаддилари айнан мана шу йўналишларга кўпроқ эътибор қаратишлари зарур бўлади.

Сессия иштирокчилари туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Муҳаммадниёзий Эргашбоевнинг аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботини ҳам тингладилар.

Ҳар иккала масала юзасидан музокараларда вужудга келган вазиятни ўнглаш юзасидан ўринли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Улар сессия қабул қилган қарорда ҳам ўз аксини топди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов қатнашди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Ўрганиш якунлари – сессия муҳокамасида was last modified: Январь 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »