Қуролли Кучлар тизимидаги ислоҳотлар самарадорлиги – барчамиздан юксак масъулият талаб этади

11 Январь, 16:50 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 152 марта кўрилди • Комментариев к записи Қуролли Кучлар тизимидаги ислоҳотлар самарадорлиги – барчамиздан юксак масъулият талаб этади нет

Ўз аҳамиятига кўра Мустақиллик куни ёки Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни каби улуғ байрамлардан кам бўлмаган қутлуғ айём — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунини юртимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, мустақиллик йилларида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армияни ташкил этиш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра улкан ишлар тизимли ва босқичма-босқич равишда амалга оширилди.

Энг аввало, мамлакатимиздаги ҳарбий соҳа ислоҳотлари билан боғлиқ стратегик мақсадларга эришишнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори бунёд этилди. Хусусан, Бош Қомусимизда — мамлакатимиз Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун ташкил этилиши мустаҳкамлаб қўйилди ва Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, истиқлол йилларида минтақадаги ижтимоий-сиёсий вазият, замонавий талаблар ва мамлакат хавфсизлигига таҳдидларни чуқур таҳлил қилиш асосида тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминловчи муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги ва “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунларни алоҳида қайд этиш зарур. Ушбу қонунлар мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда, ҳаётимизнинг барча соҳаларида барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

2018 йилнинг 9 январида эса ушбу соҳада яна бир муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Мазкур янгиланган доктрина орқали мамлакат мудофаа сиёсатининг шаффофлигини таъминлаш кўзда тутилган. 2017-2021 йиллар учун белгиланган Ҳаракатлар стратегияси дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган ушбу доктринада мамлакатимизнинг ҳарбий қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича асосий йўналиш ва замонавий ёндашувлар акс эттирилган. Мудофаа доктринаси, шунингдек, хавфсизлик ва мудофаа соҳасида бошқа чет давлатлар билан самарали ҳарбий-сиёсий муносабатлар ва ҳамкорлик қилиш учун ташкилий-ҳуқуқий шароит яратади. Ушбу ҳужжат очиқ хусусиятга эга бўлиб, шунга ўхшаш концептуал ҳужжатлар қабул қилиш борасидаги чет эл тажрибасига мос келади. Мудофаа доктринаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлиги, яқин қўшнилар билан амалий муносабатларни ривожлантириш устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мудофаа соҳасида қабул қилинган қонунлар билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар ҳам Миллий армиямизнинг қиёфаси ва жанговар имкониятларини, ҳарбий жамоалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни тубдан ўзгартириш имконини берди. Мисол сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий, маданий савияси ва билимларини мунтазам ошириб бориш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда 2017 йил 11 августидаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорини келтириш мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини турар-жой билан таъминлаш тартиби ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори асосида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар ҳарбийларга, уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Жумладан, 2007-2015 йилларга мўлжалланган Давлат дастурига мувофиқ, 6 мингга яқин ҳарбий хизматчи уй-жой билан таъминланди. 2016-2025 йилларга мўлжалланган Давлат дастурининг ижроси ҳарбий хизматчиларни 100 фоиз турар-жой билан таъминлаш имконини беради.

Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар ҳозирда ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Ислоҳотларнинг энг муҳим натижасини армиядаги маънавий-ахлоқий муҳитнинг бутунлай янгиланганида, жамиятимизда армияга ва ҳарбий хизматга нисбатан ёндашув тамомила ўзгарганида яққол кўриш мумкин. Ҳозирда йигитларимиз учун ҳарбий соҳада хизмат қилиш, нафақат фахрли бурч, балки юксак шон-шарафга айланди. Бугун Армияда хизмат қилишнинг нуфузи жуда баланд. Ваҳоланки, ўтган асрнинг 80-йилларида, яъни мустабид Шўро тузуми даврида аксарият ота-оналар ўз фарзандларини қандай қилиб бўлмасин аскарликдан олиб қолишга, йигитлар эса ҳарбийликдан бўйин товлашга ҳаракат қилар эдилар. Бугун, ҳеч қандай муболағасиз, ҳар бир ота-она ўз фарзанди вояга етгач, унинг Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилишини ният қилмоқда. Чунки замонавий жанговар қуролларни мукаммал эгаллаган йигитларимиз миллатнинг, юртнинг ифтихорига айланаётганини барчамиз кўриб турибмиз.

Амалга оширилган ва оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ Қуролли Кучларимиз бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёв таъбири билан айтганда, “жамиятимизнинг ажралмас бир қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг кафолатига, ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланмоқда”.

Шу билан бирга, минтақамиз ва бутун жаҳондаги бугунги мураккаб, тез ўзгараётган ҳарбий-сиёсий вазият, айниқса, Афғонистондаги истиқболи анча мавҳум бўлган ҳозирги ҳолат билан боғлиқ тарзда хавфсизликка қарши реал ва эҳтимол тутилаётган хавф-хатарларнинг кучайиб, наркоагрессия, халқаро терроризм, экстремизм ва бошқа таҳдидларнинг миқёси тобора кенгайиб бораётгани Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини муттасил ошириш, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш борасидаги чораларни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Шавкат Мирзиёев Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг куни-кеча бўлиб ўтган кенгайтирилган таркибдаги мажлисидаги нутқида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимидаги ислоҳотларнинг истиқболларига тўхталиб, қуйидагиларни алоҳида таъкидлади: “Айни пайтда бутун дунёда, жумладан, ён-атрофимизда халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бормоқда, айрим ҳудудларда қуролли тўқнашувлар ҳамон давом этмоқда. Ана шундай кескин вазиятдан келиб чиққан ҳолда, мавжуд таҳдидларга қарши муносиб зарба беришга тайёр бўлишимиз, Ўзбекистоннинг тинч ва барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида Қуролли Кучларимизни янада ислоҳ қилиш, унинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини юксалтириш бўйича келгусида амалга оширадиган ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарур”.

Хавфсизлик кенгашининг мазкур йиғилишида мамлакатимиз раҳбари ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи олдида турган долзарб вазифалар сифатида Ўзбекистон чегараларининг хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, юртимиз остонасига ҳеч қандай бало-қазони яқин келтирмаслик ҳамиша диққатимиз марказида бўлиши лозимлигини қайд этди. Президентимиз нутқида мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ролини ошириш ва фаоллаштириш; ҳарбий округлар қўшинларининг жанговар таркибини янада такомиллаштириш; Қуролли Кучларни режалаштириш ва уларни қўллашнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини қайта кўриб чиқиш; қўшинларнинг жанговар ва тезкор тайёргарлик тизимини янада такомиллаштириш, ўқув машқлари фаоллигини, уларнинг самарадорлигини ошириш; қўшинларнинг реал эҳтиёжларини тизимли равишда таҳлил қилиб бориш, уларнинг замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланиш даражасини ошириш; ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий таъминот тизимини янада такомиллаштириш каби истиқболда эътибор қаратиш лозим бўлган устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, Қуролли Кучларимиз тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи биз “Адолат” СДП фаоллари ва барча даражадаги депутатлик корпуси аъзолари зиммасига ҳам қатор масъулиятли вазифаларни юклайди. Биз, энг аввало, Қуролли Кучлар тизимидаги ислоҳотларнинг бориши, хусусан, янгиланган Мудофаа доктринаси нормаларининг ҳаётга тўлиқ жорий этилиши устидан парламент ва депутатлик назоратини самарали йўлга қўйишимиз лозим. Яна бир долзарб вазифа – жамиятимиз аъзоларига Қуролли Кучларимиз тизимидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, хусусан, вояга етиб келаётган ёш авлод қалбида ўз Ватанига меҳр-садоқат туйғусини янада кучайтириш, Қуролли Кучларимиз билан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга ҳурмат туйғусини тарбиялашдан иборатдир.

Биз ёшлар онгу-шуурида Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш ишига янада кўпроқ кўмаклашишимиз, мамлакатимиз раҳбариятининг минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида илгари сураётган таклиф ва ташаббусларини кенг тарғиб қилишимиз ва уларнинг ижроси йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда фаол иштирок этишимиз мақсадга мувофиқдир. Хусусан, бу борада ёшларни ватанпарварлик, она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишида амалга оширилаётган тарғибот тадбирлари, учрашув ва давра суҳбатларининг таъсирчанлигини ошириш ишига бирламчи вазифа сифатида эътибор қаратишимиз лозим. Шундагина бу каби тадбирлар юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш ва тушунтириш ишига муносиб хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Қуролли Кучлар тизимидаги ислоҳотлар самарадорлиги – барчамиздан юксак масъулият талаб этади was last modified: Январь 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »