Устувор мақсад – ватан равнақи, халқ манфаати

30 Январь, 14:58 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 49 марта кўрилди • Комментариев к записи Устувор мақсад – ватан равнақи, халқ манфаати нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, одамлар билан мулоқот қилиш мақсадида 28-30 январь кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

Президентимиз ташрифнинг дастлабки кунида Яккабоғ туманидаги Анзур Нормуродов етакчилик қилаётган ишлаб чиқариш корхонасида тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқот ўтказди. Бу ерда жаҳон андозаларига мос равишда ишлаб чиқарилаётган мева шарбатини экспортга йўналтириш юзасидан қимматли маслаҳатлар берди.

Шу куни давлатимиз раҳбарининг қадимий ва табаррук Шахрисабз замини аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувлари ҳам ғоят самарали кечди.

Дарҳақиқат, улканлиги жиҳатидан дунё тарихида алоҳида ўрин тутадиган Дорус-саодатнинг буюк нилий гумбазларига, бу ердаги ўнлаб тарихий обидаларга ҳайрат билан боққан, биз шахрисабзликларнинг шу кунларда яратаётган биноларига назар ташлаган, юз бераётган хайрли ўзгаришлар билан танишган ҳар бир юртдошимиз буларни яққол ҳис қилади. Шу туфайли ҳам Президентимиз таъкидлаганларидек, Шахрисабз бутун ўзбек халқининг ғуруридир.

Юртбошимизнинг ғамхўрликлари ва алоҳида эътиборлари туфайли Шахрисабз шаҳримиз йил сайин янгича қиёфага кириб бормоқда. Тарихий обидаларни реконструкция қилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари ҳурматли Президентимизнинг бир лаҳза бўлсин эътиборларидан четда қолаётгани йўқ. У кишининг саъи-ҳаракатлари туфайли “Дорут-тиловат” мажмуидаги Кўкгумбаз, Гумбази Сайидон ва Шамсиддин Кулол мақбаралари қайта таъмирланиб, саёҳатчилар қадами узилмайдиган зиёратгоҳларга айлантирилди. Президентимиз ташрифлари чоғида бизнинг Оқсаройни, Дорус-саодатни, Кўкбузни зиёрат қилдилар ва ўзларининг тавсиялари билан ўртоқлашдилар.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Шахрисабзни ҳалқаро туризм шаҳарларидан бирига айлантириш, турли давлатлардан келаётган саёҳлар сонини кескин кўпайтириш юзасидан ҳам бир қатор таклифларини билдириб ўтди.

Шу билан биргаликда Президентимиз ташаббуси билан Шахрисабзга Афросиёб тез юрар поездининг қатнови йўлга қўйилаётгани ҳам ҳалқимизнинг кўнглини тоғдай кўтарди. Бундан ташқари, қўҳна ва минг-минг йиллик тарихлар кечмиши яшириниб ётган Шахрисабз заминида мақомчиларнинг республика кўрик-танловини ўтказилиши ҳам аҳолининг айни дилидаги иш бўлди. Президентимиз Шахрисабзга ташрифлари давомида кўрик танловга кўрилаётган ҳозирлик билан ҳам танишдилар ва мутасаддиларга зарур йўл-йўриқ ҳамда топшириқлар бердилар.

Мен бир партия фаоли сифатида Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг қайси вилоятга ташриф буюрмасинлар қуйидаги сўзларини бот-бот таъкидлашларини мамнунлик билан эътироф этаман.

“Асосий мақсадимиз- ҳалқимизни рози қилиш, одамларнинг фаровон яшаши учун барча имкониятларни яратишдир”.

Ҳа, азиз ҳамюртлар, ҳақиқатдан ҳам шундай. Одамларнинг ўз ҳаётидан кўнгли тўлсагина, руҳи кўтарилади, эртанги кунга ишонч билан қарайди, янги-янги марраларга интилади.

                                                          Самариддин ЗАЙНИДДИНОВ,

                                                 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Шахрисабз туман Кенгаши раиси

Устувор мақсад – ватан равнақи, халқ манфаати was last modified: Январь 30th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »