ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ — ИННОВАЦИОН ТАРАҚҚИЁТДА

26 Январь, 10:28 • Муносабат, Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 56 марта кўрилди • Комментариев к записи ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ — ИННОВАЦИОН ТАРАҚҚИЁТДА нет

Ўзбекистон «Адолат» СДП “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги устувор йўналишларини белгилаб олди.

Партиямиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тарихида биринчи бор парламентга йўллаган Мурожаатномасини Ватанимиз ҳаётидаги энг муҳим сиёсий воқеалардан бири, халқ ҳокимияти тамойилининг жамиятимизда акс этиши ҳамда давлатимизнинг демократик қадриятларга содиқлигининг ифодаси, деб билади. Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ва чуқур ислоҳотларни, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича вазифаларни ҳар томонлама ва холис таҳлил этди ҳамда 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”нинг асосий устувор йўналишларини белгилаб берди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП шуни алоҳида таъкидлаб ўтадики, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган 2017 йилда мамлакатимизда фуқаролар манфаатларига хизмат қиладиган давлат ва жамиятимизнинг барча соҳаларида миқёс жиҳатидан ғоят улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳоли билан жойларда бўлиб ўтган кўп сонли учрашувлар якунлари ҳам шундан далолат бериб турибди.

Партиямиз электорати бошқа давлатларда кўп йиллар мобайнида қўлга киритилган ютуқларга мамлакатимиз ўтган бир йил ичида эришганини, айниқса, суд-ҳуқуқ, молия-иқтисод, ижтимоий соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилганини эътироф этмоқда. Бу давлатимиз раҳбарининг ҳар бир фуқаро ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни эртага, олис келажакда эмас, айнан бугун кўришга интилаётганини, шунингдек, адолатли ва гуллаб-яшнаган ҳаётни нафақат келгусида барпо этишга, балки Ўзбекистонда яшаётган бугунги авлод учун ҳам таъминлашга қатъий аҳд қилганлигини кўрсатади.

Ишончимиз комил, агар ҳар бир сиёсий партия Ҳаракатлар стратегиясидаги ҳеч бўлмаганда 2-3 вазифани амалга ошириш масъулиятини ўз зиммасига олса, Мурожаатномада белгилаб берилган мақсадларга тезроқ эришамиз, ҳамма соҳаларда у ҳоҳ иқтисодий, ижтимоий, гуманитар ёки хоҳ ҳуқуқий, сиёсий бўлсин, аниқ натижаларни қўлга киритамиз. Шу муносабат билан партиямиз бутун куч ва ҳаракатини қуйидаги устувор вазифаларни бажаришга йўналтиради:

Биринчидан, биз учун ҳамиша давлатимиз ва жамиятимизда инновацион тараққиётни таъминлаш масаласи устуворлик касб этган ва шундай бўлиб қолади. Чунки биз интеллектуал қадриятлар, инновацион ғоялар, инновацион ечимлар ҳукмронлик қилаётган, жадал ривожланаётган бугунги дунёда давлат тараққиёти фақат янги фикр, янги ғоя, инновациялар, фан ва техниканинг янги ютуқлари ҳамда инсон капиталига таянамиз.

Ўз иқтисодиётини модернизация қилган давлатлар тажрибаси (АҚШ, Буюк Британия, Япония, Хитой ва бошқалар) шуни кўрсатмоқдаки, улар, энг аввало, инновацион ғоялар ва ечимлар, энг мукаммал техника ва технологиялардан фойдаланган. Президентимизнинг Мурожаатномаси асосида ҳам Ўзбекистон давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан яхшилашга йўналтирилган инновацион тараққиёт йўлига ўтади – бу келажаги буюк давлатни қуриш кафолати, давлат ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги, аҳоли фаровонлигининг кафолатидир, деган юксак ғоя ётади.

Бу соҳада биз, энг аввало, инновацион фаолиятнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ва такомиллаштириш, уни рағбатлантириш механизмларига, инновацион соҳада интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва хўжалик айланмасига киритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.

Жумладан, яқинда ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда партиямиз ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва тадқиқотлар натижасида ишлаб чиқилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомилига етказишни тезлаштирамиз. Қонун лойиҳаси инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва бошқариш тамойилларини аниқлашга, инновацион ғоялар, ишланма ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, инновация соҳасида халқаро ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтиришга йўналтирилган.

Бизнинг депутатларимиз “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳам бевосита иштирок этадилар. Мазкур қонун лойиҳаси илмий ғоялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, илмий текшириш муассасаларининг вазифа ва мақсадларини аниқлаштириш, уларни молиялаштириш тартиби, фаолиятини моддий-техник таъминлаш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш каби бир қатор йўналишларни қамраб олади.

Биз давлатимиз раҳбарининг қонунлар кабинетларда яратилиши керак эмас, фуқаролар, электорат, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим эҳтиёжларидан келиб чиқиб яратилиши ҳамда давлатимиз ва жамиятимизнинг изчил тараққиётига, турли соҳалардаги туб ўзгаришларга хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги танқидий фикрларини тўлиқ қабул қиламиз. Бундан кейин биз, депутатлар “Қонуннинг ягона муаллифи ва манбаси – халқ” деган ғояга асосланамиз. Қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида қонун лойиҳаларини аҳолининг кенг қатлами, мутахассислар ва экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари муҳокамасидан ўтказиш тизимидан самарали фойдаланамиз.

Иккинчидан, биз мамлакатни инновацион тараққий эттиришнинг ўрта муддатга мўлжалланган (2030 йилгача) Дастурини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурамиз. Комплекс чора-тадбирларни қамраб олган мазкур Дастур қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:

а) Иқтисодиётимизни билим ва технологияларга асосланган инновацион иқтисодиётга, “билимлар иқтисодиётига” секин-аста ва босқичма-босқич ўтказиш. Биз замонавий дунёда билим, технологиялар, маълумотлар ва интеллектуал мулк моддий бойликларга нисбатан кўпроқ қадрланади, деб ҳисоблаймиз. Боиси, бугунги кунда мазкур соҳалардаги молиявий битимлар моддий маҳсулотлар савдоси ҳажмидан етти баробар кўп. Бошқача айтганда, ҳозирда тезкор оламда хўжалик тараққиётининг ўзига хос жиҳати етакчи мамлакатларнинг инновацион жамият шаклланишидаги янги босқичида кўринади. Бу билимларнинг тарқалиши ва фойдаланилишига асосланган иқтисодни барпо этиш демакдир. Ноёб кўникма ва қобилиятлар, фаолиятни доим ўзгариб турадиган шароитларга мослаштириш, юқори малака, давлат ва жамиятнинг муҳим ресурслари халқ фаровонлиги ва моддий тўкинлигини таъминлашнинг бош омилларидандир.

Интеллектуал (инсоний ақл-идрок) капиталга инвестициялар киритиш ресурсларни жойлаштиришнинг энг самарали усулига айланиб бормоқда. Ишлаб чиқаришни интенсификациялаш ва янги илмий-техник ютуқлардан фойдаланиш инновацион циклни қисқартириш, маҳсулот ва технологияларни янгилаш суръатини тезлаштириш имконини беради.

Бундай шароитда биз “ким билим ва технологияларга эгалик қилмаса, рақобат курашида ғолиб чиқолмайди” тамойилини мунтазам равишда амалга ошириб бориш тарафдоримиз. Биз янги иқтисодиётни нафақат моддий (ва табиат) ресурслари, балки ахборот ва билимлар ресурслари ҳаракатга келтиришига ишонамиз;

б) Юқори технологияли кичик муассасаларни яратиш ва уларнинг фаолиятини дастлабки даврда давлат томонидан қўллаб-қувватлашни ташкил этиш йўли билан кичик инновацион тадбиркорликни қулай муҳитда ривожлантириш.

Биз инновацияларни тадбиркорликнинг ўзига хос воситаси, деб ҳисоблаймиз, айни пайтда бу инновацияларнинг ўзигина эмас, балки янгилик излашга йўналтирилган инновацион тафаккур, тадбиркорлик таркибларининг доимий равишда мақсадли йўналтирилганлиги ҳам ҳисобланади. Инновацион тадбиркорлик – бу хўжалик юритиш ва қандайдир янгилик яратишнинг алоҳида новаторлик жараёнидир, унинг асосида доимий янги имкониятлар излаш, инновацияларга эътибор қаратиш ётади. У тадбиркорнинг янги лойиҳани амалга оширишига ёки амалдагисини яхшилашига қаратилган, бу жараёнда у вужудга келадиган молиявий, ахлоқий ва ижтимоий масъулият билан бирга таваккалчиликни ҳам ўз зиммасига олиши билан боғлиқ.

Бизнинг фикримизча, инновацион тадбиркорликни тараққий эттиришга хизмат қиладиган муҳим омиллар қуйидагилардан иборат:

— сиёсий-ҳуқуқий – инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлайдиган қонунчилик чора-тадбирлари, инновацион фаолиятнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши. Бу, хусусан, инновацион фаолият юритиш учун қулай шароит яратиш мақсадида солиқ тизимини такомиллаштириш, юқори технологияли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қўшма корхоналар ташкил этилишига қулай шароитларни шакллантириш, ташқи бозорга маҳаллий инновация ва маҳсулотларни олиб чиқиш, инновацион лойиҳалар бўйича маълумотлар алмашиш учун халқаро ахборот тизимларига кириш ва ҳоказо;

— иқтисодий-технологик – молиявий захиралар, моддий-техник воситалар, прогрессив технологиялар, зарур хўжалик ва илмий техник инфратузилмалар, инновацион фаолиятни молиялаштиришнинг давлат дастурлари, инновацион фаолият учун моддий рағбатлантириш мавжудлиги. Хорижий кредит линияларида инновацион инфратузилмани ривожлантириш учун квоталар билан таъминлаш, давлат кафолати билан инновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида жиҳозлар сотиб олиш, янги маҳсулот ишлаб чиқаришда технология ва ноу-хауни ўзлаштириш учун лицензиялар олиш, илмий маҳсулдор ускуналар учун лизингни ривожлантириш, соҳада давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини кучайтириш;

— ташкилий-бошқарув – ташкилий тузилмаларнинг тез мослашувчанлиги, бошқарувнинг демократик услуби, горизонтал маълумотлар оқимининг устуворлиги, номарказлаштириш, автономия, мақсадли, муаммоли гуруҳларни шакллантириш, реинжерининг. Бу йўналишда умуммиллий характерга эга инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат сармояларини ажратиш алоҳида аҳамиятга эга;

— ижтимоий-руҳий ва маданий-ахлоқий рағбатлантиришлар, жамоатчилик томонидан эътироф этилиш, ўзини намоён этиш имкониятларининг таъминланиши, ижодий меҳнатнинг ривожланиши. Меҳнат жамоасида соғлом муҳит;

в) Ҳудудни барқарор ривожлантириш масаласини ечишга йўналтирилган инновацион сиёсатни амалга ошириш, мавжуд моддий-техника, хомашё ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳудудлар иқтисодиётининг рақобатбардошлилигини ошириш ва жойларда долзарб ижтимоий масалаларни ҳал қилиш.

Биз ҳудудларнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида, савдо-ишлаб чиқариш, қурилиш-саноат, илмий-ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳаси, туризм ва хизматлар соҳаларига инновацияларни киритишга қулай шарт-шароит яратиш учун ресурсларни жамлаш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Биз бундай ёндашув нафақат ҳудудлар ва бутун мамлакат иқтисодиётини рақобатбардош этади, балки бугунги шароитда аҳоли турмуш шароитини юқори даражага кўтаришга хизмат қилишига ишонамиз.

Мазкур йўналишда Ўзбекистон “Адолат” СДП, хусусан, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда унчалик катта бўлмаган, ўзини тез қоплайдиган ҳудудий инновацион лойиҳаларни хусусий сектор иштирокида ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишни таклиф қилади;

г) Кадрлар салоҳияти ва инновацион таълим тараққиёти. Инновацион тараққиёт стратегиясини амалга оширишда меҳнат ресурсларини тақсимлаш ва шакллантириш билан боғлиқ масалалар демографик жараённи, ривожланишнинг стратегик ва оператив мўлжалларини ҳисобга олишни талаб этади. Ўзбекистон “Адолат” СДП инновацион тараққиёт учун кадрлар масаласини комплекс ҳал қилиш, мутахассислар ва кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни талаб этади, бу жараёнда ривожланаётган иқтисодий ва ижтимоий соҳалар, илмий, ишлаб чиқариш ва таълим тузилмалари интеграцияси, илмий тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишларини олиб бориш учун мавжуд модий-техника базаларидан фойдаланиш ва уларни кенгайтириш талаб этилади, деб ҳисоблайди.

Ишончимиз комил, мазкур масалаларни ҳал қилиш кўп жиҳатдан Президентимизнинг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишига боғлиқ. Мазкур ҳужжатлар билан, хусусан, олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш бўйича Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланган. Биз кадрлар тайёрлашни тубдан қайта кўриб чиқишга йўналтирилган мазкур муҳим ҳужжатларни мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш шарт-шароитларини яратиш, инновацион таълим ривожланиши учун “Йўл харитаси” сифатида, соҳадаги ишлаб чиқариш, фан ва таълим интеграциясини кучайтиришнинг устувор вазифаларига мутаносиб равишда кўрамиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП замонавий демократик ва бағрикенг жамиятнинг ривожланишида ҳал қилувчи омил инновацион таълим, деб ҳисоблайди. Инновацион таълим – бу инсонни тарбиялаш ва инновацион таълим беришнинг мақсадли жараёнидир. Бу жараён унинг ижодий салоҳияти юксалишига, мустақил билим олиши ва ўзини ўзи камолотга етказишига хизмат қилади. Бу нафақат иқтисодий билимлар, балки билимлар жамияти асоси ҳамдир. Унда ахборот, билим ва интеллект энг кўп талаб қилинадиган ва истиқболли манбалар саналади. Бунда интеллектуал меҳнат, ахборот билан ишлаб, билимларни доимий янгилаб бориш жамият ва давлатнинг рақобатбардошлиги ошишининг муҳим омилидир.

Партиямиз бу йўналишда кейинги 1,5 йил ичида Ўзбекистонда жуда катта ишлар олиб борилганини алоҳида эътироф этади. Жумладан, 20 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди, мактабгача таълим ва таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда; Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди; 11 йиллик ўрта таълим тикланди; инновацион ва креатив ёндашиш асосида аниқ фанлар чуқур ўрганиладиган махсус мактаблар ташкил этилди.

Бундан ташқари, айрим олий ўқув юртларида сиртқи ва кечки бўлимлар очилди, янги олий таълим муассасалари ташкил этилди ва ҳоказо. Бугунги кунга келиб мамлакатимизда олий ўқув юртлари сони 81 тага, хорижий ОТМлар сони эса 7 тага етди, Олмалиқда Москва пўлат ва қотишма институти филиали, Тошкентда эса АҚШнинг Вебстер университети филиалини очиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси тизими ва моддий-техника базасини такомиллаштириш бўйича фавқулодда чора-тадбирлар кўрилди, унинг таркибидаги илмий тадқиқот институтлари ва марказлари фаолияти тикланди ҳамда мутлақо янгилари ташкил этилди. Биз бу чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг инновацион тараққиёт йўлига ўтишидаги муҳим омиллар, деб ҳисоблаймиз. Айни пайтда Ўзбекистон “Адолат” СДП бу борада қуйидаги аниқ чора-тадбирларни таклиф этади: инновацион лойиҳаларни хусусий бизнес иштирокида ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш; олий ўқув юртлари, илмий ва тадқиқот марказларида инновацион инфратузилмани кучайтириш; ёш олимларни ва янги авлод кадрларини тайёрлашда инновацион дастурлар шаклланишини қўллаб-қувватлаш; соҳага хорижий кредитлар ва инвестицияларни киритишнинг самарали тизимини яратиш.

Партия Ўзбекистонни технологик ривожлантириш ва ички бозорни модернизациялаш дастурини ишлаб чиқишга ҳам эътибор қаратади, зеро, дастурнинг амалиётга татбиқ этилиши мамлакатимизнинг тараққий этган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашига имконият яратади;

д) Инновацион инфратузилмаларнинг ривожланиши – ахборот технологик марказлар, технологиялар трансфери марказлари, илмий технологик парклар, бизнес-инкубаторлар, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлайдиган консалтинг, ахборот-молиявий ва бошқа хизмат турларини кўрсатадиган ташкилотлар тармоғи.

Инфратузилма вазифаларини амалда фаолият кўрсатаётган илмий ва таълим муассасалари асосида ташкил этилган кичик ташкилотлар билан бир қаторда ўзининг моддий ва кадрлар базасига эга ихтисослашган ташкилотлар ҳам бажариши мумкин.

Учинчидан, биз инновацион фаолиятни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш тизимининг янада такомиллашуви тарафдоримиз. Мазкур тизим иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барча бўғинларида инновацияларни тез ва самарали амалиётга қўллаш шароитларини яратиши, тараққиётнинг устувор йўналишларида инновацион имкониятларни мустаҳкамлаши зарур.

Биз инновацион тараққиёт масаласи нафақат давлатга, балки бутун жамиятга тегишли, деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли соҳадаги лойиҳаларга давлат билан бир қаторда хусусий сектор ва аҳолининг маблағини жалб этиш зарур (янгидан ташкил этилган Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини қўллаб-қувватлаш орқали).

Бундан ташқари, инновацион технологиялар, саноатнинг юқори технологиялари соҳаларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли, имтиёзли кредитлар ажратаётган тижорат банкларини қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар кўриш зарур.

Халқаро тажрибага кўра, айнан имтиёзли кредитлар тадбиркорлик субъектларига янги технологиялар яратиш ва амалдагиларини мукаммаллаштириш борасида узоқ муддатли капитал маблағлари қўйиш имкониятини яратади. Бу жараёнда банклар кредитларини давлатнинг инновацион фаолият, янги технологияларни ривожлантириш ва амалиётда қўллаш фаолияти учун ажратилган давлат субсидиялари ҳисобидан қўллашни назарда тутиши мумкин.

Тўртинчидан, биз Инновацион ривожланиш вазирлиги билан фан, технологиялар ва техника тараққиётида устувор йўналишларни аниқлаш масаласида изчил ҳамкорлик ўрнатишни режалаштираяпмиз.

Бешинчидан, ишонамизки, инновацион тараққиёт масалалари жамиятда инновацион маданият шаклланиши билан бевосита боғланган. Инновацион маданият шаклланиши, аввало, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ижодий салоҳияти ривожланиши ва креатив иқтидорини амалда қўллай олиши билан боғлиқдир. Бу йўналишда Ўзбекистон “Адолат” СДП республикамизда ва ҳудудларда инновацион жараёнларни ташкилий ва информацион қўллаб-қувватлашга, жамиятда ёшларнинг инновацион салоҳияти ошишига, тегишли ахборот ресурслари шаклланишига йўналтирилган қуйидаги партия лойиҳаларини амалиётга жорий этмоқчи: “Ўзбекистон келажаги – инновацион тараққиётда” ва “Инновацион салоҳият – давлатнинг стратегик манбаси”.

Жумладан, биз қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз: мамлакатимизнинг етакчи корпорацияларини, илмий жамият вакилларини ва инновацион фаолият билан шуғулланадиган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш; инновацияларнинг ижтимоий аҳамиятини тарғиб этадиган махсус интернет сайтлари, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш.

Бу соҳада бизда асосий ахборот таъсир кўрсатадиган қатлам – келгусида инновацион лойиҳаларни амалга оширишга қодир бўлган ёшлардир. Келажакда бутунлай фан ва техникага бағишланган мамлакат телеканалини очиш зарур(мисол учун, “Discovery”, “Scienсe” каби). Интернет тармоғидаги фаолиятга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур, тармоқда инновациялар бўйича махсус сайтлар ташкил этиш билан кифояланмасдан, барча манфаатдор иштирокчилар ўртасида алоқа ўрнатиш учун баҳс майдончалари(форумлар) ташкил этиш талаб этилади.

Биз жамиятда инновацион маданиятни шакллантириш бўйича лойиҳаларимизда қуйидаги шиорларни қўллашни кўзламоқдамиз: “Биргаликда ҳамма нарсага қодирмиз”, “Аждодларимиз буни аввал амалга оширишган – биз ҳам буни ҳозир уддалаймиз”.

Олтинчидан, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишга имкон берадиган экологик тоза технологияларни қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш самарадорлиги ошишига хизмат қиладиган “яшил иқтисодиёт” технологияларини қўллаш.

Биз учун “яшил иқтисодиёт” – табиат ресурсларидан самарали фойдаланиб, шунингдек, ишлатилган маҳсулотларни яна қайта ишлаб чиқаришга сарфланишини таъминлайдиган, жамиятда барқарорликни таъминлашга йўналтирилган иқтисодиётдир. У айни пайтда камайиб бораётган ресурслар (фойдали қазилмалар – нефть, газ ва бошқалар)дан тежаб фойдаланиш ва қайта тикланадиган манбалардан самарали фойдаланишга йўналтирилган, аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қиладиган, атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлайдиган, экологик манбалар тақчиллигига йўл қўймайдиган иқтисодиёт — бу “яшил иқтисодиёт”дир.

Биз мамлакат иқтисодиётини “яшил рельс”га ўтказадиган узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш ва амалда қўллашни таклиф этамиз. Бу стратегия чекланган сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини оширишга, энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини оширишга, электр энергетикасини ривожлантиришга, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишга, ҳавонинг ифлосланишини камайтиришга, экотизимни сақлаб қолишга ва самарали бошқаришга йўналтирилган.

Мазкур йўналишда партиямиз қайта тикланадиган энергия манбаларининг умумий истеъмолдаги ҳиссасини бугунги 12,7 фоиздан 2025 йилга бориб 19,7 фоизга етказиш бўйича белгиланган дастур ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатади.

(Давоми бор)

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари

ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ — ИННОВАЦИОН ТАРАҚҚИЁТДА was last modified: Январь 26th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »