Ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз керак

10 Январь, 16:19 • Муносабат, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 43 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз керак нет

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасини ҳар бир юртдошимиз, шубҳасиз, чуқур ҳаяжон ва зўр қизиқиш билан тинглади. Бинобарин, бу тарихий воқеликда кўтарилган масалалар, ўртага ташланган жамики муаммолар барчамизнинг бугунимиз ҳамда эртанги кунимизга, ҳаётимиз ва орзу-умидларимизга бевосита дахлдордир.

Президентимизнинг куйинчаклик билан оқни оқ, қорани қора, дея холисона билдирган фикрлари халқимизнинг айни дилидаги гаплар бўлди. Бу аснода давлат ҳамда жамиятни тубдан ривожлантириш, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган мақсад ва устувор йўналишларни амалиётда рўёбга чиқариш билан боғлиқ долзарб вазифалар аниқ, лўнда ҳамда ҳаққоний кўрсатиб берилдики, шу дамгача кўз юмиб келинган кўзбўямачилик, бюрократия, коррупция каби иллатлар таг-томири билан йўқолиши учун фақат тегишли идора ёки мутасадди шахслар эмас, балки ҳар биримиз маълум даражада масъул эканимизни янада теранроқ ҳис қилдик.

Чин маънодаги ўзгаришлар даврида ислоҳотлардан четда турмай, фаол фуқаролик позициясини намоён этиш, халқ сифатида бир муштга айланиб, якдил бўлиш, қисқача айтганда, ўзгаришни дастлаб ўзимиздан бошлашимиз кераклигини англадик.

Албатта, мустақилликнинг дастлабки чорагида турли соҳаларда қўлга киритилган ютуқлар қаторида халқимизнинг турмуш тарзида, дунёқарашида қандайдир ўзгаришлар содир бўлганини фахр билан тилга оламиз. Буни инкор этмаган ҳолда, ҳозирги шиддатли замонга мос равишда янада ҳушёр ҳамда фаол бўлиш, озгина мудроқлик ва хафсаласизлик ҳам баъзан кичик муаммолардан ижтимоий, иқтисодий таназзулларга йўл очиши мумкинлигини зинҳор унутмаслик айни заруратдир.

Президентимиз ҳар бир чиқишида, ҳудудларга ташриф буюриб, одамлар билан олиб борган ҳар бир мулоқотида ўсиб келаётган авлоднинг бугуни ҳамда эртаси ҳақида алоҳида тўхталиб, ёшларни қийнаётган, ўйлантираётган муаммоларни узил-кесил ҳал этишга биринчи даражали вазифа сифатида қараши бежиз эмас. Хусусан, парламентга Мурожаатномасида ҳам биз улуғ боболаримизнинг муносиб давомчилари бўладиган етук инсонларни тарбиялаш масаласига етарлича аҳамият бермаётганимиз қайд этилиб, интеллектуал ва маданий салоҳиятли ёшларни камолга етказиш тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили эканини унутмаслик кераклигига урғу берилди. Шунинг ўзиёқ барчамиз, қайси лавозимда ишлашимиз ҳамда ижтимоий мавқеимиздан қатъи назар, ёш авлод тақдирига бирдек масъул эканимизга, “Боланинг бегонаси бўлмайди” шиори фаолиятимизда мустаҳкам ўрин олсагина, бугун ўғил-қизларимиз дуч келаётган турли муаммо ва иллатларга барҳам беришимиз мумкунлигини англатади.

Қизларшой РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё Вилоят Кенгаши депутати

 

 

Ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз керак was last modified: Январь 10th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »