Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

11 Январь, 11:46 • Наманган вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 178 марта кўрилди • Комментариев к записи Ватан ҳимояси – муқаддас бурч нет

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 26 йиллиги ва 14 январь Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкилотлари ҳам фаол қатнашмоқдалар. Куни  кеча Наманган шаҳрида вилоят ҳокимлиги, мудофаа ишлари бошқармаси ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов, ҳарбий хизматчилар, ёшлар ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, фахрийлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ёшларимизда ҳарбий хизматга қизиқиш тобора ортиб бораётгани, ҳарбий хизмат йигитларимиз учун  юксак шон-шараф ишига айланганини қайд этдилар.

Шу куни шаҳар кўчаларида ҳарбий техника воситалари паради, Уч фаввора майдонида эса қурол-яроғлар ва аскар анжомларининг кўргазмаси ташкил этилди. Бу ерда тўпланган аҳоли вакиллари  Наманган гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар билан учрашдилар. Улар ўзларининг жанговар ва сиёсий-маънавий тайёргарликда эришаётган натижалари ҳақида сўзлаб бердилар. Аскарлар намойиш этган кўргазмали чиқишлар барчада унутилмас таассурот қолдирди.

Ислом Каримов шоҳ кўчаси ва Ғирвонсой кўчаси чорраҳасидан бошланган марафон ҳам армия билан халқ бирлигининг ёрқин намойишига айланди. Унда аскарлар билан бирга спортчилар, талабалар ва ўқувчилар, фахрийлар иштирок этдилар. Улар шаҳар марказидаги юқорида тилга олинган Уч фаввора майдонигача бўлган олти километрли масофани қисқа муддатда босиб ўтдилар. Марафон ғолибларига турли номинацияларда совринлар топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб Наманган ва Хоразм вилоятлари ўртасида “Менинг дўстим – Ватан ҳимоячиси!” шиори остида ташкил этилган видеомулоқот ҳам кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Унда ҳарбий хизматчилар,  давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, ёшлар иштирок этдилар.

Ҳар икки вилоятда йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари ва дўстлари телекўприк  воситасида ўзаро мулоқот қилдилар. Улар орасида Хоразмда йигитлик бурчини ўтаётган наманганлик Анваржон Набижонов ҳам бор эди. У ўз яқинларига мурожаат қилиб, ҳарбий хизматни муваффақиятли ўтаётганини, кўплаб янги дўстлар орттирганини, баён этди. Қуролли Кучлар сафида ҳаммамиз ҳар томонлома чиниқиб, Ватаннинг муносиб фарзандлари мақомига етишмоқдамиз, — дейди А.Набижонов. Телекўприк қатнашчилари бир-бирларига яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан эзгу ва самимий тилакларини йўлладилар.

– Партиямиз фаоллари умумхалқ байрами – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган жуда кўп тадбирларда қатнашдилар, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев. – Ўтказилган суҳбатларда Қуролли Кучлар сафидаги хизмат бугунги кунда  ёшларнинг иродасини мустаҳкамлашда, жисмонан тоблашда ҳамда  маънавий жиҳатдан камол топтиришда  ҳақиқий мактаб вазифасини ўтаётганини ҳис этдик. Вакилларимиз  байрам арафасида корхона, ташкилот ва муассасалар, ўқув юртлари,   маҳаллаларда ўтказилаётган “Армия ва ёшлар”, “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч!”, “Аскар оналарини шарафлаймиз”, “Менинг акам – ҳарбий” каби кўплаб мавзулардаги маънавий-маърифий тадбирларда ҳам фаол қатнашдилар. Улар  аҳоли, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббатни оширишда, она-юртни муносиб ҳимоя қилиш туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этганига ишонч ҳосил қилдик.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Ватан ҳимояси – муқаддас бурч was last modified: Январь 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »