Ягона мақсад — фуқароларимиз учун фаровон турмуш шароити яратиш

15 Январь, 17:34 • Андижон вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 155 марта кўрилди • Комментариев к записи Ягона мақсад — фуқароларимиз учун фаровон турмуш шароити яратиш нет

Кейинги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баробарида ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Илгари одамлар бирон бир муаммо туғилса қўлида ариза билан идорама-идора сарсон бўлиб юргани бор гап. Бугун эса вазият бутунлай  ўзгарди. Энди ҳоким, прокурор, вазирдан тортиб давлат маслаҳатчисигача халқ ҳузурига келяпти. Одамларнинг муаммоси тингланиб, ечим топяпти, дарду ташвишига шерик бўляпти.

Шу ўринда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган фикрларга эътибор қаратиш ўринли. Ундан кўзланган ягона мақсад — фуқароларимиз учун фаровон турмуш шароити яратишдан иборат. Қолаверса, мазкур тарихий ҳужжатдан келиб чиқиб, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғоя бош мезонга айланди.

Бугун ҳар қандай раҳбар хизмат хонасида  ўтирмасдан жойларга бориб, аҳолини қийнаётган долзарб муаммолар ечими билан шуғулланиши шарт. Халқимизнинг ишончли вакиллари бўлган депутатлар фаолиятида ҳам бу кенг ўрин эгаллаётгани бежиз эмас. Шу маънода  ўтган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаётган муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилди, деб айтиш мумкин.

 Мурожаатномада қайд этилдики: «текшир-текшир» ва «деди-деди» қабилидаги гаплар асосида жавобгарликка тортишлардан халқимиз қаттиқ чарчаган. Шу сабаб Конституция ва қонун нормалари сўзсиз ишлаши учун ишончли кафолатларни яратишимиз зарур. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларга мос келадиган халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт.

Юқоридагилардан келиб чиқиб республикамизда инсон ҳуқуқларини таъминлашда янги босқич бошланганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳал этилиши устидан назорат кучайтирилди. Сайёр қабуллар  ўтказиш, ариза ва шикоятларга эътиборсизлик, сансалорлик ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйганларга нисбатан кескин чоралар кўриш тадбирлари белгиланяпти.

Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш ўринли. Маҳаллаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларининг жамоатчилик билан кенг қамровли тадбирлар ўтказиши жиноятга нисбатан муросасизлик муҳитини яратмоқда. Бу ёшларимизни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашга, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда президентимиз Мурожаатномаси биз учун энг ишончли “йўл кўрсатувчи” демакдир. Уни ўқиб-ўрганиш билан чекланмай кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш биз партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари олдида турган энг долзарб вазифа ҳисобланади.

Ботиржон МУҚИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

халқ депутатлари Олтинкўл туман

Кенгаши депутати

Ягона мақсад — фуқароларимиз учун фаровон турмуш шароити яратиш was last modified: Январь 15th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »