Янги имкониятлар янгиланишларга замин бўлмоқда

9 Январь, 09:48 • Муносабат, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 52 марта кўрилди • Комментариев к записи Янги имкониятлар янгиланишларга замин бўлмоқда нет

Малумки, Тошкент вилояти мамлакатимизнинг энг йирик индустриал ҳудудларидан бири ҳисобланади. Унинг қулай географик жойлашуви, бой табиий ресурслари, ҳосилдор ерлари республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори боис кейинги бир йилда вилоятда саноат, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш, инвестициялар, савдо ва экспорт соҳалари сезиларли даражада ривожланишига эришилди. Турли йўналишларда йирик истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Мазкур лойиҳалар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, эл-юрт фаровонлигига, минглаб янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ҳар бир ташрифи соҳалар тараққиёти учун янги имкониятлар яратилишини таъминлаб, юртдошларимизни ташаббускорлик руҳида меҳнат қилишга, эзгу мақсадларга ундаяпти. Асосийси, оддий одамларнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш, фаровонлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 5 январь куни вилоятимизга ташрифи чоғида Зангиота, Янгийўл, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ туманлари аҳолиси билан юзма-юз мулоқотда бўлди. Кўп қаватли уйларнинг бугунги кундаги ҳолатига алоҳида эътибор қаратиб, уй-жойларни таъмирлаш, оқава сув тармоқларини реконструкция қилиш, сув таъминотини яхшилаш, иссиқлик суви тизимини такомиллаштириш борасида натижали ишлар амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади. Янгийўл шаҳрида мавжуд кўп қаватли уйларни таъмирлаш, 7 қаватли 12 та янги кўп қаватли уй-жой, замонавий боғ, бозор қурилиш ишларини режалаштириш аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаб, замонавий шарт-шароитлар, қулайликлар яратишни таъминлайди.

Мамлакатимиз Президенти халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида ҳудуд аҳолисини ўйлантираётган бир қатор муаммоларнинг ечимини ҳал этишда аниқ вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, вилоят ҳудудларидан пойтахтга қатнов тизимида бир талай муаммолар борлигига алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент шаҳрига қатнаб ишлайдиган фуқаролар, шунингдек, пойтахтимиздаги таълим муассасаларига қатнаб ўқийдиган ёшларнинг йўловчи транспорт воситаларидан фойдаланишга сарфланаётган харажатлари шу кунгача таҳлил этилмаганлиги танқид қилинди. Муаммонинг ечими сифатида туманлардан пойтахтга қатнайдиган автобус йўналишларини жорий этиш режалаштирилиб, тез орада қатнов йўлга қўйиладиган бўлди.

Айни кунгача мазкур йўналишларда қатновчи хусусий транспорт воситалари хизмат кўрсатишидаги ноқулайликлар, йўл ҳақларининг сунъий равишда ошиб кетиш ҳолатлари йўловчилар, айниқса, талабалар учун қийинчиликлар пайдо қилаётгани кўпчиликка аён эди. Эндиликда бу муаммо барҳам топадиган бўлди.

Бир қатор янги лойиҳалар, янгидан-янги вазифалар ижроси катта ижобий натижалар беришини чуқур англаган вилоятимиз аҳли бениҳоя мамнун эканини таъкидлаш лозим. Жумладан, Қуйи Чирчиқ туманида 12 минг тонна балиқ тайёрлайдиган балиқчилик хўжалигини барпо этиш режалаштирилди. Бу хайрли ва истиқболли лойиҳа нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки аҳоли соғлиғи учун ҳам фойдали эканини, айниқса, мутахассислар яхши билишади.

262 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Янгийўл туманида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган янги вазифалар белгиланди. Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмаси ҳудуди салкам 10 гектар. Давлатимиз раҳбари бу ерда яқин келажакда 5 гектарда 20 дан ортиқ йўналишда хусусий, қолган қисмида давлат тиббиёт муассасалари ташкил этиш, уларни энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берди. Электоратимизнинг кўпчилик қисмини тиббиёт ходимлари ташкил этишини назарда тутсак, ушбу вазифалар партиямиз фаоллари зиммасига алоҳида масъулият юклашини англаймиз.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида белгиланган режалар, мақсад-вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши вилоят тараққиёти учун янги ва кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Ушбу янгиланишлар жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вилоятимиздаги ташкилотлари, партия депутатлари, ҳар бир сафдошимиз фаол иштирок этишни ўз олдига мақсад қилган.

Умид ШОУМАРОВ,

халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати

 

Янги имкониятлар янгиланишларга замин бўлмоқда was last modified: Январь 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »