Юртни ардоқлаш энг муқаддас бурчимиз

24 Январь, 12:10 • Бухоро вилояти, Ёш адолатчилар, Янгиликлар • 56 марта кўрилди • Комментариев к записи Юртни ардоқлаш энг муқаддас бурчимиз нет

Мамлакатимизда ҳар йили 14 январь санаси “Ватан ҳимоячилари куни” миллий байрам сифатида кенг ва тантанали равишда нишонланиб келинмоқда. Бу бежизга эмас. Она юртимиз, халқимиз, келажак авлод эгаларининг тинчилиги ва хотиржамлиги Қуролли Кучларимиз томонидан шарафли ҳимояланар экан, уларни қанча эъзозласак арзийди. Юртимиз тараққиёти йўлида ўзларининг муқаддас бурчларини адо этиб келаётган ўғлонлар бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир.

Шу муносабат билан республикамизда бир ой давомида “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” кенг нишонланиб келинмоқда. Бу эса ўз масъулиятли бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган, ватанимиз равнақи ва тараққиёти йўлида ҳисса қўшиб келаётган, ҳар бир хонадон тинчлиги учун ўз жавобгарлик юкини кўтара олган мард ва шижоатли ўғлонларимизга бўлган яна бир эътиборнинг юксак намунасидир.

Мана, бир ойдирки, жойларда “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” муносабати билан нишонланиб келинаётган тадбирлар барчанинг кўнглида ғурур ва ифтихор туйғусини яна бир маротаба ҳис этишга ундамоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти ҳамда Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Дилшод Бозоров ташаббуси билан партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида Бухоро Енгил саноат ва педагогика касб-ҳунар коллежида 1-,2-,3-босқич талабалари орасида “Шунқорлар” ҳарбий ватанпарварлик мусобақаси ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси остида бошланган тадбир барча қатнашчиларга катта қизиқиш ва завқ бағишлади. Уларни она юртга нисбатан янада меҳрли ва садоқатли бўлишга ундади.

“Турон арслонлари”, “Қалқон” ва “Темурбеклар” номи остида беллашган гуруҳлар 9 та шарт доирасида куч синашди. Биринчи ва иккинчи шартда ҳар бир жамоа саф тортган ҳолда ўз жамоаси, шиори ҳамда Ватан мадҳи йўғрилган куй ва қўшиқларни айтишди. Қолган шартларда эса ўзбек миллий ўйинлари, ҳарбий машқларни бажарган ҳолда ўзаро беллашишди. Иштирокчилар ҳар бир шартни шижоат ила бажарар экан, албатта, Ватан туйғуси ва мадҳи уларни янада завқлантирди.

Низомиддин Сувонов, партия Бухоро шаҳар Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти раиси:

— Партиямизнинг сайловолди дастурида ёшлар масаласига жуда катта эътибор қаратилган. Айниқса, мамалакат келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблар экан, биз келажак эгалари бунга янада эътибор билан ёндашмоғимиз даркор. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбир барчани бирдамликка чақирди. Ўғлонларимизни қатъият ва шижоат билан яшашга ундади.

Ҳайъат аъзолари ҳар бир қатнашчининг ғайратига қараб, адолат мезонига таянган ҳолда баҳолар экан, биринчи ўрин “Темурбеклар” гуруҳи қатнишчиларига насиб этди. Иккинчи ўрин “Қалқон”, учинчи ўрин эса “Турон” жамоаларига берилди.

Феруз Ҳамроев “Қалқон” гуруҳи аъзоси:

— Биз ўзбек фарзандлари ҳамиша қудратли ва кучли бўлишимиз керак. Бизнинг ота-боболаримиз доим юрт ҳимоясида юрган. Биз ҳам шундай бўлмоғимиз даркор. Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти ташаббуси билан ўтказилган тадбир барчамизга Ватанни севишни, уни чин дилдан ҳимоя қилишни ўргатди. Юртни ардоқлаш энг муқаддас бурчимиз эканлиги ҳамиша ва ҳамма вақт қалбимиздадир!

Барча иштирокчилар партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбир барчани ватанпарварлик руҳида тарбиялади.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Юртни ардоқлаш энг муқаддас бурчимиз was last modified: Январь 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »