Аҳоли саломатлиги — ижтимоий ҳимоянинг асосий негизи

2 Февраль, 10:12 • Қорақалпоғистон Республикаси, Муносабат, Янгиликлар • 89 марта кўрилди • Комментариев к записи Аҳоли саломатлиги — ижтимоий ҳимоянинг асосий негизи нет

Мамлакатимиз аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласи бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимизга ҳар томонлома сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш, етук ва баркамол авлодни тарбиялашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналишида ижтимоий соҳани ривожлантириш масаласи илгари сурилади.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси билан боғлиқ чора-тадбирлар қаторида  2017 йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинганлиги ва бунинг натижасида ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланганлиги барчамизга яхши маълум.

Тез тиббий ёрдамнинг сайёр бригадаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш кўрсаткичи 2 баравар кўпайганлиги эса, хизмат сифатининг янада ошишига имконият яратмоқда.

Лекин, соҳада ҳали-ҳануз ўз ечимини кутаётган муаммолар учраётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ушбу тизимни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари, тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти сифати ва натижадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасида илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари назарда тутилганлигини кўришимиз мумкун.

 Қарорда тез тиббий ёрдам хизматининг бирламчи соғлиқни сақлаш бўғини муассасалари билан самарали интеграциясини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўли билан тез тиббий ёрдам хизмати самарадорлигини, у томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг тезкорлиги ва сифатини ошириш масаласи муҳим вазифалар сифатида қаралмоқда.

Шошилинч ҳолатларда ташхис қўйиш ва даволашнинг янги, самарали технологияларини яратишга қаратилган истиқболли йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, уларни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш, шу жумладан, интервенцион кардиология, кардиохирургия, нейрохирургия, микрохирургия, эндовидеохирургия усулларини кенг ва тизимли равишда жорий этиш масаласи ҳам қарорда ўз аксини топган.

Бу эса ўз навбатида шошилинч ҳолатларда, инсон ҳаёти қил устида турган бир шароитда, унинг ҳаётини асраб қолишнинг барча тез зарурий чораларини кўришни мақсад қилган, вазифалар ҳисобланади.

Албатта, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш сифати малакали кадрлар билан боғлиқ, мана шулар иноботга олиниб, шошилинч тиббий ёрдам тизимининг врачлари ва ўрта тиббиёт ходимлари, илмий ва илмий-педагогик кадрларини жаҳоннинг етакчи хорижий клиникаларида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш масаласига қаратилаётган эътибор, соҳа истиқболига, халқимиз келажагига қаратилаётган эътибор саналади.

Қарорда тиббиёт муассасалари раҳбарлари шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши белгиланганлиги, соҳа ходимларининг масъулиятини янада оширишга ва фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳар томонлома ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий асослардан бири ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу қарор мамлакатимизнинг олис ва яқин барча ҳудудларида яшовчи аҳоли учун бирдек шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг тартиб-тамойилларини белгилаб берган яна бир аҳамиятли ҳужжатлардан бири бўлди.

Илҳом ПОЛВОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Амударё туман Кенгаши раиси

Аҳоли саломатлиги — ижтимоий ҳимоянинг асосий негизи was last modified: Февраль 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »